Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖЛАРНИНГ ОИЛАСИ ЭЪТИБОРДА

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида инсон, унинг манфаати, шаъни ва қадр-қиммати устувор аҳамият касб этмоқда. Бугун халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвиши билан яшаб, моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, яхши яшаш учун муҳим шароитлар яратиш ҳукуматимиз, барча давлат идоралари олдидаги долзарб вазифалардан биридир.

Мазкур ислоҳотлар натижасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, халқимиз ислоҳотларнинг натижасини бугун ўз ҳаёти мисолида кўрмоқда, бугунги кунидан мамнун бўлиб, эртанги кунига ишонч билан яшамоқда. Айни саъй-ҳаракатлар замирида "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши лозим" тамойилига амал қилинаётгани намоён бўлади.
Мамлакатимиз қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришларда, қабул қилинаётган янги қонун ва қарорларда ҳам, авваламбор, инсон манфаати устуворлик қилаётгани давлатимиз раҳбарининг доно сиёсатидан далолатдир. Қонунларимизда буюк қадриятларимиз, кечиримлилик, инсонийлик туйғулари сингдирилаётгани, адолат тамойиллари устуворлик касб этаётганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Айниқса, бугун тўғри йўлдан адашган ёхуд жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётганларнинг қонунларимизга мувофиқ кечирилиб, уларга имконият берилаётгани, айни пайтда қидирувда бўлган, профилактик назоратда турган фуқароларнинг оила аъзолари, фарзандларига кўрсатилаётган ғамхўрликни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ана шу маънода туманимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, уларни моддий ва маънавий ҳимоя қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туманда истиқомат қилувчи, айни пайтда қидирувда бўлган, жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган ёки озодликка чиққан, шунингдек, профилактик ҳисобда турган 47 нафар фуқароларнинг оила аъзолари ва ўзларига моддий ёрдам кўрсатилди. Бугунги кунга қадар ушбу хайрли ишлар давом эттирилиб, уларга 12 миллион сўмдан зиёд пул маблағлари, ўнга яқин маиший техникалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Фарзандларининг таълим-тарбияси, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида китоблар тўпламидан иборат совғалар топширилди.
Хусусан, бугунги кунда қидирувда бўлган фуқаро Меҳри Бозорованинг онаси Ҳалима Расуловага уч миллион сўм моддий ёрдам, 1 та телевизор ҳамда китоб ва озиқ-овқатлар жамланмаси берилди. Шунингдек, Фаррух Қодиров, Ўлмас Холиқов, Эркинжон Раҳимовларнинг оиласига ҳам бир миллион сўмдан, аксариятига беш юз минг сўмдан моддий ёрдам, ноутбук, дазмоллар топширилди.
- Эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етди, деди - Ҳалима Расулова. - Давлатимизнинг йўлдан адашганга тўғри йўл кўрсатиб, кечириб, ғамхўрлик қилаётгани, фарзандлар бошини силаётгани ўнгда кўрмас тушга ўхшайди. Буларнинг бошида турган Президентимизга, ҳукуматимиз раҳбарларига раҳмат, умрбод қарздормиз.
Туманимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ўз вақтида ҳал этиш бўйича тизимли ишлар давом этмоқда.

М.КАМОЛОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари
А.ЗИЯТОВ,
"Гулобод тонги" мухбири


Дата добавления: 24/05/2019 14:29;   Просмотров: 800
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку