Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ГЕОГРАФИК НОМЛАР-МОЗИЙ КЎЗГУСИ

Мустақиллик шарофати билан тарихимиз, миллий қадриятимиз, маънавий ҳаётимиз, урф-одат ва анъаналаримизга янгича, эркин нуқтаи назар, ёндошув ҳамда муносабат шаклланди, қарор топди. Юртимиздаги географик номлар ҳам бундан мустасно эмас.

Бутун ер юзига фикран назар солсангиз, миллардлаб географик номларга дуч келасиз. Агар дунёдаги барча катта-кичик жойлар номини қаламга олсак, чексиз рақамлар юзага келарди. Олимларимизнинг ҳисоблашларича серқуёш юртимизнинг ўзидагина 17 минг қишлоқ ва аҳоли яшайдиган пунктлар маълум. Асрлардан, аждодлар тафаккуридан, харобалар, сой ва ариқлар, қир-адир, боғу роғларни айтмайсизми? Ана шу жойларнинг номлари, уларнинг тарихи ва келиб чиқиши билан топономика фани қизиқади. Бу фан ўз тадқиқот объекти билан маълум тарихга эга. Ўтмишдаги олимларимиз жой номларининг келиб чиқиши, тарихий ўзгариши, маъно-моҳияти билан қизиққанлар ва улар ҳақида ўз фикрларини асарларида қайд этганлар. Бунда Ўрта Осиё олимларидан Беруний асарлари, Маҳмуд Қашғарийнинг “Девони луғатиттурк”, Наршахийнинг “Бухоро тарихи”, “Бобурнинг” “Бобурнома” ва турли даврларда яшаган кўпгина географ-тарихчилар, тилшунослар, тадқиқотчи сайёҳларимизнинг қимматга молик асарлари мисол бўла олади.
Жумладан, академик Я.Ғуломовнинг Нурота, Жиззах, Илонўти ва бошқа жойлар ҳақидаги мақолалари, Ҳ.Ҳасанованинг “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан”, “Ўртаосиёлик географ ва сайёҳлар”, “Географик номлар имлоси”, “Географик терминлар луғати” ва бошқа илмий асарлари, С.Қораев, М.Тешабоевларнинг “СССРдаги географик номлар луғати” сингари асарлари юзага келди ва олий ўқув юртларда (шу жумладан СамДУда) қадимги жойлар бўйлаб топономик экспедициялар уюштирилди. Ўзбекистон топономияси бўйича диссертациялар ёзилади. Ушбу сатрлар муаллифи ҳам ўтган асрнинг 70-йиллари Самарқанд туманининг айрим тарихий жойлари хусусида тайёрлаган илмий маърузаси билан Фарғона шаҳрида ўтказилган “Республика олий ўқув юртларининг иқтидорли студентлари илмий-ижодий ишлари” анжуманида фаол қатнашиб мукофотланган эди.
Ўша йиллар таниқли топонимшунос олим С.Қораевнинг “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Географик номлар маъносини биласизми?” номли топономик лағати соҳа илмий доиралари, мухлислар диққат-эътиборига тушди. Луғатда асосан Ўзбекистондаги жой номлари ҳақида баҳс юритилади. Луғат 2,100 га яқин топонимни ўз ичига олган. Мазкур китобда қадимий Самарқанд шаҳри, унинг атрофидаги янги ва кўҳна қишлоқлар, харобалар тўғрисида ҳам анча фикрлар айтилганлиги сабабли, вилоятимиз ҳудудидаги топонимларнинг луғатда шаҳрланишига доир баъзи мулоҳазалар билан олим ва журналистлар Р.Қўнғуров ҳамда А.Абдураҳмонов (1970 йил, “Ленинг йўли” - ҳозирги “Зарафшон” газетасида) чиқиш қилган эдилар. Уларнинг таъкидлашларича, луғатга вилоятимизнинг 60 га яқин жой номлари киритилиб, уларнинг қадимги ўрни, ҳозирги ҳолати ва этимологияси ҳақида маълумотлар берилган. Келтирилган топоним тўғрисида тарихий хужжатларда нималар ёзилганлиги ҳам асарда ўз ифодасини топган. Жумладан, Афросиёб топоними қўйидагича изоҳланади:
“Афросиёб-Самарқанд шаҳрининг вайронаси. Илгарилари Ҳисори кўҳна, Қўрғони қадим деб аталарди. XVII-XVIII асрларда “Тали Афросиёб” деб атала бошланди.
Халқ Афросиёб тепалиги Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида тасвирланган Рустами достонга қарши чиққан Афросиёб исмли киши номи билан аталган, дейди. Афросиёб (Фрарасян, Фрасиаб) туркий халқларнинг оғзаки адабиётида эпик қаҳрамон сифатида Алп Эртунга лақаби билан машҳур бўлган. Афросиёб (Алп Эртунга)ни афсонавий шахс деб ҳисоблайдилар. Академик Я.Ғуломов Афросиёб тепалиги ўша ердан оқиб ўтадиган Сиёб (Қорасув) номи билан аталган бўлса керак, деб ҳисоблайди”.
Кўриниб турибдики, топономик шарҳи содда, лекин фактларга бой. Афросиёб харобаси тўғрисида тузук маълумот бера олиш даражасида ёзилган. Луғатдаги топонимларнинг аксарияти шу хилда изоҳланганини қайд этиш лозим.
Тадқиқотчи С.Қораев “Самарқанд” топонимининг этимологиясига ҳам анча ўрин берган. У тарихий манбалар-Беруний, М.Қашғарий ва бошқаларнинг асарларига баён қилинган фикрларга таянган ҳолда, “Самарқанд” топоними “семиз шаҳар”, “катта шаҳар”деган маънони англатишини таъкидлайди. Турли мамлакатларда шаҳримиз номи билан аталувчи жойларнинг 11 тасини қаламга олади ва “Самарқанд” сўзининг ҳар хил қўлланилган вариантларини кўрсатади.

Н.МЕҲРАНГИЗ тайёрлади.


Дата добавления: 17/11/2017 11:09;   Просмотров: 1418
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку