Хожа Аҳрори Валий жомеъ масжиди савоб ва хайрли иш - эҳсон бериб, атрофдагиларнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлмоқда. Яқинда мазкур масжид имом-хатиби Ҳожи Баҳодир Шарипов тумандаги 10-сон мактабга учта стол ва икки дона гилам ҳадя қилди.
- Қўлдан келганча хайрли ишларда бардавом бўлсак, дунё ва охиратда ажру мукофотини оламиз, юзимиз ёруғ, қадримиз баланд бўлади, иншооллоҳ, - деди Баҳодир Шарипов, - фақат шу йилнинг ўзида масжидимиз атрофида истиқомат қилаётган 25 та муҳтож оилаларга 15 миллион сўмлик эҳсон бердик. Рамазон ойида Оҳалик қишлоғида жойлашган "Шифо" болалар табобат масканига ифторлик ташкил этиб, 150 нафар фарзанд ва набираларимизга кийим-бош туҳфа қилдик.
Буюк аллома шайх Саъдий шундай насиҳат қилган:
Яхшилар кетидан агар чопарсан,
Истагинг, бахтингни шунда топарсан!
- Ҳурматли домла, "эҳсон" сўзи луғатда "яхшилик қилиш" маъносини англатади.
- Тўғри айтдингиз. Чунки "эҳсон" деганда одатда бировга яхшилик қилиш, фазлу эҳтиром кўрсатиш тушунилади. Қуръони каримда эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Шунингдек, муқаддас китобимизда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида садақа қилувчиларга бериладиган савоблар ҳам баён қилинган. Биласизми, бирор хил яхшилик қилсангиз, дилингиз равшан тортади, руҳингиз кўтарилади.
- Жума куни мўмин - мусулмонлар учун улуғ ва табаррук кунлардан бири - ҳажжул масокин, яъни Ҳажга боришга қурби етмайдиган мискин ва камбағаллар учун ҳам савобига ноил бўладиган кундир...
- Жума намозини ўқиш ва хутбани эшитиш учун бизнинг жомеъ масжидимизга 2-3 минг киши тўпланишади. Ва мен имом сифатида энг аввало эҳсон тўғрисида батафсил баён этаман. Сир эмас, орамизда шундай бадавлат шахслар борки, ҳатто мактаб, болалар боғчаси, кўприк қуришга қурби етади, аммо минг афсуски, фарзандларимизнинг маърифатли бўлиши учун таълим муассасаларига китоб олиб боришга кўлларининг томири тортишади. Ваҳоланки, "хўжакўрсинга" дабдабали тўй қилиш, қимматбаҳо машиналарга савлат тўкиб миниб юриш, икки-уч қаватли кошоналар қуришга ақл-фаросатлари бор.
- Ҳозирги тараққиёт замонида садоқатли, ҳақгўй, ота-онани қадрайдиган, илмли, касбли инсон бўлиб вояга етишишга имом - хатибларнинг ўрни беқиёс.
- Ҳа, биз ўз навбатида "ҳар бир таълим муассасасига бир имом" шиори остида мактабларда ўтказилаётган учрашувларда ёшларимизга динимизнинг асл моҳиятини англашиш орқали уларнинг турли салбий оқимлардан сақлаш ва одоблилик, камтарлик, ҳалоллик ва билимларини мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшиб келаяпмиз. Айниқса, одамзод яратган мўъжизаларнинг мўжизаси китобни севишни тарғибот-ташвиқот қиламиз. Чунки шарқда китоб доимо қадрланган ва уни нондек азиз билишган. Ҳақни таниш, ўзликни англаш китоб мутолааси бўлганлиги учун, халқимиз фарзанларининг бир қўлига китоб, бир қўлига нон тутади. Шунинг учун уларга ҳадя беришда китобнинг бўлиши қанчалар яхши анъанадир. Совға қилиб берилган китоб жуда қадрли хотира бўлиб қолади.
Олимлар таъкидлаганидек, кўп китоб ўқиган, илмга чанқоқ бўлган кишининг тафаккур доираси ҳам бошқаларникидан ажралиб туради. Ислом динида ҳам илм олишга, китоб ўқишга кучли тарғиб этилади. Қуръони каримнинг илк ояти каримлари ҳам "ўқи!" деган буйруқ билан нозил бўла бошлаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам илмни талаб қилиш вожиблигини айтиб, "илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз" дея таъкидлаганлар. Китоб ўқишлик, илм олишлик Аллоҳнинг амри, Расулуллоҳ саллоалоҳу алайҳи ва саллам суннатлари бўлган қалбларимиз асло китобнинг тафаккур озуқасидан узилиб қолмасин. Аллоҳ барчамизни ўзига яқин бандаларидан қилсин. Амин.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Суратда: мактабга ҳадя бериш пайти
Баҳодир ЗоҲир олган сурат.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.