Тошкент шаҳар ҳокимлигида Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чо Чунг Вонга Тошкент шаҳри фахрий фуқароси ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фахрий фан доктори унвонларини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда депутатлар, спорт мутасаддилари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, спортчи ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов Чо Чунг Вонга Тошкент шаҳри фахрий фуқароси ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фахрий фан доктори унвонларини топширди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик барча жабҳаларда, жумладан, спорт соҳасида изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Бунда мамлакатимизнинг Бутунжаҳон таэквондо федерацияси билан алоқалари муҳим аҳамиятга эга эканлиги, шунингдек, мазкур халқаро ташкилот президенти Чо Чунг Воннинг хизматлари юқори бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
– Бугун тинчлик шаҳри – Тошкентнинг фахрий фуқароси бўлиш, Ўзбекистоннинг нуфузли олий таълим муассасаси фахрий фан доктори унвонига муносиб кўрилишим мен учун фахрли воқеа бўлди, – деди Чо Чунг Вон. – Бундай юксак эътибор менга янада куч-ғайрат бағишлайди.
Тадбирда сенатор Агрепина Шин, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, спортни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг истиқболлари хусусида сўзладилар.
Улуғбек Асроров, ЎзА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.