ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида "Бола соғлиғи, хусусан иммунизация масалаларини ОАВда ёритиш" мавзусида семинар - тренинг ўтказилди. Унда вилоятимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Семинарга Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери, фалсафа фанлари номзода Наргис Қосимова раҳбарлик қилди.
Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи ўринбосари Зулфия Қўчқорова вилоятимизда юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлиги ҳақида сўзлади.
- Бугунги кунда болаларни эмлаш бўйича ЮНИСЕФ томонидан қатор ишлар олиб борилмоқда, - деди З.Қўчқорова. - Жумладан, мамлакатимиз Миллий иммунизация дастурини кучайтириш ва барқарорлигини таъминлашда амалий ҳамда консультатив ёрдам кўрсатилаяпти. Хусусан, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида янги вакцина харид қилинди. У бачадон ичи саратонини олдини олишга хизмат қилади ва 9 ёшдан то 12 ёшгача бўлган ўсмирлар эмланади.
- Семинарда ҳали ҳануз аҳоли ўртасида эмлаш борасида турли хил салбий қарашларнинг мавжудлиги қайд этилди. Таъкидландики бу борада ҳамкорликда иш олиб бориб, жараённи ОАВда кенг ёритиш зарур. Шу орқали аҳоли хабардорлигини ошириш тақозо этилади.
- Шунингдек, журналистлар вакцинация ва унинг бола соғлиғига ижобий таъсири, иммунизация бўйича ОАВ материалларидаги сохта хабарларни аниқлаш ва текшириш ҳақида ҳам тушунчага эга бўлишди.
- Илгари эмлаш мавзусида материал тайёрламаганман, - ўз фикрини билдирди "Овози Самарқанд" газетаси мухбири Ситора Раҳмонбердиева. - Бугун бу мавзуга қизиқишим ортди. Соҳа вакилларидан кўп маълумотларни ўзлаштирдим. Ҳамкасбларим билан тажриба алмашдим. Менга мавзуни ўзлаштиришда машғулотлар давомида қўлланилган гуруҳларда ишлаш, ақлий ҳужум каби усуллар, мунозаралар катта қизиқиш уйғотди.
- Олган билим ва кўникмаларимни ишга солиб, бу мавзуни газетамиз саҳифаларида ёритмоқчиман. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди. Келгусида ушбу мавзуда ёзиладиган мақолалар режаси тузилди.
Дилрабо НАСИМОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.