Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ФАОЛЛИККА НИМА ЕТСИН

Самарқанд шаҳрининг тўрт томонини олтин ҳалқадек ўраб олган туманимиз ўзининг танти деҳқону боғбонлари, соҳибкорлари билан машҳур.

Чиндан белбоғ каби бир-бирига боғланган боғ-роғлар, сабзавот экиладиган ям-яшил майдонлар, токзорларни қадимий кентнинг олтин камарига қиёслаш мумкин. Одамларимиз тиним билмай яратувчилик меҳнати билан шуғулланадилар, эл дастурхонини сара ноз-неъматларга тўлдиришга астойдил интиладилар. Бу гўшага қачон ташриф буюрсангиз, қайноқ ҳаёт, бунёдкорлик, қурилиш ва ободончилик борасидаги ишларга ҳам гувоҳ бўласиз, албатта... 2020 йил туманимиз аҳли учун баракали бошланди. Йил бошида иккита умумтаълим мактаби, иккита МТТ, ДСЭОМ биноларини тўлиқ қайта реконструкция қилиш мўлжалланган. "Ўзбекистон", "Қозиқўрғон", "Қумзор" маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш белгиланган. Бундан ташқари, туманда фаолият кўрсатаётган бир қатор ташаббускор тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан йирик лойиҳаларни ишга туширишга бел боғлашганки, биз уларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, амалий ёрдам кўрсатишга интиляпмиз. Юқорида айтганидек, ҳудудимиз, Самарқанд шаҳрига туташиб кетганлиги боис ҳам ўзимизга боғлиқ бўлмаган бир қанча топшириқларни бажаришимизга тўғри келмоқда. Жумладан, Самарқанд эшкак эшиш канали атрофидаги туристик марказ қурилиши ёки Хожа Аҳрори Валий кўчасини реконструкция қилиш, янгича қиёфа бағишлаш бўйича режалар олдимизга анча вазифаларни юклаган. Масалан, туристик марказ жойлашган манзил ва унга олиб борадиган йўл бизнинг ҳисобимизда турибди. Табиийки, бу жараёнларда айрим турар ва нотурар жойлар бузилиши эҳтимоли йўқ эмас. Шу боис ҳар хил тушунмовчилик юзага келиши мумкин. Аввало эҳтиёждан келиб чиқиб бинолар эгаларини норози қилмаслик, бу борадаги ишларни қонуний асосда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида махсус штаб ташкил этамиз. Туман ҳокими бошчилигидаги комиссия барча юмушларни режали мувофақиятлаштириб бормоқда. " Grand real profi" МЧЖ баҳолаш ташкилоти томонидан объектлар баҳоси бозор нархида белгиланиб, товон пули тўланяпти, янги турар жой ажратиляпти. Бугунгача Жўйисой, Қўштамғали, Қозиариқ маҳаллаларидаги 200 га яқин хонадон ва нотурар жой бузилиб, йўлни реконструкция қилиш, инфратузилма объектларини қайта қуриш ишлари жадал бошланган. Хуллас, туманда иш қизигандан-қизиган. Юртни обод қилиш, одамлар яшаш шароитини янада яхшилаш, қулай муҳит яратиб бериш эса бизнинг долзарб вазифамиздир.

Шуҳрат ЖУМАЕВ,
туман ҳокимининг ўринбосари


Дата добавления: 13/05/2020 15:57;   Просмотров: 676
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку