Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ГУЛЧИ МУАЛЛИМ

Саидмурод ака ўзи парваришлаб ўстирган ва айни пайтда гулзорда яшнаб турган атиргулларга суқланиб қараркан, набираси узатган бир пиёла иссиқ чойдан ҳўплади. Кейин қўлига токқайчини олиб боғчасида тарвақайлаб, шохлаб кетган новдаларни кесиб, тартибга келтирди.

1938 йилнинг айни ёз пайти. Ёш Саидмурод Самарқанд шаҳридаги 31-ўрта мактабнинг еттинчи синфини битириб, таътилга чиққан эди. Ўшанда отаси Илёс боғбон кўплар қатори Фарғона канали қурилишига жўнаб кетганди. Онаси Фароғат опа тақдирга тан бериб, эри меҳнат сафаридан қайтгунча болаларини оқ ювиб-оқ таради. Саидмурод онасига эргашиб собиқ «Қизил Октябрь» (ҳозирги «Ўзбекистон») колхозига чиқиб, дала ишларида кўмаклашди. Колхозчилар билан мева-сабзавот терди. Ишдан ажралмаган ҳолда ўқиди, ўрта маълумотли бўлди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда, аниқроғи 1947 йили Саидмурод Илёсов Самарқанддаги педагогика билим юртига ўқишга кирди. Бу ерда у бутун куч-қувватини билим олишга, тажриба орттиришга қаратди. Билим юртида ўтказиладиган турли тадбирлар, маънавий-маърифий йиғилишлар, учрашувларда фаол иштирок этди. Ниҳоят, дипломни олгач, Самарқанд туманидаги 60-сон ўрта мактабда ўқувчилар етакчилигидан илк меҳнат фаолиятини бошлади. Орадан тўрт йил ўтгач тумандаги энг обрўли, намунали 21-ўрта мактабга ишга ўтказилди. Бу ерда у бош вожатий (етакчи) вазифасида ишлади. Энг аввало мактабдаги мавжуд тўгараклар фаолиятини йўлга солди. Тарбияси оғир, дарс қолдириб, кўча-кўйда санғиб юрадиган ўқувчилар билан алоҳида тарбиявий иш олиб борди. Натижа кутилганидан ҳам зиёда бўлди. Футбол ва волейбол мусобақаларида тарбияси оғир ўқувчилардан тузилган жамоа туманда 1-ўринни эгаллади. Фан олимпиадаларида, кўрик-танловларда ҳам фаол қатнашиб, фахрли ўринларга эга бўлишди. Шу билан болаларнинг илмга, спорт ва фан тўгаракларига бўлган қизиқиши орта борди.
Кўп ўтмай уни 29-мактабга ишга ўтказишди. Бу ерда ҳам шу лавозимда ишлаб, ўқувчи-ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни кучайтирди.
Саидмурод Илёсов кўпдан бунё кўнглида тугиб юрган режа «Ўлкашунослик музейини» ташкил этиш йўлида астойдил изланди. Музейга ўқитувчи ва ҳатто ўқувчиларни жалб этди. Бундан воқиф бўлган Рустам қишлоқ маҳалласи атрофида яшовчи аҳоли уйларида сақланаётган ҳар хил қадимий нарсаларни музейга келтириб топширабошладилар. С.Илёсов эса музей мудири сифатида аҳолидан қабул қилиб олган буюмларни махсус дафтарга қайд этиб борди. Тез орада махсус хонада ташкил этилган музейда XV-XIX асрларга тааллуқли бўлган кулолчилик, кийим-кечак, тангалар, металл буюмлардан иборат 500 та экспонат жамланди. Мазкур экспонат буюмларни бутун туман аҳли келиб томоша қилишарди. Музей туман халқ таълими бўлими ҳисобига ўтказилди. Музейдаги экспонатлар сони кун сайин ошиб бораверди.
Саидмурод Илёсов бу билан чекланиб қолмади. У мактаб қошида радиоузел ҳам ташкил этди. Радиоузел орқали турли хабар, янгиликлар бериб бориладиган бўлди. Ҳафтанинг душанба куни эса ҳафта сарҳисоби тайёрланиб, илғор ва қолоқ синфлар ва ўқувчилар ҳақида маълумотлар бериладиган бўлди. С.Илёсов ҳовлисида иссиқхона ҳам ташкил этди. Бу ерда анвойи гуллар. Кавказ ва тоғ лолалари ва бошқа декоратив ўсимликлар етиштирадиган бўлди. Бу гуллардан мактаб ҳовлисига ҳам ўтқазди, ҳатто, Рустам қишлоғи маҳалла марказига ҳам ушбу гуллардан экиб чаманзорга айлантирди. Хуллас, ота касби боғбонлик билан шуғулланди. Ўзи истиқомат қиладиган Ғ.Ғулом номли маҳалла марказида ҳам боғ ташкил этиб, ҳар хил гуллардан келтириб экди ва парваришлади.
Саидмурод ака Илёсов қарийб ярим асрлик умрини таълим-тарбияга бағишлади. Қанчадан-қанча шогирдлар етиштирди. Файзулло Нарзуллаев, Сарвинисо Нарзуллаевалар халқ таълим ходими ҳамда моҳир мухбир ҳисобланишса, Амрилло Нуриллаев мактабда меҳнат таълими ўқитувчисидир. 86 ёшли Саидмурод Илёсов ҳозирги кунга қадар «Гул ифори» ҳамда «Гулдаста» номли шеърий китоблар муаллифидир. Ҳали ҳам ижод билан шуғулланади. Бундан ташқари «Гулобод тонги», «Самарқанд», «Зарафшон», «Овози Самарқанд» туман, шаҳар ва вилоят газеталарида шеър, мақолалари билан қатнашиб туради.
Отахон Ғафур Ғулом маҳалласининг фаолларидан ҳисобланади. Яраштириш комиссияси аъзоси сифатида маҳалла фуқаролари ўртасида оила муқаддаслиги, «фарзанд ширин, одоби ундан ширин», «оталар сўзи, ақлнинг кўзи» каби мавзуларда тушунтириш ишлари, олиб боради.
Шунингдек, тўй-маъракаларни камхарж, камчиқим, исрофгарчиликсиз ўтказиш учун жон койитади.

Олимжон ҒАФУРОВ
Зоҳир ҲАСАНЗОДА


Дата добавления: 09/05/2018 14:44;   Просмотров: 1076
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку