Маълумки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг асосий мақсад ва вазифалари ёшларни мамлакатда амалга оширилаётган демократик, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштириш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари қаторига кириши жараёнларига муносиб иштирок этиши ҳамда ёш авлоднинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали химоя қилишни таъминлаш, йигит-қизларнинг маънавий ва касбий савиясини юксалтириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдан иборат.
Ана шундан келиб чиққан ҳолда ташкилот мутасадди раҳбарлари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшларни турли мафкуравий таҳдидлардан асрашга, шу билан бир қаторда уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида "Одам савдоси-давр муаммоси" шиори остида вилоят идоралараро комиссияси билан ҳамкорликда жами 56 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилди. Уларда 9542 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди.
Вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, эрта никоҳларга йўл қўймаслик, вояга етмаганларнинг турли оқимларга қўшилишининг олдини олиш мавзуларида 44 та давра суҳбатлари, 18 маротаба спорт мусобақалари, ҳамкор ташкилотлар билан ҳар ҳафта "Ўқувчи" рейдлари ўтказилиб мазкур тадбирларда жами 12540 нафар ёшлар қатнашди.
Бундан ташқари, ёшларни давлат ҳокимияти органлари тизими ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида "Ҳоким ва ёшлар" учрашувлари ташкил этилди. Учрашувлар давомида ёшларни қийнаётган муаммолар уларнинг бандлигини таъминлаш каби масалалар ўрганилиб, ечими ижобий ҳал этилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўтказилаётган тарғибот тадбирларининг самарали натижа бериши келажак эгалари бўлган ёшларни ёт ғоя ва турли оқимлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун мактаб, маҳалла ҳамкорлиги, оила муҳити шу билан бир қаторда ота-оналарнинг ўз вақтида фарзандларига бўлган эътибор ва назорати ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутмаслигимиз керак. Зеро, Абдулла Авлоний бобомиз айтганларидек, "Бугунги кунда жамиятимизнинг юзини қора қилувчи пасткашлар, ёмонлар, бебошлар, ўғрилар...кеча тарбияларига эътибор берилмаган болалардир."
Мадина БАРАТОВА,
Ўзбекистон ЁИ туман кенгаши раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.