Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ФАРЗАНД ГУЛДИР, ОНА БИР БЎСТОН..

Еттинчи синфда ўқияпман. Гўё ақл-идроким ошгандек, ҳаётга теран боқишни ўрганаётгандекман. Китоб ўқисам, асар қаҳрамонлари қисмати ўйга чўмдиради, гоҳида ич-ичимдан эзиламан. "Мен нега болалар уйидаман?" Бу ўй мени тез улғайтириб қўяётгандек туюлади.

-Моҳинур, тобинг қочдими?- Меҳрибонлик уйининг тарбиячиси расм муаллимимиз Муниса опа шундоқ елкамдан қучди.- Мунча паришонсан? Сени ҳовлида гулларга тикилиб турганингни анча кузатдим.Қизларнинг орасида бошқачасан, ўз хаёлинг билан яшайсан.
-Опа, бу йўлакнинг икки чети ҳам гулу райҳонларга тўла. Турфа рангларга боқиб, ифорига маст бўлиб, уларга ичимдагиларни айтаяпман- гуллар билан сўзлашаяпман. Яна, янами, кеча кечқурун Шаҳлонинг ойиси келди, уни кўриб шундай кўркам ва гўзал аёлнинг нега қизалоғини "детдом"га берганини ўйлаяпман.
Менинг гапларимни Муниса опам эътибор билан тингларканлар, сўзимни бўл-масдилар ҳам.
-Янами, Тўлғаной синфдошим чизган расмларни ўйлаяпман. У Тошкентда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган расмлар танловида ғолиб бўлибди. Танлов ҳайъати мукофотни тақдим этаётганида Тўлғаной "Бу пулга мактабим қошида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари учун расм тўгараги очаман, ҳаммалари бепул ўқиб мусаввир бўлишади", дебди. Унинг бу гапларини бутун Ўзбекистон эшитди. Ҳа, опажон, менинг шундай синфдош дугоналарим бор, келажакда бизлар катта одам бўламиз. Ўзимизнинг уйимиз, оиламиз, болаларимиз бўлади. Катта орзулар ҳақида ўйлаяпман...
Гулларга қараб гапираверибман, бир пайт бошимни кўтариб қарасам, Муниса опамнинг кўзларида ёш милтиллаяпти.Киприклари нам, рўмолчаси билан оҳистагина артдиларда, чап қўли билагига тақилган байроқсимон навбатчилик тасмага қараб, мактаб эшиги томон чопиб кетдилар.
Дарслар тугаб, тушлик қилдик. Шууримдаги бироз тушкун кайфият тарк этай демасди. Мусаввир дугонам Тўлғаной билан уйга вазифаларни бажариб бўлгач, болалар қатори залда телевизор томош қилдик. Қўлимда китоб, уни варақлаб бир нималарни ўқияпман-у хаёлим олисларга учади. Ойим мени бу ерга тўрт ёшимда олиб келган экан. Дадам бедаво дардга чалиниб, ёруғ дунёдан ўтгач, ойим укам иккимизни боқишга қийналган. Мени йиғлай-йиғлай "детдом"га топшириб, ўзи икки ярим яшарли укамни олиб узоқларга кетган. Бу гапларни Муниса опам "Ҳеч кимга айтмагин", деб гоҳида айтадилар. Авваллари эслардим, ҳозир эсламай қўйдим. Ойимнинг юзи-кўзи, чеҳраси қанақалигини ҳам унутиб юбораётгандекман. Йўқ, бу бағритошлик эмас, ўн тўрт ёшли ўспирин қизнинг улғайиб ҳаётни, одамларни, меҳр аталмиш илиқ туйғуларни теранроқ англаётганидан...
Тунги соат 10 лар чамаси эди. Каравотимда ўтириб, кичкина чироқ ёруғида бир нималар ҳақида ёзмоқчи бўлиб, қоғоз қаламни тўғрилаётгандим. Эшик секингина тақиллади, бу пайтда икки дугонам ухлашар, Тўлғаной эса қалам билан расм чизарди. У менга чиройли нигоҳ ташлади, бу билан эшикни ўзинг очақол, демоқчи бўлди. Очдим. Муниса опам, у бугун навбатчи - уйига кетмаган! Бу меҳрибон, гўзал ва ораста аёлни кўрсам, дилим ёришиб кетади. Қанча кўрсам, шуна марта қучоқ очиб кўришадилар. Бир юз ўн бола бор, ярмидан кўпи қиз болалар. Бариси яхши кўришади у кишини.
-Юр, бирпас ҳовлига чиқайлик,- деди майин оҳангда.
Ҳовлини гуллар ифори тутган. Ҳаво бироз совуқ, аммо осмон тиниқ ва беғубор. Юлдузлар чарақлаб турибди.
-Анаву питуня гулни қарагин, ақрабнинг охири қавснинг бошида ҳам очилиб турибди! - деди опам кўзлари чақнаб- Бардошини қара, совуққа дош бериб очилаёзди-одамларга хушкайфият улашаяпти.Сенга яхши гапим бор,- у мени ўзига тортиб бағрига босди. Бу илиқ меҳрни, аёл қалби ва меҳрини дилимда туйганим кўнглимни юмшатди.
- Эртага директоримиз Тошкентга борасизлар, деди. Иқтидорли болалар мактабига Меҳрибонлик уйларининг аълочи ўқувчиларини ҳам олишаяпти. Мактабимиздан тўрт нафар бола орасида сенинг фамилиянг ҳам бор, табриклайман!
Шу топда опамни маҳкам қучдим. Хонага киргач уйқум келмади. Китоб -менинг энг севимли овунчоғим, ҳаёт йўлларимни ёритувчи маёқ. Саҳифаларини варақлаб, мутолаа қилаяпман-у миямга ҳеч нарса кирмайди. Яна бир суянчиғим -Муниса опам, мен у кишидан олижаноб фазилатларни, орзу қилишни, одамларни яхши кўришни ўргандим. Онам ўрнида онам, шоир айтадики " Фарзанд гулдир, она бир бўстон, Шунинг билан олам гулистон". Тожу тахтим Ватаним, юртим, давлатим бахтим, ғамхўрликлар оғушида униб ўсаяпман, орзуларим рўёби учун ўқиб ўрганаяпман, ҳаракат қилаяпман. Ўзбекистон фарзандиман,

Моҳинурнинг дил
сўзларини оққа кўчирувчи Шаҳзода ҲАБИБОВА


Дата добавления: 25/03/2020 16:16;   Просмотров: 768
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку