Ижтимоий тармоқда пойтахт мактабларининг бирида ўқувчиларнинг қишки таътил кунларида ота-оналардан фарзандларининг ўзларини қандай тутишлари кераклиги ҳақида талаб қилинган кафолат хати акси тарқалди. Унда таъкидланишича, ота-оналар ўғил-қизларининг компьютер клубларига бормаслиги, пиротехника воситаларини сотиб олмаслиги, улардан фойдаланмаслиги шунингдек, жамоат тартибини бузмаслиги ҳамда гуруҳлар, оммавий тартиббузарликларга қатнашмаслиги, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик содир этмаслигини кафолатлашади. Аммо Халқ таълими вазирлиги мактабларда бюрократизмнинг намоён бўлишини ва ўқувчиларнинг мактабдан ташқари вақтдаги хатти-ҳаракатлари бўйича ота-оналардан кафолат хати талаб қилишини қўллаб-қувватламади. Чунки, Ўбекистон Республикаси Оила кодексининг 73-моддасида ота-оналар фарзандларини тарбиялашга масъул эканлиги баён этилган. Улар фарзандларининг саломатлиги, ақлий, жисмоний, маънавий ва ахлоқий ривожланиши учун ғамхўрлик қилишлари шарт. Шу боисдан ҳам, ота-оналардан ёзма кафолатларнинг талаб этилиши нотўғри ҳисобланади.
- Педагоглар, гуруҳ раҳбарлари ота-оналардан фарзандларининг дарсдан ташқари вақтдаги хатти-ҳаракатлари бўйича мантиқсиз кафолат хатлари олишни бас қилиб, уларга фарзанд тарбияси учун энг биринчи масъул эканликларини тушунтирадиган мулоқот, давра суҳбатларини ўтказишдан тўхтамаслигимиз керак.
Мунтазам дарсларга қатнашмаётган ўқувчилар масъулиятсиз ота-оналарнинг фарзандлари бўлиб чиқяпти. Бундан ташқари, таълим масканидан алоқани узиб қўйган айрим ўқувчиларнинг ота-онаси яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари, негадир бу оқибати оғир муаммонинг томошабини бўлиб туришяпти.
Гап шундаки, "ўқувчи" рейди давомида маҳалла фуқаролар йиғинларининг айрим жонкуяр раислари аралашуви билан дарс қолдирувчи ўқувчилар ўқишга қайтарилди. Давра суҳбати, мулоқотлар ташкил этилиб, ота-оналар огоҳлантирилди. Бироқ, ўтган йилда иккита маҳалла фуқаролар йиғинига йўлланган хатимиздан жавоб келмади. Бунга масъул мутасаддилар лоқайд қарашди. Ваҳоланки, хатда шу ҳудудда истиқомат қилувчи коллежимиз ўқувчиси мунтазам дарс қолдирилаётганлиги, бу борада маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳам таъсир чораси таъминлаб берилиши сўралган эди. Хайриятки, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси саъй-ҳаракати билан муаммога ечим топилди. Зеро, қаерда ўзи бўларчиликка йўл қўйилса, назорат бўшашиб кетса, турли ижтимоий муаммоларнинг авж олиши, ҳатто ҳуқуқбузарлик ва жиноий ишлар учун шароит яратилади.
Ота-онадан фарзанд тарбияси бўйича жавобгарлик билан боғлиқ кафолат хати олиш мантиқсизлик. Чунки, ота-она фарзандли бўлган кунидан бошлаб унинг елкасига шу жавобгарлик юкланади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадисда "Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар", деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Имом Ғаззолийнинг "Иҳёу улумуд-дин" китобида бундай дейилади: "Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш расмлардан пок, нимага нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади".
Демак, фарзандлар улғайган сари улар тақдирига ҳушёрроқ қараш, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш ота-оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Б.ШАРИПОВ,
туман бош имом-хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.