муаммолар ҳам камаяди
Жорий ойнинг ўтган ҳафта шанба куни туман ҳокими Носир Мавлонов бошчилигида 26-болалар мусиқа ва санъат мактабида аҳоли ва ёшлар билан юзма-юз учрашув ҳамда расмий қабул маросими ўтказилди.
- Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, спорт билан шуғулланиши, иқтидорини ривожлантириш ҳамда орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида Юртбошимиз раҳнамолигида, кенг қўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, - деди ҳоким 3-сектор ҳудудидаги бир неча мактаблардан йиғилган юқори синф ўқувчилари билан учрашуви чоғида. - Айниқса ўтган йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда давлатимиз раҳбари ёшлар билан учрашиб, 2020 йилдан бошлаб, бундай ғамхўрлик янада юксак босқичларга кўтарилишини маълум қилди. Ёшлар орасида "Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!" деб кўзи ёниб турган билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир, - деди Президентимиз. "Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир" деган сўзлари билан бобокалонимиз Абдурауф Фитрат азиз фарзандларимизни огоҳлик, ўзлигини англаш ва намоён этишга чақиради. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади, - дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Ана шундай очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда навқирон авлод вакиллари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, 13-мактабдан Авазбек Музаффаров, 8-мактабдан Аслам Холиқов, 20-мактабдан Саид Жабборов, 11-мактабдан Шаҳзода Саидова, 49-мактабдан бир гуруҳ ёшлар мазкур таълим даргоҳларидаги айрим муаммолар, шахмат-шашка, бадиий ижод ва мутолаа, светафор, жамоа транспортига бўлган эҳтиёжлари хусусида тўхталиб ўтишди. Ушбу хоҳиш-истаклар ечими юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Ҳокимнинг қарийиб бир соатлик сермазмун мулоқоти ёшларга катта таассурот қолдирди. Тадбирнинг иккинчи қисми аҳолини қийнаётган муаммоли масалаларни этишиш ва қонуний ечим топишга бағишланди. Шу куни қабулда жами 30 нафар фуқаро томонидан 40 та мурожаат рўйхатга олинди ва амалий ижрога йўналтирилди. Жумладан, навбоғлик как-ука Даврон ва Дониёр Холмуродовлар нонвойлик цехи очиш учун ер, Арабхона маҳалласидан спорт устаси Нодирбек Асроров спорт клуби очиш, Азиз Тўхташев барпо этган иссиқхонасини расмийлаштириш, С.Ҳақбердиева, Д.Турдиева, Н.Муҳиддиновалар арзон уй-жойлар билан таъминлаш сингари ҳаётий заруратларга амалий ёрдам сўраб мурожаат этишдики, аксарияти ижобий ҳал бўладиган бўлди. Албатта, айрим мурожаатлар катта маблағ ё узоқ муддат талаб этиши, айримлари қонунга хилоф бўлганлиги сабабли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шундай ноинсоф, олғир, эл-юрт ва келажак манфаатини уйламайдиган қўштирноқ ичидаги "тадбиркорлар" ҳам борки, аукцион орқали мақбул нархда сотиб олинган ер, бино ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини олгач, фойдаланмасдан бўлиб-бўлиб қимат нархда харидорларга сотаётгани давлатга, халқ мулкига хиёнат эмасми? Зиммаларига очган масъулият, мажбурият, берган лафз-ваъдалари қаёққа қолди? Янги иш ўрни яратаман, ишлаб чиқариш, маиший хизмат турларини йўлга қўяман деган арз-иддаолари пуч ёнғоқни эслатмаяптими?! Ёки коммунал хизмат ҳақи ва солиқларни виждонсизларча тўламай, давлат идораларига тинмай ёрдам сўраб қатнаётган бебурд, дангаса, боқиманда кимсалар қачон ориятли эл қаторига киради, ҳалол, фойдали меҳнат билан шуғулланади?! Ахир, Аллоҳ ҳам "сендан ҳаракат, мендан баракат" дейди. "Қимирлаган қир ошар" дейди халқимиз. Ён-атрофга назар солиб, мисли кўрилмаган ўзгаришлар, ислоҳотлар самараларини пайқаш, ҳис этиш қийин эмас. Ана шу янгиланишларда менинг ҳиссам бор деган туйғу билан яшаш бахтига нима етсин.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.