Бугунги кунда туманимизда ягона бўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Юқори Арабхона маҳалласи фуқароси 95 ёшли Аҳад бобо Очиловдир. Табаррук отахон босиб ўтган шонли ҳаёт йўли барчамизга намуна ва ибрат мактаби десак асло муболаға бўлмайди.
17 ЁШЛИ АСКАР
Радиокарнай орқали немис фашист босқинчиларининг собиқ Шўро давлатига бостириб кирганлиги тўғрисидаги мудҳиш хабар эълон қилинганда Аҳад Очилов 16 ёшда эди. Арабхонадан ҳам алп ўғлонлар қалб амри билан Ватан ҳимоясига шайланишди. У ҳам ҳарбий комиссариатга бориб, ихтиёрий равишда урушга юборишларини сўради. Аммо, у ерда унга балоғатга етмаганлиги тушунтирилиб, аризасини қабул қилишмади. Бу орада эса, радио душман Москва остонасига тобора яқинлашаётганини хабар бериб, барчани ташвишга солган эди.
- Ота, мени Қизил Армия сафига юборинг, - қатъий деди қиблагоҳига ёш Аҳад, - Сизнинг сўзингизни ҳарбий комиссариат ходимлари икки қилишмайди.
Очил бобо ўйланиб қолди. Чунки, у уруш нима эканлигини яхши биларди. Ахир, бир пайтлар ўзи ҳам кўнгиллилар сафида босмачиларга қарши жангда мардлик ва жаросат кўрсатиб ўша даврдаги биринчи раҳбар Йўлдош Оҳунбобоев назарига тушган ва мукофотга сазовор бўлган. Энг муҳими, Ватан ҳимояси муқаддас эканлигини биларди. Шунинг учун ўғлининг ватанпарварлик ташаббусидан руҳланиб, ҳатто умр йўлдоши гапларига қулоқ солмай ҳарбий комиссариатга борди. Ниҳоят ўспирин йигит Аҳад Ватан ҳимоясига отланди. Чақирилувчилар, дастлаб, Ашхобод шаҳрида қисқа муддатли тайёргарликни ўташди. Аҳад милтиқдан ўқ отишни ва миномиётдан фойдаланишни пухта ўрганди. Рус мураббийси унинг тил билишига ва зеҳни ўткир эканлигига ҳайрон қолди. Самарқандлик ёш жангчига бошланғич синфларда рус тилини яхши ўқиганлиги қўл келди.
1942 йил ҳарбий эшелон Шимолий Кавказ томон йўл олди. Кеч оқшом поезд Боку шаҳрига етиб келди. Дастлабки, уруш Терек дарёси бўйидаги Маздак шаҳрида бошланди. Чеченистон ҳудудидаги ҳужумда Аҳад Очилов мардлик кўрсатиб, биринчи жанговар медаль билан тақдирланди. Днепропетровск шаҳрида душман қулай тепаликда мустаҳкам ўрнашиб олиб, бизнинг жангчиларни пишган тутдек тўкилишига сабабчи бўлишди. Шимолий Кавказ ҳарбий округ қўмондони маршал Радион Малиновский, полк командири Коневский ва бошқалар ушбу мудҳиш манзарани кузатар экан, самарқандлик жасур жангчи немис пистирмасини йўқотиш учун буйруқ олди. У гранаталарни белига боғлаб, ўрмалаб бориб, хавфли нуқтага яқинлашди ва иккита гранатани чаққонлик билан бирин-кетин улоқтирди. Хонага кирганида немис аскари чалқанчасига ўлиб ётарди. Билаклари кучга тўла ва ғазабдан арслонга айланган Аҳад ўлжасини даст кўтариб, очиқ деразадан пастга ташлади. Мавжуд алоқа симларини кесиб пастга тушди ва бош қўмондонга ҳисобот берди:
- Ўртоқ маршал, оддий аскар Аҳад Очилов берилган топшириқни бажарди!
- Офарин, аскар! - унинг қўлини самимий қисди Радион Малиновский ва полк командири томон юзланиб, буйруқ берди, - бу йигитни Ватанимизнинг энг юқори мукофотига тавсия этинг. У қаҳрамон унвонига муносиб.
Шу пайт бош қўмондон унинг юзига синчиклаб қараса, бошидан қон томчилаб тушаётган экан. Шуниси қизиқки, самарқандлик жасур жангчи боши ва елкасига теккан асколка парчаларига аҳамият бермасдан вазифани бажарган. Жароҳатланган қуролдошларини ҳарбий дала госпиталига олиб бораётганлар билан уни ҳам қўшиб жўнатишди. Аммо жароҳатини боғлаб қайтиб келганида, шиддатли жангларда фақат тўрт нафар сафдоши омон қолганлигига, ҳаттоки, полк командири ҳам шаҳид бўлганлигининг гувоҳи бўлди.
Аҳад Очилов миномётчилар ротаси таркибида Украинанинг Витебск, Житомир, Николаев, Одесса Молдова Руминия ва Венгрия Республикасини немис - фашист босқинчилардан халос этишда қатнашди. Айниқса, Венгрия ҳудудидаги Кечкемент шаҳрида катта жасорат кўрсатди. Душман шаҳар марказидаги муқаддас жой бўлмиш черков биносида ўрнашиб олиб, аскарларимизни ўққа тутиб, кўплаб талафот етказарди. Бу ерда ҳам ҳамюртимиз кўрсатган мардлиги қўмондонлар олқишига сазовор бўлди. Аҳад Очилов қуролдошларининг тинимсиз отишмалари ва шу йўл билан душманларни чалғитишлари эвазига эҳтиёткорлик билан бино ичига кириб олди ва қўл гранатаси билан фашистларни ер тишлатди. Совет қўшинлари ҳужумга ўтиш пайтида фашистларни (тигр) йўлбарс русумли танклари мудофаага ўтиб, отишмалар натижасида кўплаб уйлар ва дарахтлар қулаб тушди. Аҳад Очилов ўз миномёти билан "тигр"лардан бирининг ёқилғи бакини нишонга олди. Натижада экипаж аъзолари саросимага тушиб машина ичидан чиқаётганда самарқандлик мерган офицерларга қарата ўқ узди. Ўқ немиснинг қўлига тегиб, таслим бўлади. Аҳад Очилов асирни командирига топширди. Ундан кўпгина муҳим маълумот олиб, келгуси жанг учун фойдаланишди.
Самарқандлик жангчи Ғалабани Берлин шаҳрида кутиб олди. Аммо яна уч йил хизмат қилишга тўғри келди. У 1948 йил ғолиблар сафида жонажон Арабхона қишлоғига қайтди.
ЖАНГГОҲЛАРДА ТОБЛАНГАН УСТОЗ
Аҳад бобо Очилов аввал собиқ озиқ-овқат техникуми, сўнг Самарқанд давлат университетининг филология факультетини битириб 3-ўрта мактабда 52 йил она тили ва адабиёт фанидан дарс берди. Арабхона қишлоғида истиқомат қилаётган беш авлод вакиллари табаррук устозларидан сабоқ олиб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда.
Унинг шогирдлари ичида Ватан ҳимоячилари, ички ишлар ходимлари, шифокорлар, давлат раҳбарлари ва бошқа касб эгалари бор. Жанггоҳларда тобланган устоз 1951 йил Зубайда Очилова билан турмуш қуриб, 6 нафар фарзандни эл-юрт корига ярайдиган қилиб улғайтирди. Минг афсуски, кенжа ўғли Низомиддин Афғонистонда хизмат қилиб, полковник унвонини олишгача эришдию Сурхондарёдаги ҳарбий амалиёт вақтида жароҳатланиб вафот этди. Катта қизи Шоҳиста ота изидан бориб, 40 йил педагог сифатида фаолият кўрсатди. Айни пайтда 17 нафар набира ва 29 нафар эваралар Очиловларнинг муносиб ворисларидир.
9 май - Хотира ва қадрлаш куни арафасида биз Аҳад бобо Очилов хонадонига ташриф буюрдик. Бизга маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдурасул Отамуродов ҳамроҳлик қилди.
- Бизнинг дуогўй жангчи отахоннинг ёшлари анча улуғ бўлса ҳам, ёшларга хос тетик, - деди Абдурасул ака Отамуродов. - Ҳали ҳам у кишининг маслаҳатлари асосида фаолият олиб борамиз. Чунки, "Қари билганини - пари билмас" дейдилар. Фикрлари тиниқ, хотиралари мустаҳкам, ҳаёт тажрибалари таҳсинга лойиқдир.
Дарҳақиқат 95 ёшли Аҳад бобо Очилов билан бўлган суҳбат мазмунли ўтди.
- Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга минг раҳмат, - дейди Аҳад бобо. - Зеро юртимизда биз, уруш ва меҳнат фахрийларига катта ғамхўрлик ва эътибор кўрсатилмоқда. Ўтган йили мен Юртбошимизнинг расмий қабулида бўлиб, суҳбатлашиб бахтига муяссар бўлдим. Шеърлар айтдим, миннатдорчилик билдирдим. Куни-кеча ойнаи жаҳондан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармонини эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Чунки, моддий рағбатлантиришдан ташқари, тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатилади. Ўтган йили қизим билан Кисловодск шаҳридаги "Ўзбекистон" санаториясида дам олдим. Бу йил ҳам хорижий давлатларга бориш режам бор.
Аҳад бободан тетик, сиҳат-саломат юришнинг сир-асрорларини сўраган бўлдик:
- Аввало, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, - дейди отахон. - Кейин парҳез ва вақтида овқатланишдир. Энг муҳими, спиртли ичимлик ва тамаки маҳсулотларига ашаддий душман бўлишдир. Қатъий режа асосида ҳаёт кечираман. Узоқ умр кўришнинг сир-асрори ана шунда, менимча.
Отахон билан она Ватанга садоқат, меҳр-оқибат, фарзандлар бахту камоли хусусида узоқ суҳбатлашдик. Аҳад бобонинг умрига умр тиладик, дуоларини олиб,ортимизга қайтдик. Ана шундай пиру-бадавлатларимиз омон бўлишсин, илоҳим.
Тошпўлат ЮСУПОВ,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.