Дарсдан автобусда қайтаётгандим. Олдинги «ўриндиқда ўтирган аёлнинг чамаси 8 ёшли боласи йўлда учраган ҳар бир эълон, афиша ва рекламаларни ҳижжалаб ўқий бошлади. Болакайдан кўзимни узолмадим. Автобус бекатда тўхтагач, болакай ошхона пештоқидаги ёзувни ўқиди. «Хуш ке-либ-си-из!». Бу сўзни эшитиб, эндигина алифбодаги ҳарфларни таниган болакай нотўғри талаффуз қилаяпти, деб ўйладим ва пештоқдаги ёзувни ўзим ўқидим. Ҳақиқатан ҳам «Хуш келибсиз!», деб ёзилган экан. «Қойил-е!», дедим ҳайратдан...
Бу воқеадан сўнг шаҳар кўчаларидаги ҳар бир ёзувни диққат билан кўздан кечиришга одатландим. Дўконлардаги «Ҳаридингиз учун рахмат», жойлардаги «Мархамат!», ошхоналардаги «Ёқимли иштаха!», транспортлардаги «Йўл хақи» каби сўзлар айниқса, эътиборимни тортди. Наҳотки, бу сўзларни омма учун чиқарган ҳаваскорлар мактабда она тили фанини ўқимаган бўлса?! Ёки ўқитувчиларимиз эътиборсизмикан? Ахир, бу сўзларни халқ ўқийди. Айниқса, ёшларнинг онгига шу каби нотўғри ёзилган сўзлар сингиб кетса, келажакда улардан нимани кутиш мумкин?!
Тўғри, беш қўл баробар эмас. Лекин халқ эътиборига ҳавола этилган ҳар бир нотўғри ёзилган сўзлар берчани саводсизликка етакламайди, дея ким кафолат бера олади?!
Майли, бу сўзларни оддий ҳаваскорлар ёзган, чиқарган ҳам дейлик. Бироқ оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернет ижтимоий тармоқлари ёки газеталардаги айрим сўзларнинг ёзилишини кўриб, беихтиёр тепа сочинг тикка бўлади. Интернет тармоқларидаги саҳифаларнинг айрим журналистлар тузишмас, лекин расмий саҳифалардаги хатоликларга нима дейсиз?
Бундай хатолик ёки эътиборсизликка ечим топиш борасида балки, ноҳақдирман. Лекин шу юртнинг ёш авлоди, келажак бунёдкори сифатида ўз фикримни билдираман. Ўйлашимча, ҳар бир шахс илк саводни мактабдан олади, шундай экан, умумий ўрта таълим мактаблардаги таълимни янада кучайтириш, такомиллаштириш лозим, деб ўйлайман.
Энди бир савол туғилади:
Шундай хатоликларнинг юзага келишида ўқитувчилар айбдормикан? Ёки ўқувчилар эътиборсизлигими? Бунга жавоб оддий: қарс икки қўлдан чиқади. Ўқувчиларнинг саводсизлиги, ўқитувчиларнинг эътиборсизлиги, барчамизнинг лоқайлигимиздан. Шундай экан эътиборли бўлайлик, азизлар!
Манижа БУРХОНҚУЛОВА,
16-умумтаълим мактабининг 10-«А»синф ўқувчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.