Маълумки, ҳамма даврларда ҳам хўжалик юритишнинг шаклидан қатъий назар ҳосил баракаси бевосита тупроқ унумдорлигига боғлиқ бўлган. Афсуски, сўнги ярим асрда унумдорлик 30-35% га камайиб, унинг хоссалари ҳам бир қадар ёмонлашди ва бундай ҳол ҳозирда ҳам мақтагулик даражада эмас, албатта. Хўш, нега шундай бўлди?
Негаки, ўтган даврда пахта якка ҳокимлиги авж олиб, бутун бошли минтақа хомашё базасига айлантирилдики, бундай ҳол наинки тупроқ унумдорлиги, балки атроф-муҳитни ҳам ёмонлаштириб, аҳоли саломатлигига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатмасдан қолмади, албатта. Яхшиямки, мустақилликдек буюк неъматимиз боис булардан фориғ бўлиш йўлида муайян ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, бироқ уларни денгиздан томчи дейиш мумкин. Айниқса, мана уч йилдирки мамлакатимиз тараққиётини белгиловчи бешта устувор йўналиш - Ҳаракатлар стратегияси бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда ва уларнинг кўлами янада ортиб бормоқда. Бинобарин, юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда таъкидлаш керакки, мамлакатимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида айнан аграр соҳани янада тараққий эттиришни даврнинг ўзи тасдиқлаб турибди.
Тўғри, фермер, деҳқон хўжалиги ва шахсий томарқа ер соҳиблари томонидан тупроқ унумдорлигини сақлаш ва унинг хосса-хусусиятларини янада яхшилаш борасида ҳам салмоқдор юмушлар олиб борилмоқда ва булар ҳеч шубҳасиз эътиборга лойиқ, албатта. Аммо фермерлар эътиборини тупроқ унумдорлигини ошириш ва хоссаларини яхшилаш борасида давлат қонуни ҳамда қонуности ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилса, ўйлаймизки, бу билан самарали натижалар қўлга киритилиши, муҳими эса тупроқни асл ҳолида келгуси авлодларимизга қолдиришдек муқаддас бурчимизни ҳам виждонан адо этган бўлар эдик. Шу муносабат билан қуйидагиларни кўриб чиқиш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
1. Қонунчилигимизда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш бўйича қонунни қабул қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз ва бунга олимлар, раҳбар-мутахассислар ва кенг жамоатчиликни жалб қилиш лозим.
2. Аграр соҳани замон талабидан келиб чиққан ҳолда янада ривожлантириш мақсадида деҳқончиликни юритишнинг ихчам ва замонавий асосларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
3. Аграр соҳани ақлли қишлоқ хўжалик тамойиллари асосида тараққий эттириш учун замонавий концепциясини ишлаб чиқиш лозим.
4. Тупроқ унумдорлиги ва хоссаларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар учун фермер, деҳқон хўжалиги ва томарқа ер эгаларини рағбатлантириш ва аксинча, улар бўйича ноқонуний ишлари учун катта жарималарни қўллаш лозим бўлади.
5. Фермер, деҳқон хўжалиги ва томарқа ер эгалари учун сифатли ҳосил ва олинадиган даромад бош мезон ҳисобланиши зарур ва ҳоказо.
Хидирали БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалиги
фанлари доктори, профессор
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.