Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЭНГ ЯРАШИҚЛИ ЛИБОС

2003-2004 йиллари Самарқанд вилояти ҳокимлигида топонимик (жойларга ном қўйиш) комиссиясининг ҳисобот йиғилиши бўлди. Вилоят газетасининг мухбири сифатида иштирок этиб, ён дафтарчамга зарур маълумотларни ёзиб ўтирибман. Ишчи гуруҳ раҳбари, профессор Иноятулла Сувонқулов Самарқанд шаҳридаги кўчаларнинг янги номлари ҳақида маълумот бераркан, ҳар бир номни шарҳлаб борарди.

Регистон атрофидаги кўчалардан бирига Фаридудин Аттор номи қўйилгани тўғрисида гапираётганди, кутилмаганда ишчи гуруҳ аъзоларидан бири, Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари ўрнидан туриб, орага гап ташлади: "Аттор деяпсизми, кўчада бўш шишаларни йиғиб, увада сўраб юрадиган атторни-я! Сақич билан шарик сотадиган аттор номини қўямизми?"
Бу гапни эшитиб баъзилар зимдан кулди, баъзилар юзида нафрат пайдо бўлди. Домла кўзойнагини қўлига олиб арбобга маъноли тикилди ва "Энди бу ёғини эшитинг" дедилар-да шарҳни давом эттирди: " Машҳур форс-тожик шоири ва мутафаккири Фаридудин Аттор 1145-1221 йилларда яшаган, ул зот "Мантиқ ут-тайр" достонини яратган. Достон қаҳрамони Шайх Санъон машҳур шайх, у Каъбада 50 йил шайхлик қилган, 400 та муриди бўлган. Тақвою тоқатига ҳатто фаришталар ҳавас этган. Шайх Аттор ана шундай улуғ аллома, ул зотни Навоий ҳазратлари устозим, деб эъзозлаганлар".
Ҳоким ўринбосари домланинг улуғ Шайхга аталган шарҳидан сўнг ниҳоятда мулзам бўлди.Ўрнидан туриб чиқиб кетайин деса, нуфузли комиссия аъзоси...У чамаси мансаб курсисида ўтириб гапини бюрократик тарзда ўтказмоқчи бўлганди, таассуфки илми саёзлиги панд берди. Домла барибир домла-да, бундай ғайриодатий вазиятларга кўп рўбарў келган, бу сафар эса аудитория кайфиятини кўтариш учун савол эгасига қараб: " Сизга мумтоз адабиётлардан бераман, ўқиб улуғ алломалар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиб оласиз", дедилар юмшоққина қилиб...
Бугун муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда оммавий китобхонлик ҳақида гап кетар экан, юқоридаги воқеа тез-тез ёдимга тушаверади. Ўшанда нуфузли олимлар -тарихчи, тилшунос ва адабиётшунослар орасида ўзининг савиясини намоён қилган арбоб гапирган гапи учун ўзини балки айбдор санамас, лекин унинг китоб ўқимаслиги, катта лавозимда ўтириб Самарқанд тарихини билмаслиги кечириб бўлмайдиган айби эди.
Китобга меҳр бизларга балки Самарқанд давлат университетида ўқиб юрганимизда улуғ устозлардан юққандир. "Шалола" адабий тўгарагида қатнашиб навоийшунос аллома, академик Воҳид Абдулло, профессор бетакрор нотиқ Нуриддин Шукуровдан ҳаёт сабоғини олганим улкан мактаб бўлгандир. Таъкидлаганимдек, буюклар китобга меҳрни, китоб ўқишни ўргатдилар. Воҳид Абдуллонинг суҳбати, сўзини эшитсангиз, кўнгил боғингиз очиларди. Гапирганларида одамни лол этардилар. Тўгарак аъзоларининг кўпчилиги бошқа факультет талабалари, биз математик ва физиклар ижоднинг ҳаваскорлик машқларида ва бадиий адабиёт мутолаасида филологлардан рейтингимиз анча баланд эди. Домла ҳаммамизга қарата "Қани, Навоийдан, Бобурдан, Машрабдан бир шингил сатрни айтинг-чи", дердилар табассум ила. Тарих факультетида ўқийдиган талаба йигит Машрабнинг атоқли санъаткорлар қўшиқ қилиб айтадиган бир-иккита шеърини айтиб берар, унинг ижодидан бошқа билмасди. Устоз ўзлари Машрабдан ўн-ўн беш дақиқа шеър ўқирдилар-да "Бу улуғ шоирни Ҳиндистонда, Покистонда, Афғонистонда яхши билишади, уни севиб ўқийдилар. Хоки ҳам Афғонистон заминида", дея ўзлари таҳрир ҳайъати аъзоси бўлган Афғонистонда ўзбек ва пуштун тилларида чоп этиладиган "Юлдуз" журналини папкасидан олиб ҳаммамизга кўрсатардилар. Домла яна Навоий, Жомий, Бедил, Фирдавсий, Рўдакий шеъриятидан ўқирдилар-ки аудиторияда стуллар етишмаганидан тик турган талабалар, 80 дан ортиқ шеърият шайдолари жим қулоқ тутардилар. Бу табаррук дарсхонага сўз айтиш учун, талабалик йилларини қўмсаб Омон Матжон, Нормурод Нарзуллаев, Асқад Мухтордек адибу шоиру замонлар келишарди.
Бу сабоқ, бу суҳбатларга ҳам анча йиллар бўлди. Воҳид Абдуллога ўхшаган дарёдил тарихнавис, шоиру нуктадон, олиму баржастани кўпдан кўролмаяпман.
Устоз алломанинг бир сўзи билан мақолага нуқта қўймоқчиман. "Билиб қўйки болам, одамга энг ярашиқли либос - одоб либосидир. Мол улашиб ҳеч кимга етказолмайсан, ширин сўзгина ҳаммага етади. Одоб либоси ҳам, ширин сўз ҳам китобнинг қатларида..."

Убай ҚОДИР,
журналист


Последнее редактирование: 26/05/2020 18:34;   Просмотров: 802
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку