Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЭЪТИБОРСИЗЛИКМИ, МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК?!

Ҳаммамизга маълумки, бу йил деҳқончилик учун жуда ноқулай об-ҳаво шароити вожиб бўлди.

Эрта баҳорданоқ йилнинг қурғоқчил келиши деҳқон ва боғбонларимиз, ҳатто чорвадорларимиз учун катта ташвиш ва қийинчиликлар туғдирди. Бу эса элнинг ноз-неъмат дастурхони тўкин бўлишлигига жиддий салбий таъсир ўтказмасдан қолмайди, албатта. Демак, қишлоқ хўжалиги ходимлари бошига тушган бу ташвиш, барчамизники. Чунки, элнинг тўқ ва фаровон яшаши асосан мана шу соҳа ходимларининг зиммасида. Уларнинг иши юришмас экан, бу бизни ҳам, барчамизни бирдай ташвишга солиши шарт. Шу жиҳатдан, шу важдан «Нима учун сув танқис бўлди?», «Бу ташвишларни енгиллаштириш учун қандай чоралар қўллаш мумкин?», «Шундай шароитда деҳқонларга қандайдир имтиёз, енгиллик ёки амалий ёрдам беришнинг иложи борми?» сингари саволлар барчани қизиқтириши табиий.
Газетанинг вазифаси у ер, ё бу ерда бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисаларни баён қилишдангина иборат эмас, унга муносабат билдириш, кези келганда шу соҳага тааллуқли мутахассислар учун минбар яратиб, улар орқали меҳнат аҳлига керакли маслаҳатлар бериш ҳам оммавий ахборот воситаларининг объектив вазифаларига киради. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ҳужжатда Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади, дейилган.
Ана шу конституциявий бурчимизни адо этиш мақсадида йилнинг бошиданоқ тумандаги сув таъминоти ва қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти билан шуғулланадиган учта ташкилотга шу йилнинг 14 июнь кунида юқоридаги саволларни илова қилган ҳолда расмий хатлар жўнатган эдик. Жумладан, СИУ (Сув истеъмолчилари уюшмаси) раҳбари Ш. Отамуродовга: Жорий йилда об-ҳаво ноқулай келиши оқибатида сув танқислиги юзага келганлиги ҳаммага маълум. Аммо йил бошида Сизнинг раҳбарлигингиздаги ташкилот тумандаги барча фермер, деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа хўжаликларига эга хонадонлар билан сув таъминоти масаласида шартнома тузган. Сувнинг тақчиллиги Сизнинг айбингиз эмас, албатта. Аммо, сув танқис бўлган шароитда истеъмолчилар билан муносабатда қандай йўл тутдингиз?
Туманда қанча суғориладиган майдон бор? Неча нафар мироб бу соҳага жалб қилинган? Ҳозир келаётган сув шулардан қанчасининг талабини қондира олаяпти? Вазиятни ўнглаш мақсадида юқори ташкилотлар билан баҳамжиҳат қандай чоралар кўрилган? Ушбу саволларимизга батафсил ва расмий жавоб берсангиз.
Ёки туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ш. Аслиевга:
Сувни оби ҳаёт, деб бекорга айтишмайди. Жорий йилда кутилмаганда сувнинг бунчалик танқис бўлиши туман иқтисодига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатиши табиий.
Солиқ инспекциясига даромад солиғи тўлайдиганларнинг аксарияти ердан олинган даромадлари эвазига тўлашади. Сув бўлмаганлиги сабаб улар жорий йилда белгиланган миқдордаги даромадни олишолмаслиги аниқ. Шу боис уларга муайян даражада имтиёз белгиланганми? Ёки баъзи норматив ҳужжатларга асосан улар бу солиқдан озод этилиши мумкинми? Ердан даромад солиғи оладиган субъектлар неча кишини ташкил қилади?
Ёхуд "Узагросуғурта" ташкилотининг туман бўлими бошлиғи А. Саевга:
Жорий йилдагидек сув танқислиги юз йилда бир бора такрорланаркан. Маълумки, экин-тикин, боғ ва токзорлар ҳосилдорлиги асосан сув билан. Сув танқис бўлган йилда фермер ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа ер эгаларига кўрилган зарар учун суғурта тўланадими? Улардан неча нафари билан суғурта шартномалари тузилган?
Ушбу саволларимизга батафсил жавоб беришингизни сўраймиз.
Аслида бирор ташкилотга келган расмий хатга узоғи билан 10 кун ичида жавоб ёзилиши керак. Бу фикрни қонун билан мустаҳкамлайдиган бўлсак, қонун ҳужжатларида қуйидаги гаплар бор.
351-модда. Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўрови
Оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади.
Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади.
Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади, дейилади.
Таассуфлар бўлсинки, биз расмий хат жўнатганимиздан сўнг роппа-роса икки ҳафтадан сўнг, аниқроғи 2018 йилнинг 28 июнь санасида биргина туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ш. Аслиев имзоси билан жавоб хати олдик. қолган иккиси, яъни Сув истеъмолчилари уюшмаси ва "Узагросуғурта" ташкилотининг туман бўлими раҳбарлари ҳатто юборилган хатларга жавоб ёзишни ҳам ўзларига эп кўришмади. Хўш, буни қандай тушуниш керак?! Эътиборсизликми бу, беписандликми ёки масъулиятсизликми?! Билъакс уларнинг жавоб хатларида деҳқонларимизнинг қонуний манфаатлари ифода этилган бўлиши, улар бу хушхабарни ўша даврдаёқ ўқиб, билмоқликлари лозим эди.
Газета таҳририятидан борган расмий хатга бу хилда лоқайд муносабатни нафақат "тўртинчи ҳокимият" бўлган газетага, балки унинг муассиси бўлган ҳокимиятга, юз минглаб мухлислари ва муштарийлари бўлган халққа нисбатан ҳурматсизлик дея баҳолаш тўғрироқ бўлади, менимча!

Хайрулла ҲАМРОЕВ,
"Гулобод тонги" мухбири


Дата добавления: 20/07/2018 15:05;   Просмотров: 994
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку