ундан ёшларимизни асрайлик!
Инсон ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади, лекин, яхшилик ва ёмонлик тушунчаларига инсонлар турлича таъриф берадилар.
Баъзи инсонлар яхши деб ҳисоблаган ишлар бошқалар наздида ёмон ёки аксинча бўлади. Ислом дини таълимотида ниманики яхши деб буюрилган бўлса, яхши, ниманики ёмон деб қайтарилган бўлса, ўша нарса ёмондир. Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда ҳаётига зарар етказишликка сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб, ўша нарсалардан инсонларни қайтарган, улар учун у нарса ҳаром деб айтилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир. Аллоҳ таоло "Аъроф" сурасининг 157-оятида "У (пайғамбар) уларни(инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...", дея марҳамат қилади. Гиёҳванд моддалар инсонни ўта ялқов, кам ғайрат, атрофида бўлаётган ҳодисаларга эътиборсиз бўлишига сабаб бўлади. Кўзни хиралаштиради, тишларини сарғайтиради ва вақтидан олдин тўкилиб кетишига олиб келади. Барчага маълумки, инсоннинг бахт-саодати унинг ақл-идроки билан боғликдир. Инсон ақл билан ўзига зарарли ва фойдали нарсаларни ажратади. Гиёҳванд моддалар эса инсон жавҳари бўлмиш ақлдан мосуво қилади. Аллоҳ таоло инсонни ақли туфайли бошқа махлуқлардан афзал қилиб яратди. Шунинг учун ақлига путур етказувчи ҳамма нарсаларни ҳаром қилди, ман этди.
Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонига қасд қилмасликларига, шунингдек, ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охир оқибатда ўлимга олиб келадиган моддаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига қасд қилган бўлади. Ҳадиси шарифда "Ҳар ким ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат куни дўзахда унга ўша билан азоб берилади", дейилади. Гиёҳвандликка сарф этиладиган харажатлар шахсга ҳам, жамиятга ҳам иқтисодий зарар келтириши билан бирга у исрофгарчиликка киради. Бу моддаларни истеъмол қилишлик мол-дунё ва бойликнинг исроф бўлишига олиб келади.
Исроф эса Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукми билан ҳаром қилинган бўлиб, у инсонни хор-зорликка элтади. Гиёҳванд моддалар зарарларини илмий тадқиқотлар ҳам исботламокда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар аста-секин оғир касалликларга йўлиқишлари ва ички аъзоларида тузатиб бўлмас оғир хасталиклар пайдо бўлиши шулар жумласидандир. Гиёҳванд моддалар киши меъдаси, жигар фаолиятига салбий таъсир қилади, ўпкасини ишдан чиқаради. Шунингдек, у инсон асабига ва шу орқали инсонда кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қаттиқ-юмшоқни, ширин-бемазани сезиш хусусиятлари йўқолишига олиб келади.
Жамиятга етказадиган зарарлари эса беҳад кўп бўлиб, гиёҳванд кимсада аввало ўзига, сўнг оиласи, касби ёки ўқишига нисбатан қизиқиш, аҳамият ва диққат ҳислари қолмайди. Айниқса, ишлаб чиқаришда тараққиётнинг асосий кучи бўлмиш ёшларнинг гиёҳвандликнинг биринчи навбатдаги қурбони бўлиши жуда ҳам аянчли ҳолдир. Гиёҳвандлик шахс ва жамият ўртасидаги муносабатни бузишга олиб келади. Дарҳақиқат, буни бугунги ҳаётимизда ҳам тез-тез учратиб турамиз. Гиёҳванд кишилар қавму-қариндошидан, гулдай фарзандларидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, улардан аксар ҳолларда майиб - мажруҳ фарзандлар туғилаётгани ҳаётда учраётган ҳақиқатдир. Гиёҳванд моддалар ҳаром бўлгач, уни сотиш ҳам, тижорати ҳам, олинган фойдаси ҳам ҳаром ҳисобланади.
Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз (с.а.в) Эй, Парвардигоро! Мени кексайиб қолган чоғимда ризқу-рўзимни кенгроқ қилгайсан", деб дуо қилганлар. Киши ёшлигиданоқ қарилик ғамини ейиши, ўзини ичкилик ва гиёҳвандликдан асрашлиги, қариганда хор-зор бўлиб қолишдан сақланиши жуда ҳам лозим эканлигини ушбу ҳадис мазмунидан англаш қийин эмас.
Гиёҳвандлик балосидан келажак авлодни халос этиш, юртимиз ободлиги, шунингдек, халқимизнинг моддий ва маънавий фаровонлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.
Т.ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.