Икки ёш қанча вақтдан мобайнида гаплашиб юришади. Тўй белгиланиб, барчага таклифномалар тарқатилгач тўй куни куёв ғойиб бўлади.
Мазкур иш бўйича ЖИБ Қува тумани судида бир аёлни алдаб, пулларини ўзлаштирган куёвга суд ҳукми ўқилди. (darakchi.uz)
Қайд этилишича, фарғоналик Д.Сафарова телевизор кўриб ўтириб, ТВ рекламасида эълон қилинган маҳсулотни буюртма бериш учун кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилади. Орадан бир неча кун ўтиб ўзини реклама қилинган маҳсулот корхонасидан дея таништирган К.Шуҳратов (тарафларнинг исми-фамилияси ўзгартирилган) телефон қилиб, унинг буюртмаси бўйича айрим масалаларни аниқлаб олиши кераклигини айтиб суҳбат бошлайди.
К.Шуҳратов суҳбат давомида Д.Сафарованинг ўқишни тамомлаб ишлаётгани, турмушга чиқмагани, оиласи ва бошқа маълумотларни батафсил сўраб олади. Шундан сўнг, К.Шуҳратов ўзининг ғараз мақсадини амалга ошириш режасини тузади ва бир неча кундан сўнг Тошкентдан Марғилон шаҳрига келади.
Д.Сафарова уни излаб келган К.Шуҳратовни кўргач, гўёки "бир неча йилдан буён ўзи кутган инсонни учратгандек бўлади". Йигитнинг барча талабларини ҳеч шубҳаланмай бажаради. Жумладан, К.Шуҳратов унга уйланиш мақсадида "уйини таъмирлаш учун" пул сўраганда, тўплаб юрган барча пулларини беради. Йигит уни деб тайёр ишини ташлаб келганини айтади, келгусида таксичи бўлиб ишлаши учун машина сотиб олишга ёрдам сўраганда, ҳеч иккиланмай ота-онасидан пул олиб беради.
Бундан ташқари кредит дўконларидан ва тижорат банкларидан пул ҳамда турли товарлар олиб беришни илтимос қилади. Д.Сафарова бу талабларни ҳам бажаради.
Маълум қилинишича, К.Шуҳратов Д.Сафарова тўйгача никоҳдан ўтиб, яшаб туриш таклифини беради. Сўнг, Д.Сафарова никоҳ ўқитиб ўз уйидан К.Шуҳратовга жой беради. Рўзғор харажатларини барчасини Д.Сафарованинг ўзи кўтаради.
Д.Сафарованинг ота-онаси ва ака-укалари "куёвдан" тўй қилишни, никоҳни эл-юртга ошкор қилишни сўрай бошлайди. К.Шуҳратов Фарғона шаҳридаги тўйхонада дабдабали тўй қилишига Д.Сафарова ва унинг яқинларини ишонтириб, тўй кунини белгилайди. Ҳатто таклифномаларни Д.Сафарованинг яқинларига тарқатиб, ҳаммани тўйга таклиф этади.
Шундан сўнг, К.Шуҳратов келин ва унинг яқинларини тўплаб уларга қимматбаҳо тўйхонада катта тўй қилиш учун анча қарз бўлиб қолганини, ўзига яна бироз ёрдам кераклигини айтиб уларни ишонтиради. Барчанинг тўёна пулларини йиғиштириб олиб Тошкент вилоятига қочиб кетади.
К.Шуҳратовга Жиноят Кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Аниқланишича, К.Шуҳратов оилали, икки нафар фарзанди бор экан. Уларга ишлаб, пул топиб келишини айтиб, уйидан чиқиб кетган.
Судда ҳам К.Шуҳратов ўзи етказган зарарларни қоплаш ўрнига, оиласидан ажрашиб Д.Сафаровага уйланишини айтади. Аммо, Д.Сафарова бунга ишонмайди.
Суд ҳукми билан фирибгар К.Шуҳратов 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.