Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИЖРО ИШИ ЮРИТИШДА МЕДИАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯСИ

Фуқаролар ўртасида юзага келадиган низоларни ҳал этиш, баҳс-мунозараларни учинчи бетараф томон иштирокида тартибга солишда Ғарб давлатлари амалиётида кенг тарқалган усулларни кенг қўллашга юртимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадида 2018 йилнинг 3 июлида Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-482-сонли Қонуни билан медиация интститути жорий этилганди. Бу институт Европа ва Америка қитъаси мамлакатларида амал қиладиган "ADL" (Alternative dispute resolution) ҳуқуқ соҳасига тегишли бўлиб, ушбу технология суддан ташқари тартибда қўлланилиши белгиланган.
Жорий йил 12 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниши билан соҳада иккита асосий реформа ўтказилиши белгиланди. Биринчидан, 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб суд ҳужжатларининг ижро қилиниши босқичида ҳам медиация институти жорий қилинди. Иккинчидан, ижро ишини юритиш ташкилий ва техник жиҳатдан такомиллаштирилиши белгиланди.
Хўш, ижро ишини юритишда медиация технологиясининг қўлланилиши нимани англатади? Суд ҳужжатларини ижро этиш жараёнида медиация тамойилларининг жорий қилиниши - инсонпарварлик қадриятларига мувофиқ киритилган янгилик бўлиб, томонлар ўртасида вужудга келувчи келишув масалаларини рационал усулда тартибга солишга кўмаклашади.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси таклифлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, у ижро тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини сўзсиз ва ўз вақтида ижро этишни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда ижро иши юритувида сансалорликка чек қўйиш мақсадида қабул қилинган.
Ушбу ҳужжат қуйидагиларни назарда тутади:
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ундирувчининг аризаси бўйича ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатга ижро иши юритишни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланади;
томонлар ўртасида ижро предметига доир келишувга келмаслик, шунингдек, томонлардан бирининг медиацияни давом эттиришдан воз кечиши ёки уни амалга ошириш муддатининг тугаши ижро иши юритишни қайтадан тиклаш учун асос ҳисобланади. Бунда медиация тартиб-таомилини такроран амалга оширишга йўл қўйилмайди;
томонлар ўртасида ижро ишининг ҳар қандай босқичида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича ижро предметига доир келишув расмийлаштирилган ҳолларда давлат ижрочиси ижро иши юритишни тугатади;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш жараёнига давлат ижрочиси ва давлатнинг бошқа органлари вакилларининг аралашуви тақиқланади.
Ижро ишини олиб боришда ташкилий ва техник жиҳатдан қандай ўзгартиришлар олиб борилиши назарда тутилган, деган савол туғилиши мумкин. Бу ўзгаришларни қуйидагиларда кўришимиз мумкин:
Ҳужжатга мувофиқ 2019 йил 1 июндан бошлаб:
ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги масала ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида ҳал этилади;
ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, мазкур ҳаракатлар қарздорнинг аризасига ёки давлат ижрочисининг ўз ташаббусига кўра кўпи билан икки марта кечиктирилади;
ижро ҳаракатларини бажаришда юзага келган масалаларни тушунтириш учун давлат ижрочиси томонидан тайинланган мутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этиши керак бўлади.
Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базасини юритади, унга тегишли маълумотлар базаси тизимлари билан интеграция қилиш йўли билан ижро органлари юритувига келиб тушган барча ижро ҳужжатлари, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар) томонидан солинган ва ундирилган маъмурий жарималар ҳақидаги маълумотлар киритиб борилади.
Ижро ҳужжатларида ундирувчи ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки телефон (мобиль) рақами (агар улар судга ёки ижро ҳужжатини берган бошқа орган (мансабдор шахс)га тақдим этилган бўлса) ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги хабарнома унинг жўнатилганлиги ва қабул қилиниб олинганлиги фактларини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобиль алоқа воситалари орқали қисқа хабар (SMS) кўринишида йўлланади.
Суд ҳужжатларини ижросини таъминлаш доирасида медиация институтининг жорий этилиши ижро босқичида томонлар келишувга эришишига ёрдам беради.

Ф.МАЖИДОВ,
Тайлоқ туманлараро
иқтисодий суди судьяси


Дата добавления: 19/04/2019 12:22;   Просмотров: 854
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку