Туманимизда ватанимиз равнақи-ю, илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида заҳмат чекиб, фидойилик кўрсатиб келаётган инсонлар талайгина. Жўйисойлик таниқли олим, биология фанлари доктори, профессор Олим Халилов худди шундай инсонлардан.
Отахоннинг босиб ўтган ҳаёт йўли, ўтказаётган сермазмун, ибратли умр сабоқлари кўпчиликка намуна бўларли даражада. Шунинг учун маҳалладаги катта-кичик у кишини бирдек ҳурмат қилади. Суҳбат жараёнида у кишининг анчайин ҳазил-мутойибага мойил, хушфеъл, дилкаш инсон эканликларидан ҳам воқиф бўлдик...
Маҳалладаги 23-умумтаълим мактабини битириб, ўрта маълумот олган О.Халилов 1960 йилда СамҚХИнинг зооветеринария факултетига ўқишга қабул қилинди ва 1965 йилда уни муваффақиятли тугатди. Ўша йили йўлланма асосида қўшни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги собиқ Охунбобоев номли совхозда бош зоотехник вазифасида ўз меҳнат фаолиятини бошлади. Ҳарбий хизматда йигитлик бурчини ўтаб қайтгандан сўнг бир муддат тумандаги собиқ “Победа” колхозида бош зоотехник, 1968 йил октябрь ойидан эса Ўзбекистон ветеринария илмий-тадқиқот институтида илмий ходим сифатида ишлади. Кейинчалик қишлоқ хўжалик илмий ишлаб чиқариш маркази раҳбари этиб тайинланди ва 2007 йил пенсияга чиққунига қадар ушбу лавозимда самарали меҳнат қилди. Ишлаб чиқаришни илм-фан билан қўшиб олиб борган мутахассис 1974 йилда номзодлик, 1982 йилда докторлик диссертациясини мувафақиятли ёқлади. 2004 йилда эса профессор унвонига сазовор бўлди. Илмий изланишлари самараси ўлароқ соҳага оид қўлланмалари, рисолалари чоп этилиб, даврий нашрларда кўплаб илмий-амалий мақолалари чиқди.
Олимнинг фидокорона меҳнатлари муносиб тақдирланган. Собиқ СССР Олий Совети Президиумининг Фахрий ёрлиғи, ВДНХ олтин медаллари билан мукофотланди. Маҳалла фаоли, намунали оила соҳиби О.Халилов турмуш ўртоғи, халқ таълими фахрийси Мамлакат Қодирова билан 5 нафар фарзандни замонга мос, ўқимишли, эл корига ярайдиган комил инсонлар қилиб тарбиялаб вояга етказди. Айни кунларда умрининг етмиш бешинчи довонидан ошаётган Олим ота Халилов 17 нафар невара, 7 нафар эвараларнинг суюкли бобожони, насиҳатгўйи, дуогўйи саналиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда. Ёшига нисбатан анча тетик ва бардам, серғайрат жамоатчи ва фидойи отахонга узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилаб қоламиз.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.