Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноятлар аҳоли соғлиғига, жамиятнинг иқтисодий ва маънавий негизига жиддий таҳдид солади, оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, бошқа ижтимоий муаммолар келтириб чиқаради.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан ноқонуний муомала қилиш деганда, уларни қонунларда белгиланган шарт ва тартибни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (олиб чиқиш) транзит тарзида ўтказиш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, олиш, ташиш, жўнатиш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улардан фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш тушунилади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ўтказиш мақсадини кўзламай оз миқдорда ғайриқонуний равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун айбдорлар барча ҳолларда маъмурий жавобгарликка тортиладилар. Агар мазкур ҳаракатлар ўтказиш мақсадини кўзлаб содир этилса, қилмиш Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 1-қисми билан квалификация қилинади.
Мазкур модданинг 1-қисмида назарда тутилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш деганда, уларни турлича усулда ҳақ эвазига ёки текинга (сотиш, ҳадя этиш, алмаштириш, қарзи эвазига ёки қарз сифатида ва ҳ.к.) бошқа шахсга бериш тушунилиши лозим. Бунда воситалар, моддалар, ўсимликлар шахс томонидан бевосита ёки бошқа (масалан, улар сақланадиган жой ҳақида хабар бериш, шартлашилган жойга қўйиб кетиш) усулда амалга оширилиши мумкин.
Бир шахс томонидан бошқасига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни инъекция (укол) қилиш, агар мазкур восита ёки модда истеъмолчининг ўзига тегишли бўлса ва инъекция унинг илтимосига кўра қилинган бўлса, қонунга хилоф равишда ўтказиш деб баҳоланиши мумкин эмас.
Шахснинг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш учун жавобгарлик ЖК 273-моддасининг тегишли қисми билан уларнинг миқдорига билан боғлиқ ҳолда келиб чиқади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни сотиш усулида кўп миқдорда ўтказиш уларни ўтказишнинг энг ижтимоий хавфли кўриниши ҳисобланиши туфайли, мазкур қилмиш ЖК 273-моддасининг 5-қисми билан квалификация қилинади. Ушбу восита ёки моддаларни кўп миқдорда бошқа барча усулларда ўтказиш ЖК 273-моддасининг бошқа тегишли қисми билан жавобгарлик келиб чиқишига сабаб бўлади.
Айбдор томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг фақат бир қисми сотилиб, қолган қисми кейинчалик суриштирув ёки дастлабки тергов давомида аниқланса, жавобгарлик қонунга хилоф равишда ўтказиш ва қонунга хилоф равишда сақлаш учун алоҳида- алоҳида (агар мазкур восита ва моддаларни ўтказишга нисбатан қасд) аниқланмаган бўлса, уларнинг миқдорига боғлиқ равишда келиб чиқади.
Шахснинг гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни анча, кўп, жуда кўп миқдордаги чет эл валютаси эвазига ўтказишга қаратилган ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖК 177-моддасининг тегишли қисми билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди, чунки мазкур модда валюта қимматликларини тўлов воситаси сифатида эмас, балки ушбу қимматликларнинг ўзини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун жавобгарликни назарда тутади, бундан ташқари, шахснинг ғараз мақсадда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ниқоби остида қандайдир бошқа восита ёки моддаларни ўтказишда ифодаланган ҳаракатлари фирибгарлик сифатида, олувчининг ҳаракатлари эса гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда олишга суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак.
Шунингдек, агар шахс гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни олувчига, аслида мазкур восита ёки моддаларнинг эгаси бўлган бошқа шахснинг илтимоси (топшириғи) бўйича берса, уларни бераётган шахснинг ҳаракатлари, башарти у берилаётган нарсанинг хусусияти тўғрисида аниқ билган бўлсагина, мазкур восита, моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишда биргаликдаги бажарувчи сифатида квалификация қилиниши лозим.
Айбдорда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишга (ЖК 273-моддасининг 1, 2, 3, ва 5 қисмлари) қасд мавжудлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда, бундай восита ёки моддалар ҳақиқатдан ўтказиш мақсадида тайёрлаб қўйилганлигига оид далиллар мажмуидан келиб чиқиш лозим бўлади. Бундай далилларга, масалан, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар фақат истеъмол қилинишини истисно этадиган миқдорда топилганлиги, бундай восита ёки моддалар муайян дозада (ўлчамда) қадоқланганлиги, улар ташиш ёки жўнатишда махсус махфий жойга яширилганлиги, уларни тайёрлаш учун асбоб-ускуналар мавжудлиги, экспертизанинг айбдор гиёҳванд эмаслиги тўғрисидаги хулосаси ва бошқалар киради. Иш бўйича аниқланган ҳақиқий ҳолатлардан келиб чиқиб, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 25-моддасининг 1 ёки 2-қисми ва 273- моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши керак.
Шахснинг Ўзбекистон Республикаси ЖК 270-моддаси 2-қисмининг "а" банди, 274-моддаси 2-қисмининг "а" банди, 276-моддаси 2-қисмининг "б" банди билан жиноий жавобгарлиги, у муқаддам зикр этилаётган жиноятни бирон-бир тарзда содир этганлиги учун судланган ҳолдагина келиб чиқади. Агар шахс муқаддам содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликдан озод этилган ёки судланганлик ҳолати тугалланган ёинки қонунда белгиланган тартибда олиб ташланган бўлса, қилмиш мазкур белги билан квалификация қилиниши мумкин эмас.
Қонунга мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ўз ихтиёри билан топширган шахс, агар топширилган восита ёки модда озгинадан кўпроқ миқдорни (ЖК 273-моддасининг олтинчи қисми) ёки кўп миқдорни (ЖК 276-моддасининг учинчи қисми) ташкил этмаса, суд томонидан жазодан озод қилинади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларга оид ишлар бўйича суд-кимёвий экспертиза ўтказиш айбдорликни исботлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Гиёҳвандлик воситалари психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларга оид ишлар бўйича айбдор гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан-йўлиқмаганлигини аниқлаш ва уни мажбурий даволанишга юбориш масаласини ҳал этиш учун зарур ҳолларда наркологик экспертиза ўтказилиши лозим, агар наркологик экспертиза хулосасида шахс мажбурий даволанишга муҳтож деб хулоса берилса, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 96-моддасида мувофиқ шахсга нисбатан гиёҳвандлик ёки заҳарвандликдан мажбурий даволаниш белгиланиб, бунда мажбурий даволаниш нафақат озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан, балки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган маҳкумларга ҳам умумий асосларда тайинланиши мумкин.
Тайёрлади Г.АҲРОРОВА,
туман молия бўлими бош юристконсульти
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.