Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддаси.
Халқимиз асрлар давомида орзу қилган Мустақилликка эришдик. Ўзбекистон ниҳоят том маънода суверен демократик Республика бўлди. 1992 йил 8 декабрда Мустақил давлатнинг, халқимизнинг хоҳиш- иродаси, унинг жамият қурилиши, фуқароларнинг эрк ва ҳуқуқлари акс этган конституция қабул қилинди.
Ушбу кун Республикада умумхалқ байрами куни деб эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 25 ноябрдаги 571-Ф рақамли Фармойиши билан Конституция куни юртимизда кенг нишонланмоқда. Унга асосан туман ҳокими ҳам махсус фармойиш чиқарган. Мана бу йил биз мамлакатимизда Қомусимиз қабул қилинганлигининг шонли 25 йиллигини нишонлаймиз.
Яқинда туман ҳокимининг қабул қилган қарорига мувофиқ байрамга тайёргарлик кўриш, уни умумхалқ шодиёнаси сифатида нишонлаш юзасидан тегишли тадбирлар белгиланди. Шу муносабат билан ҳозир жойларда тантанали йиғилишлар, адабий кечалар ўтказилмоқда. Фаол иштирок этаётган кишилар иқбол қомусининг ўз вақтида қабул қилинганлигини таъкидлаб, бу байрамни яхши кутиб олиш чораларини белгилаётирлар.
Биз, Мустақиллигимизни қанчалар улуғласак, Конституциямиз қадрини ҳам шунчалар баланд тутишимиз лозим. Чунки, у бизга–инсонларга хизмат қилади. Умуман, жамики дунёвий қадриятлар орасида энг улуғи - Инсон экан, Конституциямизда шу муқаддас тушунча илгари сурилган, яъни ҳамма нарса инсон учун, инсон манфаати учун.
Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.