Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муасасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида республиканинг барча туман ва шаҳарларида адлия бўлимлари ташкил қилинди. Улар етук ва малакали кадрлар билан таъминланиб, кадрларнинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Янги ташкил қилинган адлия бўлимлари фаолияти билан танишиш фуқаролар учун қизиқарли албатта. Шу сабабли туман адлия бўлими бошлиғи Б.Ўлмасов билан бўлган суҳбат эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Янги адлия бўлимларининг ташкил этилиши аҳоли учун вақт ва сарф-харажатни тежаш имконини берди. Аҳоли вилоят марказига юзлаб чақирим йўл босиб овора бўлиб боришларига чек қўйилди. Чунки олдин адлиянинг қуйи тизими вилоят адлия бошқармалари эди, - дейди туман адлия бўлими бошлиғи Бахтиёр Ўлмасов. - Айни пайтда бўлимимизда 4 нафар ҳуқуқшунос меҳнат қилмоқда. Аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, сайёр қабуллар ташкил қилиб, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан бир қаторда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг тарғиботини амалга оширмоқдамиз.
Эътиборли жиҳати шундаки, қисқа вақт ичида бўлимга 40 га яқин мурожаат келиб тушган ва улардан 35 таси қаноатлантирилган. Бу эса жуда яхши кўрсатгич ҳисобланади. 20 дан ортиқ мурожаатлар асосида ташкилот ва маъсул шахсларга турли таъсир чоралари кўрилди. Баъзи мурожаатлар асосида фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, қисқа вақт ичида 2000 дан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар давлат идораларига етказилди. Қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилди.
Бўлим томонидан туман ташкилотларида вакант бўлган ҳуқуқшунос лавозимларини кадрлар билан тўлиқ таъминлашга эришилди. Қолаверса, бандлигини таъминлашда ёрдам сўраб мурожаат қилган 8 нафар фуқаро бўлим кўмагида ишга жойлашди. Шуниси аҳамиятлики, бўлимга мурожаат қилган фуқароларнинг муаммолари қонун доирасида кўриб чиқилиб, амалий ёрдам берилмоқда. Масалан, туман йўллардан фойдаланиш корхонасининг 20 нафар ишчи- ходимлари ойлик маошларини ололмаётганликлари хусусида ҳуқуқий ёрдам сўраб, туман адлия бўлимига ариза билан мурожаат этишди. Бўлим ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар ва кўрсатилган ҳуқуқий ёрдам туфайли ишчиларнинг маошлари ундириб берилди.
- Ушбу корхонада 2016 йилдан буён ишлаб келаман, лекин жорий йил ҳисобидан ойлик маошларимиз тўлиқ берилмади. Адлия бўлими аралашувидан сўнг корхона раҳбарияти қисқа вақт ичида муаммони ҳал этиб берди, - дейди туман йўллардан фойдаланиш корхонаси ишчиси Равшан Исаев.
Тошпўлат ЮСУПОВ ёзиб олди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.