Самарқанднинг Конигил мавзесида Соҳибқирон Амир Темур невараларининг тўй тантаналари учун қад ростлаган кўплаб чодирлар орасида икки чодир алоҳида ажралиб турарди. Чодирнинг атрофи, тепа қисмлари оқ ва камалак ранг матолардан тикилган бўлиб, кўзни қамаштирар, уни кўрган кишини беихтиёр ўзига мафтун қиларди. Испания Қироллиги элчиси Руи Гонсалес де Клавихо буни кўриб, қаттиқ ҳайратланади. Элчи беихтиёр "агар чодирнинг ташқи кўриниши шундай чиройли бўлса, ичкариси қандай безатилган экан?" деб юборади...
Руи Гонсалес де Клавихо ўзининг "Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар" асарида шундай ёзади: "Тўй муносабати билан ўрнатилган чодирларнинг сони шунчалик кўп эдики, хатто, уларни санаб адоғига етиш қийин эди".
Қадимий цивилизация бешикларидан бири бўлган юртимизнинг ҳар бир гўшаси ўзига хос тарихга эга. Шаҳар ва қишлоқларимизда бой тарихимиздан далолат берган меъморий обидалар, қадимий шаҳарларимиз халқимизнинг беқиёс яратувчилик ва бунёдкорлик салоҳиятининг кўзгусидир.
Ҳа, ўзбек халқи ўзининг ана шундай бой ва бебаҳо маданий меросига эга. Мамлакатимизда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган юксак эътибор самарасида бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Қадимий анъаналаримиз замонавийлик билан уйғунлашиб, ҳунармандчиликнинг янги турлари яратилмоқда.
Самарқанд шаҳрининг жанубида Ҳаймар кишлоғи бор. Бу номнинг келиб чиқиши халқимиз миллий ҳунармандчилигининг ноёб намуналаридан бири чодирдўзлик билан бевосита боғлиқ. Бу касб эгаларини қадимда "хаймачилар" ("хайма" сўзи араб тилида "чодир" маъносини англатади) деб аташган. Қишлоқ ахли ўтмишда чодирдўзлик ҳунари билан шуғуллангани учун ҳам шундай ном олган.
Чодирлар, илгари, асосан, ҳарбий юришларда дам олиш ётоғи, шаҳарлар атрофида ташкил қилинадиган катта-катта сайиллар ва тўй-томошаларда меҳмонлар учун енгил ва ихчам мехмонхона, чўпонлар учун бошпана вазифасини ўтаган. Чодир кўчма уй ҳисобланиб, мавсумий олиб юриш ҳамда ўрнатиш учун жуда қулай бўлган.
Чодирлар шароит ва эхтиёжга кўра, ҳажми ва шакли жихатидан турлича бўлиб, асосан, махсус қалин бўз матодан тайёрланади. Айниқса, сафар чодирларининг матоси нихоятда пишиқ бўлиши, ҳарбий юришларда, узоқ ва машаққатли йўлларда, иссиқ ва совуққа, ёғин-сочинга бардош бериши инобатга олинган.
Асосан икки қисм - девор ва томдан иборат чодирлар тезда йиғиштириш ва тиклашга мўлжалланиб тайёрланган. Узоқ худудларга бирга олиб юришга қулай бўлиши учун чодирдўзлар устунларни мустаҳкам ва енгил қоратол ёғочларидан тайёрлаган. Чодир деворларининг ташқи томони қалин бўз матодан тикилган. Ички томондан эса ясси ёй шаклидаги ингичка ёғоч устунлардан фойдаланилган. Ёғочлар силжиб кетмаслиги учун, атрофлари игна-ип билан тикилиб, тепа ва пастки қисмларига чарм ўрнатилиб, мустаҳкамланган.
Чодирнинг том қисми квадрат ёки думалоқ шаклда, бурчакларидан диогонал тарзда марказга тўртта ёғоч кегайлар ўрнатилган. Ўрта қисмига чармдан бириктирувчи мосламалар тикилган ва у тиргак вазифасини ҳам ўтаган. Чодир ўрнатилган жойида мустаҳкам туриши учун унинг тўрт бурчагидан арқон билан тортиб, ерга қоқилган қозиқларга боғлаб қўйилган. Бунинг натижасида чодир бўрон ва шамолга дош берадиган мустаҳкам кўналғага айланган.
Айтиш жоизки, чодирларнинг ички бўз девори меҳроб шаклидаги безак композициялар, шойи, адрас, сурп матоларидан фойдаланиб, қуроқчилик услубида нақшланган. Том қисми ҳам деворлардагидек қуроқ услубида безатилган. Аввало, безаклар чодирнинг ички кўринишини шохона ва бежирим кўрсатиб, инсон рухиятига кўтаринкилик бахш этган.
Тарихий манбаларда чодир билан боғлиқ кўп маълумотлар келтирилган. Масалан, "Зафарнома", "Бобурнома" каби асарларда даврга хос бўлган чодирларни миниатюрачи мусаввирлар чизиб қолдирган. 1887-1888 йилларда Марказий Осиёга саёхатга келган рус сайёхи Л.Дмитрий-Кавказский "Чодир чиройли, тўртбурчак, ташқи томони тўқ яшил рангли каноп матоли, ички томонининг атрофи адрас (Бухорода тўқиладиган ярим шойи рангли газлама), нақш безакли, ёрқин рангли, икки тарафидаги эшигидан шабада эсиб туради" деб ёзади. Ҳозирда ушбу ашёлар Санкт Петербург шахридаги давлат эрмитажида сақланмоқда.
Мамлакатимизнинг кўплаб музейларида, жумладан, Ўзбекистон давлат санъат музейида XIX асрнинг 70-йилларига оид ноёб қимматли буюм - Бухоро миллий ҳунармандчилик санъатига хос бўлган чодир сақланмоқда. Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфидаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида эса иккита - XVII аср охири XIX аср бошларига оид чодирлар мавжуд. Чодирларнинг ташқи бўз матоси яшилтоб рангда, интерьери тўласинча шойи, адрас мато қуроқлари билан зеб берилган.
Мухтасар айтганда, чодирдўзлик санъати халқимизнинг - бой ва бебахо маданий мероси, миллий ҳунармандчилигининг ёрқин намунаси. Юртимизда бугун ҳам чодирдўзлик билан шуғулланаётган чеварлар талайгина. Айниқса, ёз жазирамасида чекка, тоғли худудларга бориб қолгудек бўлсангиз, албатта, чодирга кириб, бир пас тин олинг. Ана шунда аждодларимизнинг ақл-заковатига, улар қолдирган бебаҳо мероснинг нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканина яна бир бор амин бўласиз.
Ғуломжон ТОҒАЕВ,
туман касб-ҳунар мактаби директори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.