Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"ЕМОҚНИНГ ҚУСМОҒИ БОР"

Бу нафси ҳакалак отган собиқ раҳбар ва унинг ҳамтовоқлари қилмишларида намоён бўлди

Халқ ишончини оқлаш, эл-юрт манфаати учун фидойилик билан хизмат қилиш олийжанобликдир. Аммо баъзи кимсалар борки, мансаб курсисига ўтириши билан ўзини ва ўзлигини унутиб, мансабни бойлик орттиришнинг ягона йўли сифатида қабул қилади. У бойликка ружу қўяди, бел оғритмай топилган пуллар давлатнинг мулки, кимнингдир бола-чақаси, оиласининг ризқи эканлигини унутади. Ҳар қандай жиноятнинг эса миси чиқиши, қонунда жавобгарлик борлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Ободонлаштириш бошқармасининг собиқ бошлиғи Оқил Азизов (мақоладаги исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шундай кимсалардан бири бўлиб чиқди.
Оқил Азизов ўз мансаб вазифасини суиистеъмол қилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида"ги, шунингдек, 2009 йил 1 апрелдаги "Ободонлаштириш ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларида белгиланган талабларни қўпол равишда бузиб, бошқа қонун-қоидаларни менсимасдан жиноятга қўл урди. О.Азизов бу қилмишларига ўша пайтда ташкилотда бош ҳисобчи бўлиб ишлаган Шоислом Суюновни ҳам шерик қилади. Икковлон ўзаро жиноий тил бириктириб, икки йил давомида ҳақиқатда ишчи ва ҳашарчилар гуруҳида ишламаган 36 нафар шахслар номига жами 15.610.036 сўм маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилишган. Имзоларни сохталаштириб, расмий ҳужжат ҳисобланган тўлов қайдномасига сохта маълумотларни киритишган.
Мақсадли ишлатиш учун давлат бюджетидан ажратилган маблағларни ўзларига ишониб топширилганидан фойдаланиб, бошқарма ишчи хизматчиларини рағбатлантириш мақсадида чиқарилган буйруққа риоя қилмасдан жами 6.457.400 сўм пулларни ортиқча чиқариб, ўзлаштириб юборишган.
Раҳбар ва ҳисобчининг тобора иштаҳаси очилиб борарди. Шу боис бошқармада турли лавозимларда ишловчи Д.Қаюмов, Н.Насимова ва А.Алишеровларни ҳам жиноий ишларига шерик қилишади. Яъни, улар ҳамкорликда ходимларга белгиланган лавозим маошларидан ортиқча тўловга йўл қўйиб, ўша йилнинг сентябрь ойидан ноябрь ойигача жами 8.569.423 сўм ва кейинги йилнинг сентябрь ойига қадар жами 358.892.600 сўмлик давлат бюджети маблағларини ўз жиғилдонларидан ўтказиб юборишади. Нафси ҳакалак отган бу кимсалар қаноатни унутди. Ишбилармонликларини ғайриқонуний йўлда ишга солиб, расмий ҳужжатларга сохта маълумот ва ёзувларни киритган ҳолда кўплаб фуқароларга, гарчи бу ерда ишламаса-да, қалбаки буйруқлар чиқаришади. Оқибатда жами 147.829.722 сўмлик ортиқча тўловга йўл қўйишиб, бу пулларни ҳам растарата қилиш йўли билан талон-тарож қилиб юборишади.
"Емоқнинг қусмоғи бор" деганларидек, ҳамтовоқларнинг қилмишлари уларни суднинг қора курсисига ўтқизди. Суд ҳукмига кўра, Оқил Азизов 7 йил 6 ойга, Шоислом Суюнов 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, Д.Қаюмов, А. Алишеров ҳамда Н.Насимовага эса озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо чоралари қўлланилди.

Тошпўлат ЮСУПОВ


Дата добавления: 15/03/2019 13:20;   Просмотров: 859
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку