Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади.
Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиши каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз (с.а.в)
"Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди".
(Имом Термизий ривояти.)
Ислом дини таълимотида ёшларни ақалан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бундан уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш фикри ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда "Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир" дейилган. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунё аҳлига ўрнак бўлганлар.
Аллоҳ таоло ёшларимизни илму маърифатли авлод бўлиб этишмоқларини насибу рўзи айлаб, ота-оналарнинг бу йўлда чеккан заҳматларига улкан ажру савоблар ато этсин. Юртимизни тинч, келажагини бугунгидан ҳам порлиқ қилсин.
Иброҳим РЎЗИЕВ,
Имом Аъзам жомеъ масжиди ноиб имоми
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.