Орамизда шундай инсонлар борки, боши тошга тегса ҳам, бир қамалиб чиқса ҳам ўзига тегишли хулосани чиқара олмас экан. Улар учун кўнгил майлидан бошқа ҳеч нарса муқаддас ёки қадрли бўлмас экан. “Ўрганган кўнгил ўртар” деганларидек, улар қилган жиноятларини қайта такрорлайверишар экан.
Самарқанд вилояти Ургут туманига қарашли Терак қишлоғида яшовчи бир гуруҳ кимсалар жиноий тил бириктириб жуда хавфли ишга қўл уришди. Ҳайдар Собиров (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) бошчилигидаги бу гуруҳ Ургутнинг Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Панжакент туман Шўрнаво қишлоғи билан чегара ҳудудида тожикистонлик Райимберди исмли шахс орқали Шаҳоб исмли кимсадан 24 килограмм (!) опий гиёҳвандлик моддасини олиб, Насим, Шуҳрат исмли шахсларнинг ёрдами билан Ўзбекистонга олиб ўтишади. Ўтказилган юкни Сарвар Каримовнинг машинасида 100 АҚШ доллари эвазига Терак қишлоғига етказилади ва Ҳайдар Собировнинг уйига жойлаштиришади. Ҳайдар Собировнинг уйида Сарвар Каримов, Ботир Қаюмовлар Тожикистондан 48 000 АҚШ долларига сотиб олинган 24 килограмм опийнинг килосини 7000 доллардан сотиш режаси тузилади. Шу ернинг ўзида 8 килограмм опий 56000 долларга сотилади. Ҳайдар Собиров қолган гиёҳванд моддани ҳам сотиши керак эди. Энди мижозларга килолаб, ҳатто граммлаб ҳам сотаверади. Масалан, Мирза Суннатовга 300 граммни 2100 долларга сотади. Энг даҳшатлиси Ҳайдар Собиров 12.700 грамм опийни энди 20 ёшли йигит Ихтиёр Маллаевга ўтказган.
Шу тарза оғуфуруш Ҳайдар Собировнинг тижорат қамрови кенгайиб кетади. У ҳатто 2015 йилнинг охирида ўзига янги жиноий шериклар топади ва уларнинг бири – Баҳора Насимовага ҳам 20 ёшли Ихтиёр Маллаевда қолган тахминан 4 килограмм опийнинг 971.74 гарммини 7000 долларга сотади. Ишга аёл аралашгач, ҳаммаси чаппасига кетади. Чунки, Баҳора Насимова қўлидаги 7000 долларга сотиб олган оғу сотиб бериш учун Дилбар исмли аёлга 8000 долларга таклиф қилади. Дилбар эса уни олиб, Ички Ишлар ходимларига мурожаат этади. Оқибат, ғишт қолипдан кўчади...
Ички ишлар ходимлари томонидан тузилган тезкор гуруҳ Ҳайдар Собиров бошчилигидаги жиноий тўдани далилий ашёлар билан қўлга олади ва ишлар судга оширилади. Одил судда барча қилмишлар фош этилди ва Ҳайдар Собировга 15 йилу 1 ой, унинг энг катта шериги, Тожикистондан опийни бирга олиб келган Ботир Қаюмовга 13 йилу 3 ой, 24 килограмм юкни 100 доллар эвазига машинасида Терак қишлоғига олиб келган ва савдода қатнашган Сарвар Каримовга 7 йил, Мирза Суннатовга 10 йилу 6 ой, 20 ёшли Ихтиёр Маллаевга 10 йилу 6 ой, Баҳора Насимовага 7 йилу 6 ойлик қатъий қамоқ жазоси тайинланди.
Оиласи ва яқинларини бундай иснодга қўйган бу кимсаларга эркин ҳаёти, турмуши, болалари билан бир дастурхон атрофида яйраб ўтириши ёқмасмиди, ё ортиқчамиди? Ё улар шунчалар нафсига қулмиди? Нафсига қуллик эса инсонни жар ёқасига олиб келади. Азизлар, жарга яқин юрманг, фалокатга йўлиқасиз!
Х.САФАРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.