Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ГАЗ: ЭҲТИЁТКОРЛИК - ХАВФСИЗЛИК КАФОЛАТИ

Уй-рўзғор юмушларида, яъни овқат тайёрлашда, хоналарни иситиш ва бошқа мақсадларда асосан метан ва пропан газларидан фойдаланилади. Пропан гази рангсиз, оғир, ёнувчан, паст ҳароратда ҳам чақнайдиган, ўз-ўзидан алангаланадиган, портлаш жараёнида катта босим ҳосил қилувчи газ ҳисобланади. Пропандан маиший газ плиталарида ёқилғи сифатида фойдаланилади. Пропан махсус баллонларда сақланади, транспортировка қилинади. Баллонлар-суюлтирилган ва сиқилган газларни сақлаш учун мўлжалланган сиғимлар ҳисобланади. Баллоннинг юқори қисмига паспорт маълумотлари- ишлаб чиқарилган санаси, ишчи ва синов босими, «ОТК» (техник назорат бўлими) тамғаси ўйиб ёзилган бўлади. Портлаб кетиш хавфининг олдини олиш мақсадида баллонлар 5 йилда бир марта қайта текширувдан ўтказилади.

Баллонлар қуйидаги сабабларга кўра портлаб кетиши мумкин: Баллондан газни олиш пайтида газ жўмрак орқали ўтиб, баллондаги чиқиш жойини электрлаштириши ва учқун ҳосил қилиши мумкин; баллондаги газ босимининг рухсат берилган босимдан ошиши (баллондаги босимнинг қуёш нури ёки бошқа иссиқлик манбаи таъсирида); баллон металининг емирилиши натижасида деворининг юпқалашиши; баллонни очишда талабга жавоб бермайдиган материаллардан фойдаланилганда, қишки вақтда ҳаво ҳароратининг пасайиши билан баллон металининг пластиклик хусусияти пасайиб, зарб етказилганда баллон метали парчаланиши оқибатида портлаш хавфи туғилади.
Аввало, газ баллонларининг сақлаш қоидасига қатъий амал қилиниши лозим. Яъни, баллонлар бино-иншоотларнинг ичида ёки ташқарида атмосфера ёғинлари ҳамда қуёш нуридан ҳимояланган ҳолда сақланиши шарт. Битта хонада ёнувчи газ ва кислород баллонларини сақлаш тақиқланади. Хоналарга ўрнатилган баллонлар газ плитасидан 5 см, иситиш мосламаларидан 1 метр ва очиқ алангали иситиш манбаларидан 2 метр узоқ масофада бўлиши зарур, тўлдирилган баллонлар вертикал (тик) ҳолда сақланиши ва унинг йиқилмаслиги учун чоралар кўрилиши лозим. Истеъмолчилар газдан фойдаланиб бўлгандан сўнг газ плитасидаги ва баллондаги жўмракни беркитиб қўйиши, баллонлар бинога кириш жойидан 5 метр масофада, деворнинг эшик ромлари ўрнатилмаган томонига ёнмайдиган материалдан қурилган алоҳида хона ёки махсус қутига ўрнатилиши, ўрнатилган баллонлар сони учтадан ошмаслиги, газ асбоблари тоза ҳавода сақланиши, овқат тайёрлаш жараёнида уларнинг горелкалари ифлосланишига йўл қўйилмаслиги, газ маромлагични ўрнатишдан олдин зичловчи халқанинг ҳолатини текшириш, халқада ёриқлар, кесилишлар бўлмаслиги ва клапанга зич кириши лозим.
Икки қаватдан юқори бўлган кўп хонадонли уйларда, ертўла ва цоколли хоналарда, чордор ва мансардаларда газ баллон қурилмаларидан фойдаланиш; тўлдирилган газ баллонларини яшаш хоналари, даҳлиз, ертўла ва иситиш тармоқлари олдида сақлаш; носоз газ баллонидан фойдаланиш ва уларни ўзбошимчалик билан қайта ўрнатиш, алмаштириш ва таъмирлаш; қишки вақтда баллонларни иссиқ сув ёки бошқалар ёрдамида қиздириш; ишлаб турган газ асбобларини назоратсиз қолдириш, улардан фойдаланиш учун ёш болаларга ёки фойдаланиш йўриқномасини билмайдиган кишиларга рухсат бермаслик тавсия этилади.
Юқорида эътироф этилган хавфсизлик қоида ва кўрсатмаларига амал қилмаслик оқибатида мудҳиш ҳодисалар-портлаш ва ёнғин содир бўлиши мумкин ва бўляпти ҳам. Фактларга асосланиб, шуни айтиш мумкинки, 2017 йил мобайнида туманимиз ҳудудида 120 та ёнғин содир бўлган бўлса, 2018 йилнинг ўтган тўрт ойида 30 та ёнғин ҳодисаси қайд этилди. Бултур ёнғин оқибатида 3 нафар фуқаро ҳалок бўлди, 9 нафари турли даражадаги қуйиш жароҳатларини олишди.
Бу бахтсиз ҳодисалар эҳтиётсизлик ва лоқайдлик оқибатида содир бўлади, албатта. Масалан 2017 йилнинг 9 март куни Паррандачилик маҳалласида яшовчи В.Гулматов хонадонида маиший газ баллони жўмрагидан сизиб чиқаётган газ ҳидига эътиборсизлик оқибатида хона газ билан тўлган. Уй соҳиби гугурт чақиши оқибатида чақнаш ва ёнғин содир бўлган. Натижада В. Гулматовнинг бош, юз, танасининг олд қисми, қўл ва оёқлари куйиб, касалхонага ётқизилган. Ёки Диёр маҳалласида яшовчи М.Аноровнинг хонадонида ўтган йилнинг 23 апрель куни ертўлада жойлашган ошхонадаги газ баллони жўмрагидан газ сизиб чиқаётганини сезмаган ҳолда гугурт чақилган. Чақнаш оқибатида келиб чиққан ёнғин туфайли 1982 йилда туғилган Ғ.Аноров, унинг турмуш ўртоғи, 1984 йилда туғилган Д.Файзуллаева, уларнинг вояга етмаган фарзанди, 2007 йилда туғилган А.Муҳсинжоновлар турли даражадаги куйиш жароҳатини олишган ва РШТЁИМ Самарқанд филиалига даволаниш учун ётқизилган. Кўсаҳо маҳалласида истиқомат қилувчи О.Ҳотамовнинг хонадонида ҳам 2017 йилнинг 24 ноябрь куни айнан шу ҳолат такрорланиб, уй соҳибларидан 1970 йилда туғилган С.Ҳакимов юзи, тананинг олд қисми, иккала қўл соҳаларидан куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқазилган.
Мана кўрдингизми, эҳтиётсизлик қандай оқибатларга олиб келади. Шунинг учун доимо ҳушёр ва огоҳ бўлайлик

Маҳмуд ЭСИРГАПОВ,
туман ЁХБ катта инспектори


Дата добавления: 18/05/2018 15:18;   Просмотров: 1156
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку