Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИБРАТЛИ УМР

Инсон умри аслида йиллар эмас, қилган амаллари билан ўлчанади. Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, улар қанча йил умр кўрганликлари эмас, балки қандай яшаганликлари боис, бу дунёдан ўтсалар-да, хотираси инсонлар қалбида абадий яшайди. Мана шундай қалби дарё, саховатли, ниҳоятда доно ва зукко шахс сифатида оилада, жамоада, маҳаллада, қариндош-уруғлар орасида обрў-эътибор қозонган Солехон Носиров ўзининг қисқа умри давомида бой ҳаётий тажрибаси билан ҳаммага ибрат намунаси бўлди. У кишининг вафот этганига ҳануз ишонмайман. Гўё бу камтарин инсон менинг наздимда дам олишга ёки хизмат сафарига кетгандай.

Солехон Носиров 1958 йилнинг 7 июлида Рустам қишлоғида оддий деҳқон оиласида таваллуд топди. Азизхон ака, Каримхон ака, Толибхон ака опалари Мавлудахон, Мавжудахондан кейин у энг кенжа ўғил эди.
Солехон Носиров ўрта мактабни муваффақиятли тугатиб, Самарқанд кооператив техникумига ўқишга кирди. Йигитлик бурчини ҳарбий флотда ўтагандан сўнг, иш фаолиятини дастлаб туман коопторгида оддий ҳисобчиликдан бошлади. Солехоннинг ишга чанқоқлигини сезган ташкилотнинг бош ҳисобчиси Тамара Салоҳиддинова (жойи жаннатдан бўлсин) унга ҳақиқий устозлик қилди. Бухгалтерия ҳисобидан етарли ва пухта сабоқ олган Солехон ака Носиров кейинчалик туман умумий овқатланиш корхонасига ҳисобчи лавозимига тайинланди. Мазкур ташкилотда узоқ йиллар, аниқроғи 1996 йилгача бош ҳисобчи лавозимида виждонан самарали фаолият кўрсатди. Туманнинг собиқ ҳокими Раҳима Ҳакимова ва туман "Матлуботсавдо" акционерлик жамияти собиқ раиси Шоди Юнусовларнинг (уларнинг жойлари жаннатдан бўлсин) тавсиялари билан туман умумий овқатланиш корхонаси директори лавозимига тайинланди ва бу вазифада умрининг охиригача, яъни 2019 йилнинг 7 февралигача фаолият олиб борди. Шу йиллар давомида қалби покиза Солехон ака кўплаб шогирдларни тарбиялади, устозлик мақомини олий даражада бажарди. Солехон ака билан бир марта ўтириб гаплашган одам унинг суҳбатидан тўймас эди, ниҳоятда зукко қалб эгаси ўзининг ҳаётий тажрибалари асосида ҳаммага ўрнак бўлди. Шахсан мен бу олижаноб, қалби дарё, юзидан доимо нур ёғилиб турадиган эшон бобо билан 36 йил бирга ишладим, у кишининг доно насиҳатларидан баҳраманд бўлдим. Айниқса, тўй-маърака маросимларини ўтказиш бўйича бу инсоннинг оқилона маслаҳатлари, ўгитлари ниҳоятда пухта ва сермазмун эди. Оилада ҳам меҳрибон ота сифатида уч нафар фарзандни муносиб тарбиялаб вояга етказди. 10 нафар суюкли невараларнинг ардоқли ва севимли бобожониси эди. Обрў-эътиборли инсонлар билан қуда-анда, маҳаллада энг намунали оила соҳиби эдилар, раҳматли эшонбобо. Мен Солехон акани худди туғишган акамдай кўрардим. Начора, ҳаётда ҳаммамиз омонатмиз. Айни кунда Солехон ака Носировнинг ишларини Абдурозиқ Маърупов, ўғли Раҳимхон Носиров, жияни Акмалхон аъло даражада давом эттирмоқдалар. Қисқа умри давомида барчанинг кўнглидан муносиб жой эгаллаган фариштасифат бу инсоннинг ёди унинг оиласи, жамоаси, маҳалласи, қариндош-уруғлари хотирасида мангу яшайди.

Илҳом МУЗАФФАРОВ,
Хожа Аҳрор Вали маҳалла фуқаролар йиғини раиси


Последнее редактирование: 14/02/2020 12:58;   Просмотров: 780
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку