Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ-МУҲИМ МАСАЛА

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” деб кўрсатилган. Ўз фарзандини комил инсон бўлиб вояга етишларидан нафақат ота-она балки, бутун миллат ва муқаддас ватанимиз манфаатдордир. Фарзандларимиз юксак маънавиятли, билимли, намунали одоб соҳиби ва жисмоний соғлом бўлиб вояга етишлари учун ҳаммамиз эътиборли ва масъулиятли бўлишимиз ҳам қарз ҳам фарздир. Чунки, унинг натижа ва самараси кўп нарсаларга, айниқса, мамлакатимизнинг гуллаб-яшнаши ва халқимизнинг бахтёр ҳаёт, кечиришларига шубҳасиз хизмат қилади. Шундай экан бола тарбиясида ота-она, мактаб ва маҳалланинг ҳамжиҳатлиги ўта муҳимдир.

Муқаддас китобларда, қонунларда, мутафаккирлар ҳикматларида эътироф этилишича ота энг аввало, оиланинг барқарорлигини, моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлашга масъул ва жавобгар шахс эканлиги таъкидланган. “Битта оила юзта ўқитувчидан устун демакдир” деган экан бир донишманд. Буюк француз мутафаккири ва педагоги Жан Жак Руссо эса шундай ёзади: “Ота болаларини бино қилиш, уларни едириб-ичириш билан ўз зиммасидаги вазифанинг учдан биринигина бажарган бўлади. Уни одамзот қаторига қўшмоғи, жамиятга эса-фаол кишиларни, давлатга-фуқарони етиштириб бермоғи керак. Шу уччала қарзини узиши мумкин бўлган ҳолда бу ишни бажармаган ҳар қандай киши айбдордир. Борди-ю, бу қарзнинг ярминигина узса, яна баттарроқ айбдор бўлади. Кимки, зиммасидаги оталик бурчини бажармаса, у ота ҳуқуқидан маҳрумдир”. Ҳа, ёмон болалар учун биринчи навбатда ота-онани жазоламоқ керак.
Минг афсуски, айрим ота-оналар маблағ топиш илинжида ўз оиласини, фарзандларини ташлаб хорижга чиқиб кетмоқдалар. Натижада назоратсиз қолган болалар ёмон йўлларга кириб, ҳатто жиноятга қўл урмоқдалар. Менимча бунга мисоллар келтиришга ҳожат йўқдир.
Буюк аллома шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (жойлари жаннатда бўлсин!) ўз асарларида Ислом дини ҳадисларини шарҳлаб, ота-онанинг фарзанди тарбияси тўғрисида шундай дейдилар: “Тарбиянинг биринчи қисми болага одоб ўргатишдир. Иккинчи қисми таълим бериш ва учинчи қисми жисмоний тарбия беришдир”. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев кейинги пайтларда фарзандларимизни замонамизга хос ва мос таълим-тарбия бериш ва шароитлар яратиш учун кўпгина муҳим қарор ва фармонлар қабул қилдилар. Мақсад мустақил Ўзбекистоннинг истиқболли келажаги бўлмиш фарзандларимизга муносиб ворислар сифатида камолга етиб, давлатимиз ва жамиятимиз тараққиёти учун хизмат қилишларидир. Уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган. Ўз навбатида идора ходимлари ҳам бундай хайрли ишга камарбастадирлар. Фақатгина шуни қўшимча қилишимиз мумкинки, шу йил ҳозирги вақтгача 1675 никоҳ ўтказилди ва 4593 нафар болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома топширилди.

Шоҳида САДУЛЛАЕВА,туман ФҲДЁ бўлими мудираси


Последнее редактирование: 12/01/2018 16:00;   Просмотров: 1245
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку