Жаҳл аҳли била кимки улфат бўлғай,
Ул улфати ичра юз минг офат бўлғай.
Улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг ушбу байтларида баён этилганидек, жоҳил киши билан улфат бўлган киши охир-оқибат панд ейди, пушаймонлар қилади. Негаки жоҳил киши бамисли аллома шайх Саъдийнинг "Тошбақа билан Чаён" масалидаги чаёнга ўхшайди. Яхшилик қилган одамига ҳам ниш уришга ҳаракат қилади. Унинг барча саъй-ҳаракати, қилиқлари-ю феъли хўйи ёвузликдан иборат бўлади.
Аммо, шу тоифа инсонларнинг кўпчилиги бу хил бад қилиқларга нисбатан ҳам жиноят кодексида муайян моддалар асосида жавобгарлик белгиланганлигини билмайдилар. Ёки била туриб, нописандлик қилгани ҳолда унга амал қилмайдилар.
Яқинда туман маъмурий суди очиқ суд мажлисида ана шундай кимсалардан бири - Шукуров Аллаёр (Исми шарифи ўзгартирилган)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 183-моддаси билан жиноий иш қўзғади. Аниқроғи, шу суд мажлисида кўпчилик ўртасида, яъни унинг хешу ақраболари, таниш-билишлари иштирокида Ш.А.нинг маъмурий-ҳуқуқбузарлик қилганлиги эътироф этилиб, жазо қўлланилди. Эл орасида юзи шувут, боши хам бўлди.
Халқимизда яна бир ибратли ибора бор: "Бошингга не бало келса, шу суяксиз тилингдан кўр..." Хўш, биз "таърифини" келтираётган Ш.А. нима гуноҳ қилган эдики, суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлган, деган ҳақли савол туғилади. Асли воқеа бундай бўлган эди.
Шу йилнинг 18 август куни кеч соат 23.30ларда Гулобод маҳалласида жойлашган "Маржон" базмгоҳида арзимаган сабаб туфайли Тўхтаева Санобар(Исми шарифи ўзгартирилган) билан гапга боришиб қолади. Аёл киши дея қараб турмасдан кўпчилик олдида уни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади. Шахсиятига тегиб кетадиган гаплардан азият чеккан, кўпчилик олдида изза бўлган Т.С. жабрдийда сифатида уни судга беради.
Суд ҳуқуқбузар Ш.А.га нисбатан жазо тайинлашда яшаш жойидан берилган ижобий тавсифномага асосланиб, муқаддам судланмаганлиги, 2 нафар фарзанди борлигини ва жазони енгиллаштирувчи омилларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 21-моддасини қўллади.
Буюк аллома Шайх Саъдий қаламига мансуб шундай байт бор:
Ёлғон бевиқор қилур одамни,
Ёлғон шармисор қилур одамни.
Афсуски, ана шу икки мисра гапнинг тагида бир олам мазмун яширинганлигини кўпчилик тушунмайди-да. Акс ҳолда бу беш кунлик дунёда бир-бирининг асабини эговлаб, шаънига туҳматлар ва бўҳтонлар қилмаган бўлур эди. Жумладан, ҳуқуқбузар Маҳмудова Эркиной, Аллаёрова Умида ва Каримова Санобар (Исми шарифлари ўзгартирилган)лар арзимаган нарсадан адоват ясаб, жамоат жойида бир-бирлари билан жанжаллашмаган, бир-бирининг устига "мағзава ағдармаган", туҳмат ва бўҳтон тошларини отмаган бўлармиди? Аммо, бу ношаръий ҳатти ҳаракат, аёл кишининг кўпчилик ўртасида бундай беодоблик ва беҳаёлик қилиши ҳар уччала ҳуқуқбузарга ҳам қимматга тушди. Улар эл ўртасида шармисор бўлишлари билан бирга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 34-моддасига биноан 86минг 120 сўмдан жарима тўлашга ҳукм этилди. Менимча энди улар "Бошингга не бало келса, тилингдандир" деган нақлнинг асл моҳиятини теранроқ тушуниб етадилар.
Зафар КАРИМОВ,
туман маъмурий суди раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.