Ҳар бир фуқаро ўзининг шахсий уй-жойига эга бўлишга интилиб келган, бунинг натижасида у уй-жой билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларга киришиб, ундан оқилона фойдаланган. Инсон яшаши учун яроқли бўлган турар жой, шу жумладан уйлар, квартиралар, хизмат жойлари, махсус уйлар (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар, шунингдек болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлар) уй-жой деб аталиши Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 7 моддасида кўрсатиб ўтилган. Уй-жойга оид низоларни Уй-жой кодексининг 140-моддасига асосан суд тартибида ҳал этилиши белгиланган.
Ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади. Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ер кодексидан ва ер муносабатларини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларидан иборат. Ер кодексининг 16-моддасига асосан Ер давлат мулки — умуммиллий бойликдир, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Ер участкаларини бериш Ер кодексининг 23-моддасига асосан амалга оширилади. Унда Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилади.
Ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади. Ҳозирги кунга келиб фуқароларнинг ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда ер майдонларини эгаллаб олиши ер низоларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда Ер кодесининг 91-моддасига асосан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.
Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади, шунингдек Фуқаролик кодексининг 212–моддасига асосан Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ҳозирги кунга келиб фуқароларнинг ўзбошимчалиги билан ер майдонларини эгаллаб, уй-жой қуришлари кўпайганлигини такидлаш жойиздир, қурилган иморат ва уй-жойлар келгусида бузилиб кетмаслиги ва уй-жой хужжатларини расмийлаштиришда муаммолар келиб чиқмаслигини олдини олиш мақсадида фуқаролар уй-жой қуриш учун туман ҳокимликларига ёзма равишда мурожаат қилишлари, ер ажратилганидан кейин ер ажратиш ҳақидаги туман ҳокимининг қарорига асосан ер ажратилганлигини тасдиқловчи гувоҳнома давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин уй-жой, иморатлар қуриш мақсадга мувофиқдир. Уй-жойга эгалик белгилангандан кейин умумий мулк сифатида фойдаланиш мумкинлигини алоҳида такидлаш жойиздир.
М.САИДМУРОДОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг судьяси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.