Давлатимиз раҳбарининг "Халқимиз ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни келажакда эмас, балки бугун кўришни, улардан бугун баҳраманд бўлишни истайди" деган сўзлари, шубҳасиз, ҳар бир давлат хизматчиси, ҳар бир раҳбар ходимини мутлақо янгича ёндашув, қараш ва муносабат билан иш тутишга, халқ дарди билан яшашга ундамоқда.
Шундай экан, туман ҳокими Н.Мавлонов ўтган ҳафта шанба куни туманимизнинг энг чекка, шаҳар билан туташ ҳудуди-Юқори Туркман маҳалласида ўзининг навбатдаги оммавий сайёр қабулини ўтказди.
Қабулда туманнинг Юқори Арабхона, Юқори Туркман, Жарқишлоқ, Ўзбеккент, Заҳлик, Найзатепа, Чоршанба, Янгиариқ, Марказий Арабхона, Қуйи Чордара, Қайнама, Ўрташиқ, Дўстлик, Қўшмачит, Гулобод, Оҳалик, Обод, Хаймари боло, Қўлба, Рустам, Жавонобод, Жўйи Аббос, Оқбўрё ва бошқа маҳаллалардан 40 нафар фуқаро ижтимоий-иқтисодий ва маиший аҳамиятга молик муаммоли масалалар билан мурожаат этди.
Хишрав ҚВП мудири М.Облоқулова, Қуйи Туркманлик Ҳ.Аҳтамова, Қайнама маҳалласидан М.Аллаёровларнинг ҳудудни ободонлаштириш, ички йўлни таъмирлаш, 36-мактаб олдида светофор ўрнатиш, уйнинг том қисмини таъмирлашга кўмаклашиш ҳақидаги талаб-истаклари жойида ўз ечимини топди.
Р.Аслиддинова, О.Эгамбердиев, М.Воҳидовалар томонидан фермер хўжалиги, туман ҳокимлиги тасарруфидаги ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганликлари чуқур ўрганишлар орқали аниқланганлиги, ҳатти-ҳаракатлари(такрорий бўлса ҳам) ноқонуний эканлиги учун ҳуқуқий тушунтириш берилиб, рад этилди.
5 нафар фуқаронинг турар ва нотурар жойига эгалик ҳуқуқини берувчи қарор тасдиқланди.
Қолган мурожаатлар белгиланган тартибда ўрганиш ва қонуний ечим топишга йўналтирилди.
Ҳа, яхши яшашга интилиш, курашиш давр талаби, аммо қонун устуворлиги, адолат ва инсофга таяниб иш кўришни ҳам унутмаслигимиз керак.
Ўз мухбиримиз
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.