Агар ҳар бир инсон ўз ишини масъулият билан бажарса, раҳбар ишни яхши ташкил этса, меҳрибон ва жонкуяр бўлса мамлакатимиз обод, ҳаётимиз фаровон, келажагимиз эса порлоқ бўлади.
Одам зоти мавжудотлар ичида энг олий, мўътабар, ақлли, фаросатли, яратувчанлик қобилиятига эга, ҳаётни, жамиятни ўзгартирадиган шахсдир.
Ҳаётнинг ширинлиги, ватаннинг ободлиги, турмушнинг фаровонлиги инсоннинг қўлида.
Шунинг учун ҳам бор имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, ватанга садоқат ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Минг афсуски, одамлар турли тоифада. Ҳар ким ўз танлаган йўли билан яшайди. Лекин бир мақсад сари интиламиз. Республикамизга ҳалол меҳнат қилиб, унинг гуллаб яшнаши, фаровонлиги, ободлиги йўлида ўз ҳиссамизни кўшишимиз лозим. Инсон неча йил умр кўриши билан эмас, нима иш қилгани билан қадрли. 90-100 йил яшаб халқига, ватанига фойдаси тегмаганлар ёки 40-50 йил яшаб ўз меҳнати билан элга танилганлар эса бор.
Ҳозирги давр-замонда фақат ўз манфаати йўлида, юриб-югуриб, халқ, давлат ҳисобидан бойлик орттириб юрганлар кўп учрайди. Уларнинг халқига, ватанига ҳеч қандай фойдаси тегмайди. Маҳалланинг ободонлиги, халқнинг яшаш ва турмуш шароити билан қизиқмайди. Дабдабали иморатлар, қўша-қўша машиналари билан фахрланиб, оддий меҳнаткашни назар писанд қилмайдиганлар кўп учрайди. Ёшим 70 га кириб, 42 йил мактабда ўқитувчилик қилдим, икки мактабга директор бўлиб халқ фарзандларини илм-маърифатли қилиб тарбиялашга, уларга тўғрилик, ҳалоллик, меҳнатсевар, халқсевар, ватанпарварликни ўргатдим. Қолган умримни маҳалла ободонлиги, халқимнинг яшаш ва турмуш шароитини яхшилашга, нуроний-қарияларнинг қадр-қимматларини, ҳуқуқларини кўтаришга, ўқувчи-ёшлар шароитларини оширишга бахшида этмоқчиман.
Мен фахр-ифтихор билан ҳозирги вақтда ўз ҳаётини халқига, ватанига бахшида этган инсонларга таъзим қиламан.
Шўрбойилик оддий меҳнаткаш инсон 80 ёшли Мардон бобо Остонақулов ўз ҳаётини халқ учун бахшида этган. Ёшлигидан колхоз даласида ишлаб, 11 нафар фарзандини катта қилди. Уларни ўқитиб, касб-ҳунарли қилди.
Ўзи нафақада бўлса ҳам бошқалар қатори чойхонада ўтириб, вақтини бекорга ўтказмади. Маҳаллани газлаштириш, электрлаштириш, сув таъминотини яхшилаш, ўқувчи-ёшлар, фуқаролар учун автобус маршрутларини очиш ва бошқа ишларни бажариш учун елиб-югуради. Ҳозирги пайтда кўчани асфалтлаш мақсадида тегишли жойларга бориб келмоқда.
Шўрбойи маҳалласида кўп йиллар ободонлаштириш ишлари бўлмаган эди. 2015-2016 йиллар давомида янги раис Асатилло Каримов раҳбарлигида ҳомийлар ва айрим саховатпешалар ёрдамида маҳалла маркази бунёд этилди. Шўрбойи маҳалла “ташаббускорлар”-и раҳматли Толиббой Халилов раҳбарлигида янги мактаб биноси қад кўтариб ёш авлодни бағрига олди. Қутфиддин Сирожқулов каби ташаббускорлар иштирокида “Тез ёрдам” станцияси биноси қурилиб, халқ хизматига шай этилди.
Қўлбаи поён қишлоқ фуқаролар йиғини биноси ва унинг атрофи 14-15 йиллардан буён ташландиқ жойга ўхшаб қолган эди. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари умуман бўлмаган. 2016 йил янги раис Мансур Раҳмонов сайланиб, ишни бинони таъмирлаш ва қайта жиҳозлашдан бошлади. Айни пайтда ушбу бинода туман Бандликка кўмаклашиш бўлими жойлашган. Равонак марказида собиқ Тайлоқ тумани даврида ХIХ асрнинг 30-йилларида мажлислар зали кўп йиллар давомида харобага айланиб қолган эди Ушбу зални маҳалла қўмитасининг собиқ раиси Остон Хайриев давлат Дастурига киргизди ва шундан кейин реконструкция қилинди. Икки йилдирки, туманнинг кўзга кўринган аҳоли дам олиш ва маданият марказига айланди.
Ҳозир бу ерда “Шашмақом” гурўҳи ва истеъдодли ёшлар фаъолият олиб боришмоқда. Ушбу муваффақиятларни амалга оширишда туман ва вилоят Кенгаши депутатлари Бахтиёр Одилов ва Ўктам Саидмуродовларнинг хизматлари катта бўлди.
Қайси корхона, ташкилот, идора, муассасада роҳбар қобилиятли, истеъдодли, Ёз - 2017меҳнатсевар, ташкилотчи ва ўз манфаатини ўйламайдиган бўлса ўша ер жаннатга айланади. Жамоа тинч-тотув, яшаш шароити яхшиланади. 33-мактаб тумандаги энг катта ва ўқувчиси кўп билим масканларидан ҳисобланади. 2009-2010 йиллардан мактабнинг аҳволи ачинарли ҳолда. Мактаб ичининг ифлослигини (хусусан 2-3 қават) кўриб йиғлагингиз келади. Мактаб директори Б.Саидов кўп йиллар туман халқ таълими бўлимида масъулиятли вазифада ишлаган бўлсада таълимгоҳни шу аҳволга туширган.
Равонак юқумли касалликлар шифохонасида куз ва ёз фаслларида касаллар сони 150-160 кишига етади. Ўнлаб ва юзлаб оғир беморларни ҳаётга қайтарган вақтлар бўлган.
Дизинтерия, тиф, вирусли гепотит касалларни соғайтиришга жамоани хизматлари катта бўлган. Ҳозирги пайтга келиб ушбу касалхона ночор аҳволда. Ҳудудини икки-уч қаватли савдо ва маиший хизмат хоналари эгаллаб олди.
Раҳматилло ШАРИФЗОДА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.