Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЭЪТИБОРНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ

Статистик маълумотларга кўра бугунги кунда дунёда тахминан бир миллиард, шу жумладан Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ имконияти чекланган инсонлар ҳаёт кечирмоқда. Кейинги йилларда юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, улар учун керакли шароит ва қулайликлар яратиш борасида эътирофга молик ишлар амалга оширилмоқда.

2017 йил 1 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини янада юксалтириш, айниқса уй-жой, маиший ва бошқа яшаш шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Президент фармонларини ҳаётга изчил татбиқ этиш мақсадида Гулобод қўрғонида замонавий, чиройли ва шинам уй-жойлар қурилиб, уларнинг ўнтаси ногиронларга имтиёзли ва арзон нархларда тортиқ қилинди.
Яқинда янги уйларни эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди. Йиғилишда туман ҳокими Ш.Жамолов сўзга чиқиб, шундай деди:
- Қуш парвоз учун, инсон бахт учун яралган. Киши дунёда бой бўлиш эмас, балки бахтли бўлиш учун яшайди. Муҳтарам Юртбошимизнинг эзгу мақсадлари ва доно сиёсатлари замирида бугун ҳамма бахтли, тинч-осойишта ва фаровон умргузаронлик қилиши керак, деган олийжаноб ғоя мужассам. Бугунги маросим фикримнинг яққол далилидир.
Янги уйлар муборак бўлсин, азизлар!
- Миннатдорчилик изҳор қилишга сўз топишга ожизман, - қувончдан кўз ёш қилди биринчи гуруҳ ногирони Манзура Султонова. - Шахсий уй эгаси бўлиш яратганнинг марҳамати деб биламан. Мен имкониятдан фойдаланиб, халқсевар, савоб ва хайрли ишларни мақсад қилиб олган муҳтарам Президентимизга чин кўнгилдан миннатдорчилик билдираман. Чунки у кишининг ғамхўрликлари туфайли уйли-жойли бўлдик.
Шунингдек, Фотима Холбоева, Обиджон Ҳусейнов, Гулноза Мардонова, Малика Облоқулова ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, ўз миннатдорчилигини изҳор қилишди.
Байрамона ташкил этилган тадбир шўх куй-қўшиқ ва рақсларга уланиб кетди.

Тошпўлат ЮСУФИЙ,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА


Последнее редактирование: 14/12/2018 16:04;   Просмотров: 993
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку