Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ФАЛОКАТ ОЁҚ ОСТИДА

Амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ ички ишлар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан йил давомида ҳайдовчи ва пиёдаларнинг кўчада ҳаракатланиш тартиби, йўл қоидаларига риоя қилиши билан боғлиқ кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилади. Маҳаллаларда, таълим муассасаларида тушунтириш ишлари олиб борилади. Бироқ, айрим фуқароларимиз гўё буларнинг унга аҳамияти йўқдек лоқайд ва бефарқ ҳолда автомобилни бошқаради, пиёдалар ҳам белгиланган талабларга амал қилишмайди. Оқибатда эса...

Жорий йилнинг 2 январь куни тунда туман ҳудудидан ўтувчи А-378 "Самарқанд-Қарши" автойўлининг 6 км.да термизлик 1988 йилда туғилган Рустам Жалилов ўзига беркитилган "Cobalt" русумли 01 936 NFA давлат рақамли автомашинасини "Термиз-Тошкент" йўналиши бўйлаб ҳаракатлантираётиб, бошқарувни йўқотган ва айланма ҳаракатланиш бетонига бориб урилган. Оқибатда йўловчилар Ш.Холмуродов ва Р.Бозоровалар оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этади. Қолган икки нафар йўловчилар ҳам тан жароҳати олиб РШТТЁМСФга ётқизилади. 8 январь куни эса соат тахминан 03:30да туман ҳудудидан ўтувчи М-37 Самарқанд халқа йўлининг 5 км.да "Бўзи" маҳалласида яшовчи Абдуғафор Ахмедов ўзининг "М-412" русумли, давлат рақами 30 В 162 СА бўлган автомашинасида шу йўлдан ўтаётган тайлоқлик Д.Артиқовани уриб юборади. Афсуски, пиёда тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлади.
Бундай ҳолатларнинг оддий эҳтиётсизлик, кутилмаган бахтсиз ҳодиса, деб баҳоласак, айрим фуқароларимиз била туриб, ўзини фалокат ёқасига ташлайди. Ачинарлиси, уларнинг бундай қилмиши нафақат ўзининг, балки ўзганинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди ёки нуқта қўяди.
Мисол учун, "Юқори Қайнама" маҳалласида яшовчи Азиз Ҳасанов бошқарувидаги 30 G 195 PA давлат рақамли "Дамас"ини маст ҳолда бошқариб, бошқа 30 0 709 LA давлат рақамига эга "Дамас" русумли автомобиль билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этади. Назорат тадбирларининг бирида "Чоршанба" маҳалласи фуқароси Мурод Умаров ҳам ўзига тегишли "Ваз 2106" русумли, давлат рақами 30 S 162 PO бўлган автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномасиз, спиртли ичимлик ичган ҳолда бошқараётгани аниқланди ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашинаси жарима майдончасига жойлаштирилди.
Юртимизда ҳар жума "Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни" деб белгиланган. Бундан ташқари, биз, соҳа ходимлари нафақат жума кунлари, балки доимий равишда халқимиз орасида тарғибот тадбирларини ўтказиб келяпмиз. Ушбу саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини бериши учун, авваламбор, ҳар бир йўл ҳаракати хавфсизлиги иштирокчисидан масъулият, эҳтиёткорлик ва огоҳлик талаб этилади.

А. НОРМАМАТОВ,
туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, майор


Дата добавления: 08/03/2019 11:37;   Просмотров: 821
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку