Тўртинчи ҳокимият аталмиш оммавий ахборот воситаларининг ёши улуғи газетадир. Газета орқали туман, вилоят, республика ва жаҳонда рўй бераётган муҳим воқеалар, янгиликлар, қабул қилинаётган қонун, қарор, фармон ва фармойишларни публицистиканинг мақбул ва синалган жанрлари яъни хабар, шарҳ, савол-жавоб, ахборот, интерью, мақола, таҳлилнома воситасида оммага етказиш анъанаси давом этаётганлиги фозилу огоҳ халқимизнинг маърифат, илм-фан, санъат, маданият ва спортга қизиқиши баландлигидан далолат эмасми?
Газета, китоб ўқийдиган оилада муҳит соғлом, ҳаёт мазмунли ва серзавқ бўлади, ёш авлоднинг ватан, табиат, эл-юрт равнақига дахлдорлик ҳисси уйғонади.
"Ахборот асри" деб ном олган ҳозирги даврда ахборот энергия манбалари, табиий бойликлар қаторида стратегик ресурсга айланмоқда. Мутахассислар бир овоздан ахборот тараққиётнинг бош омилига айланаётганлигини қайд этишмоқда. Аммо нохолис, шубҳа-гумон, таҳдид ва бўҳтон, ғараз ва ёлғон гап-сўзларга йўғрилган ахборот хуружи ривожланиш, тинчлик, ҳамжиҳатлик, хотиржамликни издан чиқариши мумкинлигини унутмаслигимиз керак. Таҳлил ва далил, теран мушоҳада, мантиқий хулоса ва ишончли манбалар негизида бериладиган ахборот одамларда ижтимоий фикрни шакллантиради, ҳаётий позицияни мустаҳкамлайди, улкан марраларни забт этишга илҳом ва рағбат бағишлайди.
Шу кунларда 2019 йил учун газета ва журналларга сифатли обуна мавсумини уюштириш, ҳар бир муассис ва таҳририятни жиддий ўйлаш ва иш тутишга ундамоқда.
Нима кўп газета ва журналларнинг хили кўп. Ҳар бир фуқаро оила, маҳалла, ташкилот ва муассасанинг у ёки бу нашрга қизиқиши, маънавий эҳтиёжи борлиги табиий ҳол. Шуларни назарга олиб, йилда бир-икки марта барча секторлар ҳудудида бу сиёсий-маърифий мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш, жойларда етук маънавият тарғиботчилари, журналистлар, сиёсий партиялар, адабиёт ва санъат намояндалари чиқишларини йўлга қўйиш, ҳар бир хонадон вакиллари иштирокида маҳалла ва меҳнат жамоаларида жонли самимий мулоқотлар ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Бундай учрашув-мулоқотларда аҳолининг таклиф-мулоҳазалари, шикоят ва эътирозлари, ижобий муносабатлари инобатга олиниши албатта, жуда ҳам муҳим. Бир эътибор беринг. Туманимиздаги қарийб 250 минг аҳоли деярли 42 минг хонадонда ҳаёт кечирмоқда. Лекин тумандошларимизнинг салкам 2 фоизигина туман газетасини ўқимоқда холос! Хонадонлар сони билан газета ададини (4100 нусха) солиштирсак, янада ачинарли рақам чиқади. Нима қилмоқ керак? Энг аввало газета сифати ва мазмундорлигини ошириб, муштарий манзилига вақтида етказиш, муаммоларини узил-кесил ҳал этиш шарт. Бу борада обуна билан шуғулланувчи, юридик шахслар (МЧЖлар), жойлардаги раҳбар ходимлар, фаоллар, жонкуяр инсонлар, масъулияти қатъий интизом ва шахсий жавобгарлиги катта аҳамият касб этади. Кўп таҳририятлар айрим бебурд, ноинсоф, ваъдабоз, "обуна уюштирувчи тадбиркорлар"нинг ҳийла-найрангларидан жабр кўрмоқда, азият чекмоқда. Худди садақа сўрагандай обуна маблағини ундириш билан овораю сарсон. Бир томонда босмахона ўз хизмат ҳақини талаб қилавериб жиғибийрон бўлмоқда. Солиқ, иш ҳақи тўловлари, бошқа сарф-харажатлар учун маблағ топишда муҳаррир ва ҳисобчининг ороми йўқолган, ортиқча судлашиш, асаббузарлик, сонсалорликнинг ечим нуқтаси қаерда? Ҳозир айтмасак, қачон айтамиз?! Сунъий, ясама дебитор қарздорлик қачонгача давом этади? Бундан ким манфаатдор?! Бу дардга даво борми? Муҳтарам Юртбошимизнинг ҳар соҳада шаффофлик, очиқ-ошкоралик, қонунга эҳтиром ва итоат бўлиши лозим, дея таъкидлаб тургани матбуот ва ахборот тизимига ҳам дахлдор. Фурсатдан фойдаланиб, қадрли туман аҳлини ўзликни англаш, янгиликлар ва ислоҳотлар жараёнидан мунтазам огоҳ бўлиб туришдек эзгу сиёсий-мафкуравий синов жабҳасида фаоллик кўрсатиш, янги йил учун севимли газета ва журналларга вилоятда биринчилардан бўлиб обуна бўлишга чақираман.
Биз, журналистлар олдимизда ҳар қачонгидан ҳам салмоқли, долзарб вазифалар борлигини англаб турибмиз. Энг аввало, қадрли муштарийларимизга сидқидилдан хизмат қилиш, кўп қиррали ижтимоий ҳаёт манзаралари, одамларни қийнаётган муаммоли масалалар, ислоҳотлар одимларини очиқ-ойдин туман кўзгусида акс эттириш, ҳокимлик ва халқ ўртасидаги шаффофликни янада барқарорлаштиришда ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Бахтли, серфайз ва фаровон хонадонингиз матбуот ва маърифат зиёси билан доим мунаввар бўлсин, азизлар!
Қадрдон зуллисонайн "Гулобод тонги" газетангиз Ўзбекистон миллий ахборот майдонида ўз мақоми ва шон-шарафини йўқотмасин, десангиз, уни қўллаб-қувватлашга шошилинг. Маънавий эҳтиёжга сарфланган маблағ оилангиз ҳаётига мазмун-маъно бағишлаши муқаррар.
Буюк мутафаккир олим ва шоир Юсуф Хос Ҳожиб (Х аср) ўзининг умрбоқий асари "Қутадғу билиг"да ёзганидек:
Битиб қўймасайди доно қалами,
Қоронғу қоларди мозий олами.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.