Ўзбекистон Халқ таълимининг янги вазири Бахтиёр Саидов вилоятларга қилган сафарларидан олган таассуротлари билан бўлишди. Вазир жойларда фан ўқитувчиларининг билим ва савиясини ошириш кераклигини алоҳида қайд этиб, уларнинг баъзилари, ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмаслигини тилга олган.
“Тўғри, мактабда шароит йўқ дерсиз, лекин ўқитувчи ўша ерда вақтини кетказиб ўтирибди-ку, жонкуярлик бўлмаса нима қилади бу касбни танлаб?! Унинг қўлида инсон тақдири ётибди! Мактабларда шароит, инфратузилма яхшиланишини кутсак, болаларни йўқотамиз.
Менга келган мурожаатлардан кўриниб турибдики, жойлардаги айрим мактабларда муҳит яхши эмас. Мазкур мактаблардаги муҳитни яхшилашга ҳатто ҳудуд халқ таълими раҳбарининг ҳам кучи етмаяпти.
Ўқитувчилар ўз мурожаатларида мени мактабларига бориб, шароитни ўрганишга таклиф қилган. Қани эди, ҳамма мактабларга бирданига боришга имконим бўлса ҳар бирининг ҳолатини ўрганиб, шахсан назоратга олардим. Бунга вақт керак, лекин албатта ҳаммасига борамиз. Бу йўналишда ҳудудий раҳбарлар билан тизимли иш ташкил қилишга келишиб олдик. Ҳудуд раҳбарларининг масъулиятини ва ваколатини янада оширамиз”, дейди Саидов.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.