Кейинги пайтларда МДҲнинг қатор мамлакатлари, хусусан, Украина, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганлиги, “Кўк кит”, “Тинч уй” каби “ўлим гуруҳлари” ҳақидаги маълумотларга бот-бот тўқнаш келиш мумкин. ОАВ маълумотларига қараганда, 2016 йилда Россияда 720 нафар, Қирғизистонда 95 нафар ва Қозоғистонда 33 нафар ўсмир шу ўйин туфайли ўз жонига қасд қилишган. Муаммони аниқ мисоллар асосида шарҳлайдиган бўлсак, 16 ёшда бўлган Рина Поленкова 2015 йилда ўзини поезд тагига ташлади, Россиянинг Челябинск вилоятида 15 ёшли Антон Ш. исмли ўсмир ота-онасини пичоқлади. Бунга эса онасининг унга ҳадеб компьютер ўйнаб ўтиравермай дарс қилишини буюргани сабаб бўлди.
Кунига саккиз соатлаб турли қотилликлар тасвирланувчи компьютер ўйинларини ўйнаш натижасида мактабда аъло баҳоларга ўқиган, фанлар олимпиадаси иштирокчиси қотилга айланди. Онасининг сўзларидан ғазабга минган Антон ошхонага кириб пичоқ олди ва ота-онасига ташланди. Она жон берди, отасининг эса ҳаёти сақлаб қолинди.
Хитойда тинимсиз 19 соат компьютер ўйнаган йигит ўз компьютери олдида жон берди. Бошқирдистонда оёғи синиб, уйида даволанаётган 17 ёшли ўсмир 22 кун компьютер ўйнагач вафот этди. Тайвандда 32 ёшли киши уч сутка тинимсиз комьютер ўйнагани оқибатида юраги қисиб қолиб, вафот этди. Хитойнинг Нантун шаҳрида яшовчи 19 ёшли йигит компьютер ўйнаш касаллигидан қутулиш учун ўз қўлини кесиб ташлади…
Ўзбекистонда ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этган 12-16 ёшли ўсмир болаларнинг ярми кўпинча тенгдошлари билан суҳбат қуриш, компьютер ўйнашни афзал билади. Ўсмирларнинг 43,7 фоизи ўқув адабиётини ўқиш билан чекланар экан. Ҳар ўн иштирокчидан бирининг тан олишича, ўқув адабиётидан бошқа китобларни ўқимайди.
Булар ўйлаб топилган воқеалар эмас, бугунги кунда атрофимизда содир бўлаётган ҳодисалардир. Биринчи “Кўк кит” гуруҳи ташкил этилиши ҳам айнан ана шу жараёнларга тўғри келади. Нега бу “ўлим гуруҳлари” айнан кўк китни рамз сифатида танлаган? Чунки кўк китлар тез-тез тушкунлик сабаб ўзини қирғоққа, қуруқликка ташлаб, жонига қасд қилади.
Хўш, ўйин қоидаси қандай?
Ўйин шартлари 50 қисмдан иборат ва 50 кун давом этиб, охири ўйинчининг ўз жонига қасд қилиши билан якунланади. Ўйин қоидасига кўра, иштирокчи хавфли ўйин шартларини “ўлим гуруҳлари”нинг “Мени тонгги 4:20 да уйғот” буйруғи асосида эрталаб 4:20 да тармоққа кириб қабул қилиб олади. Гуруҳ етакчиси, уларнинг тили билан айтганда “куратор” тузоққа илинган ўсмирга самимий муносабатда бўлиб, унинг қизиқишлари, кайфияти ва ўзи ҳақида кўпроқ билишга интилади. Кейин ўсмирни текшириб кўриш учун ҳавола (СМС) юборади ва жасурлигини синовдан ўтказади.
Аввалига топшириқлар оддийгина бўлади, масалан, гуруҳнинг рамзини чизиш сингари. Кейинчалик бу шартлар мураккаблашиб, ҳатто тиғ билан қўлни тирнаб ёзишга ҳам мажбур қилинади. Иштирокчи исбот сифатида берилган топшириқнинг бажарилганини суратга тушириб, гуруҳ “куратори”га кўрсатиши керак.
“Ўлим гуруҳлари” қўяётган ўйин шартларининг энг сўнгги босқичида юқори қаватдан ўзини ташлаш, тез келаётган автомобилнинг олдини кесиб ўтиш каби топшириқларни бажариш асносида худкушликни амалга оширишга ундайди.
Хайрулло ҲАМРОЕВ
журналист
(Давоми келгуси сонда)
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.