Бугунги кунимизнинг энг долзарб ва барчани ўйлантирадиган масалаларидан бири-бу қизларни эрта турмушга узатиш бўлмоқда. Ота-оналар худди аранг чидаб тургандек, қизларидан безор бўлишгандек илк келган совчига розилик бермоқдалар. Тўғри, уларни ўзларича суриштирган бўладилар, уй-жой, машинаси, отасининг мансабига алданиб, ҳали эндигина етилиб келаётган қизларни турмушга узатиб юборишмоқда. Ҳозирги кунда совчилар назари мактабнинг юқори синф қизларига қаратилган. Улар мактабни тугатиб улгурмасданоқ, унаштириб қўйилади. Гоҳида эса саккиз-тўққизни битирган қизлар мактабдан чақириб олиниб, кўп ўтмай узатиб юборилади. Қонунда қизлар 17 ёшдан турмушга чиқиши мумкинлиги кўрсатилган бўлсада, буни бузувчилар истаганча топилмоқда. Айримлар балоғатга тўлиқ етмаган қизларнинг ҳужжатларини сохталаштириб катталаштираётган бўлсалар, баъзилар эса никоҳ ўқитиб қўйиш билан кифояланишмоқда, холос. Ачинарлиси шундаки, буни бартараф этишга бош бўлиши лозим бўлган кимсалар, аксинча ҳайбаракаллачи сифатида тўйхона тўридан ўрин олиб, уларга бахт тилашмоқда.
Бундайларнинг замонавий шиори "Қизинг бўлса, тезда узат, қутул балосидан..." Совчилар онаси ўпмаган қизни қидирсалар, бўлгуси куёвлар кўча кўрмаганларни топиш илинжидалар. Ҳозирги ёшлар наздида шаҳар кўрган эчкидан қўрқиш лозим эмиш. Тушунаман, кўп қаватли биноларда яшайдиган шаҳарлик қизларнинг айримлари нечоғлик ибо-ҳаёли, латофатли бўлсаларда, йигитлар назаридан четда қолишлари мумкин, шу боис, улар совчилар ташрифига муштоқ яшашади. Аммо бизнинг қишлоқларда ҳар бир хонадон қизи, хунук бўлса ҳам ўз тенгини топади. Шундай бўлсада, ўта барвақт оила қуришга интилишлар, тушунарсиз ҳолит бўлиб қолмоқда. Яқинда жойларда ушбу мавзу юзасидан давра суҳбати ўтказилди. Унда билдирилган мулоҳазаларга асосланиб, барвақт оила қуриш қуйидаги сабабларга боғлиқ бўлар экан, деган хулосага келинди:
Биринчидан, ота-оналар айниқса, оналар қизини сўровчилар қанча кўп бўлса ва уни тезроқ узатса, шунчалар фахрга тўлишади.
Иккинчидан, она қиз бола тарбиясидаги ўзига хос мушкулотлардан тезроқ қутилишни хоҳлайди. Чунки, қиз боланинг ҳар бир қилиғи, хатти-ҳаракати назорат остида бўлади ва отанинг тез малолланишига сабаб бўлади.
Учинчидан, айрим совчиларнинг оғзи етмаса, пуф, сассиқ қабилида иш тутишлари ҳам баъзи қизлар бахтига зомин бўлишидан ота-оналар чўчишади. Айрим хонадонларда даставвал совчиларнинг қадами узилмасада, кейинчалик уларнинг сафи сийраклашиб қолади. Чунки, гапнинг рад қилинишига ўрганмаган айрим совчилар қиз шаънини булғайдиган гапларни тарқатишдан ҳам тортинишмас экан.
Тўртинчидан, йигитлар орасида қизнинг ёши қанчалик катта бўлса, шунча кўча кўриб, ибо-ҳаёсини йўқотади, - деган фикр ҳам йўқ эмаслиги барчага маълум. Афсуски, барвақт турмуш қураётганлар орасида тушунмовчиликлар, ажримлар, хасталиклар кўр учрар, ҳаттоки бепуштлик ҳам барвақт оила қурганларда кўп учраши кузатилар экан. Сир эмаски, ота-боболаримиз ҳозиргидек экофалокатлар, зарарли омиллар, заҳри қотиллар комида бўлишмаган. Эҳтимол, шу боисдан ўша давр қизлари 11-14 ёшлардаёқ турмуш қургудек даражада дуркунлашиб, вояга етиб улгурган бўлсалар, ажаб эмас. Аммо бугунги кун ёшлари орасида 18 ёшида ҳам тўлиқ етилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Тасаввур қилинг, ҳали ўз танасини керакли моддалар билан тўлиқ таъмин эта олмаётган организм қўшвужудни, яъни она ва ҳомилани тўкис озиқлантириши мумкинми? Шу боис, Яратган бундай ёш организмларга қўшимча имконият беради, яъни уларнинг айримларида бирор йил давомида физиологик касалликка алоқаси бўлмаган бепуштлик рўй бериши ҳам мумкин.
Киши қанчалик барвақт турмуш қурса, бепуштликка учраш эҳтимоли шунча кўпроқ бўлар экан. Бу хусусда олимлар А.И.Минкина,П.Я. Блувштейн Л.С.Кургановлар одам онтогенезида репродуктив фаолият (1980 йил) китобида муфассал тўхталишган. Аниқланишича, 18 ёшда репродуктив фарзанд қилиш имконияти катта ёшдагиларга хос даражада етилиб улгурмас экан. бу кўрсаткичлар шу ёшдагиларга жисмоний ривожини ва жинсий безлар стериодоген фаолияти ҳолатини кузатиш орқали тасдиқланган. Демак, мамлакатимизда никоҳгача бўладиган тиббий кўрикларда мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор берилса, мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Чунки, 18 ёшга тўлиш жинсий балоғатга етиш даври ҳисоблансада, аммо репродуктив фаолият қурилиши жараёни поёнига етмаган бўлиши мумкин. Умуман, репродуктив фаолият инсон умри давомида ўзгариб туради. Бунёд бўлган фарзандда ҳам норасолик, дардларга мойиллик кўпроқ кузатилиши мумкин. Чунки техника ривожланган бугунги даврда ёшлар репродуктив фаолиятига зарарли таъсир этувчи омиллар кундан-кунга кўпаяётганлиги кузатилмоқда. Сурункали хасталиклар, дориворларнинг зарарли таъсирлари, вибракия, юқори энергиялар, кимёвий омиллар ва ҳоказолар шулар жумласидандир.
Умуман олганда, фарзанд бунёд бўлмаслиги қуйидаги бош сабаблар билан боғлиқ:
- Жинсий ҳужайралар, яъни гаметаларнинг номавжудлиги ёхуд улар миқдори консентрациясининг камлиги ёки фаолиятини бажаришга қодир эмаслиги;
- Яшовчан бўлмаган ёхуд нуқсонли жинсий ҳужайраларнинг меъёрий қўним топишини қийинлаштирувчи ёки буткул издан чиқазувчи тўсиқларнинг вужудга келиши;
- Уруғланган тухум хужайранинг имплантацияси, яъни қўним топиш жараёнининг бузилиши;
- Жинсий ҳужайраларнинг функционал тўсис фаолияти имкониятини пасайтирувчи умумий сабаблар иммун низо, ферментлар мезони бузилиши, простагландин каби биофаол моддалар танқислиги ёхуд кўплиги, юқумли манбалар, дориворлар интоксикацияси, ишлаб чиқаришдаги физик ҳамда кимёвий таъсиротлар ва ҳоказолар шулар жумласидандир.
Шундай қилиб, қизини эрта турмушга узатиб, ўзича фахрланган ота-она боласини юқоридаги каби аянчли ҳолатларга солиб қўймоқда. Тўғри, ҳеч бир ота ёки она боласини бахти кам бўлишини истамайди, аммо бу бахтни арзимас дунё, мол-матосига алмаштириб юборишганини ҳам сезмай қолишмоқда...
Қ.МУАЗЗАМОВ,
меҳнат фахрийси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.