Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ БИРГА КУРАШАЙЛИК!

Ҳозирги вақтда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди. Бежизга уни "аср вабоси" деб сифатлашмаган. Тарихий маълумотларга кўра, гиёҳвандлик, афюн истеъмол қилиш милодий ўн учинчи асрда муғуллар истилоси чоғида улар томонидан дунёнинг кўплаб мамлакатига тарқатилган. Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг "Фатвои Кабир"ида айтилишича, "Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил касалликларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади". Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, жамиятга қўшилмайдиган, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.

Жумладан, ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар етказишини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлик жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун хам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чикилди ва ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Давлатимизнинг оқилона сиёсати фуқаролик жамиятининг ҳар томонлама комил, соғлом, олийжаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турадиган намунали жамият бўлишига қаратилган. Мана шу халқчил сиёсатга асосланган давлатимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормокда. ОАВ орқали дунёда "аср вабоси" деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлигига зарари ва унинг аянчли оқибатлари хақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда.
Ҳозирги вақтда ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши бутун чоралар билан кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди. Бу ишдан ҳар биримиз четда турмаслигимиз, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришимиз, уларда соғлом турмуш тарзи ва гўзал одоб-ахлоққа бўлган эҳтиромни мунтазам тарғиб қилишимиз зарур.

Садриддин Абдурашидов


Дата добавления: 14/02/2020 12:50;   Просмотров: 752
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку