Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲИЖОБ НИҚОБИДАГИ ОДАМЛАР

Ҳар бир ота-она фарзандига яхши шароит қилиб беришни, жигарбандларининг бировдан кам, тили қисиқ бўлишини истамайди. Аммо айрим ёшлар бундай имкониятлардан тўқликка шўхлик тарзида фойдаланади.

Пайариқ туман “Иқтисодиёт ва сервис” касб-ҳунар коллежи ўкувчиси, 17 ёшли Моҳира Маликова (исм-шарифлар ўзгартирилган)га ҳам ота-онаси барча шароитни қилиб, ҳатто қизининг қўлига “SAMSUNG Galaxy” русумли планшет ҳам олиб берган. Балки ота-она “қизим бу планшетдан электрон китобларни ўқийди”, деб ўйлагандир. Аммо бундай бўлмади. Моҳира интернет қулига айлана бошлади. Аввалига у интернет орқали ҳижоб кийган хотин-қизлар суратига ишқибоз бўлди ва уларга қизиқиб, ўзи ҳам шундай кийинишни афзал кўрди. Унинг кийинишидаги ўзгаришлардан хавотирланган коллеж раҳбарияти Моҳирани огоҳлантирди, аммо қиз бунга парво қилмади. Кийиниши ва ҳаракатларини диний эркинликка йўйди. Ўзини солиҳа қиз кўрсатгани билан планшети орқали Интернет жаҳон ахборотининг “You Tube” ижтимоий тармоғига кириб, “жиҳодий уруш” билан дунё ислом шариатларига асосланган халифалик давлатига бирлаштиришни мақсад қилган, Сурия ва Ироқ давлати ҳудудида қонунга хилоф равишда фаолият юритиб келаётган, “Ироқ ва Шом ислом давлати” халқаро террористик ташкилотининг ғоявий раҳнамоларидан ҳисобланган “Абдуллоҳ Бухорий”, “Обид қори Назаров” ва бошқаларнинг диний экстремистик ғоялари сингдирилган “mp3” шаклидаги маърузалари, хусусан “Абдуллоҳ Бухорий”нинг 07-27 дақиқали Ўзбекистон Республикасини амалдаги тадбиқ этилган давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, бузишга чақирувчи даъватлари акс этган видео лавҳаларни эшитиб, кўриб, уларни планшет хотирасига сақлаб юрган.
Моҳира Маликова 2016 йилнинг 25 май куни дугоналари бирлан Пайариқ истироҳат боғига сўнгги қўнғироқ байрамига борганда ҳам диний либосда – ҳижобда эди. Қўлида эса планшет. Бу эса ИИБ ходимларининг эътиборини тортди ва Моҳира Маликовани туман ҳокимиятига олиб боришди. Ўша ерда Моҳиранинг планшети текширилганда барчаси аён бўлди. Тинчгина ўқиб юрмаган қизнинг иши судга оширилди ва Моҳира Маликова барча қилмишига иқрор бўлди.
Суд ҳайъати Моҳира Маликованинг ҳали вояга етмаганлиги, планшетидаги материалларни бошқа ҳеч кимга тарқатмагани ҳисобга олиниб, унга энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жарима ҳамда икки йиллик қатъий синов муддати белгиланиб, ИИБ назоратига олинди...

Х. САФАРОВ


Дата добавления: 11/08/2017 17:43;   Просмотров: 1367
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку