Президентнинг парламентга 2017 йилда амалга оширилган ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилишининг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси халқимиз томонидан ўрганилмоқда.
Президентимиз Мурожаатида таъкидланганидек, кўплаб тараққий топган давлат раҳбарларининг миллий парламент аъзолари хузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд. Халқнинг дарду-ташвиши, кундалик турмуш, истиқболли келажаги, қолаверса ислоҳотлари натижа бераётган, турмушини фаровон қилишга астойдил бел боғлаган маконлардагина ана шундай жасоратли қадамлар ташланади.
Таъкидлаш ўринли, фуқаролик жамияти сари пухта ўйланган ўз тараққиётимиз йўлидан бораётганлигимиз халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этиб келинмоқда. Бироқ, амалга оширилган ишлар билан чегараланиб қолмаслигимиз керак.
Тан олиш лозим, шу чоққача давлат органлари фаолияти устидан жамоат назоратининг самарали усули ишлаб чиқилмаган. Бу эса жамоат назоратига масъул бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни жойида ҳал этиш, айниқса ижтимоий шароити оғир фуқаролар, аёлларни кўллаб - қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларидаги иштирокини пасайтириб юбормоқда. Мурожаатномада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузиш, "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш таклифи илгари сурилган.
Хўш, бу халқимизга қандай наф келтиради. Якунланган йилимизда халқ билан мулоқот олиб бориш нечоғлик катта самаралар келтиришини англаб етдик. Бу борада янада қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Кузатувлар асносида маълум бўлаяптики, қайсидир жабҳаларда тасдиқланмаган маълумотлар киритиш билан асосий вазиятни бекитиш баъзи ҳоллардаги буюрократик тўсиқлар, муаммонинг туб илдизига етиб бормаслик каби иллатлар тўла барҳам топмаган. Юқоридаги таклиф бундай ҳолатларни бартараф этиб қолмасдан, олдини олади ҳам. Юз берадиган салбий ҳолатларга жамоатчиликнинг фаол аралашуви билан барҳам берилади. Энг асосийси бу ҳолат ошкоралик, аҳолининг хақ-хуқуқларини ифодалашда муҳим дастуриламалдир.
Сир эмас, йил давомида Президентимиз ташаббуслари билан барча жабҳаларга бирма - бир назар ташланди. Йиллар давомида йиғилиб қолган, ҳар қандай турғунликлар барҳам топди. Бир сўз билан айтганда, ислоҳотларнинг дастлабки натижалари аҳолининг ҳаёти ва кундалик турмушида ўзиниг яққол ифодасини топмоқда. Фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи кундан-кунга мустаҳкамланиб бораётир.
Э.БЎРОНОВ,
Ўз ХДП туман Кенгаши раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.