Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЭЛИНИ БАХТИЁР АЙЛАГАН БАХТИЁР!...

Туманда ўз иши ва номи билан элга манзур бўлаётган «Истиқлол шўъласи» фермер хўжалиги раҳбари, Халқ депутатлари туман Кенгашининг депутати Бахтиёр Одилов ҳақида яхши бир лавҳа тайёрлашдан олдин газетамиз муҳаррири Нормурод Каримовнинг «Марди шўҳратёр» шеърини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Қуйидаги мисралар эса менга илҳом бағишлади:

Шуҳратинг юртим аро кетган қадрдон Бахтиёр,
Сенга чин дилдан тилай омад, шараф-шон, Бахтиёр...

Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. Хўжаликлар тугатилиб, унинг ўрнига деҳқон фермер хўжаликлари ташкил этилаётган пайт. Ўшанда Бахтиёр ҳам фермер хўжалиги ташкил этиб, мўл қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ниятида эканлигини билдириб, собиқ «Наврўз-Аср» хўжалиги бошқарувига ер сўраб ариза берди. «Бахтиёр ҳали ёш бўлса,- ариза билан танишиб чиққан бошқарув раиси Сирож Усмонов хаёлга берилди. - Ернинг умрини ўтказиб, ниҳоллар, дову-дарахтларни парваришлай олмай қуритиб юбормасмикан?»
Сирож Усмонов бошқарув аъзолари, Бахтиёржон истиқомат қилаётган маҳалла фаоллари ва у ўқиган мактабда бўлиб ўқитувчилар билан кенгашди, маслаҳат қилди.
- Бахтиёржонга ишонса бўлади, - деди унга илк сабоқни берган ва синф раҳбари бўлган Раҳматилло Шарипов. - Мактабда пешқадам ўқувчилардан эди. Фанларни доимо пухта ўзлаштиришдан ташқари жамоат ишларида ҳам фаол қатнашар эди.
- Кексалар беҳуда бўладиган боланинг юриш-туришидан билса бўлади, демаганда, - гапга қўшилди маҳалла оқсоқоли Аббос Ашўров. - Ахир машҳур шоир:
Мард йигитнинг аслин билай десангиз,
Маъракада ўтириб туришин кўринг...
деб ёзган-ку!
Қатъий хулосага келган С.Усмонов комиссия аъзолари билан келишиб Бахтиёр Одиловга алоҳида ер ажратишга розилик билдирди. Туман ҳокимлигининг қарорини қўлига олган Б.Одилов атрофига иш кўзини биладиган инсонларни тўплаб, ишга киришди.
Халқимизнинг ерга бўлган меҳри, эъзози асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Турмушимиз фаровонлиги, бозорларимиз тўкин-сочинлиги бободеҳқонларимиздан. Уларнинг пешона тери, қалб қўри эвазига турли-туман ноз-неъматлар етиштирилади. Тақдирини ер билан боғлаган, эрта баҳордан кеч кузгача ҳалол меҳнат қилган деҳқон, албатта юқори натижалар соҳиби бўлади. Буларни қалбан ҳис қилган Бахтиёржон ва у бошлиқ хўжалик аъзолари тинмасдан меҳнат қилишди. Ажратилган ер паст-баландликлардан иборат бўлганлиги учун кучли механизация эвазига текисланди, мелиоратив ҳолати яхшиланди. Ариқлар қазилиб сув келтирилди. Яхши ният билан ерга ниҳол ўтқазилди ва парвариши оби-тобида бўлди. Қарабсизки, дастлабки йили унча кўп бўлмасада, яхшигина ҳосил олинди. Тасдиқланган шартномаларга биноан тайёр маҳсулотлар қабул пунктларига, қайта ишлаш корхоналарига юборилди.
- Истиқлол туфайли ерли бўлдик, - деди бир куни Бахтиёр жамоа аъзоларига. - Ҳосил етиштириб қўлимиз пул кўрди, дастурхонимиз эса тўкин бўлди. Энди хўжаликка ном бериш керак. Хўш...
Кимдир у деди, бошқа кимдир бу. Охири қатъий бир қарорга келишди. Хўжаликка «Истиқлол шўъласи» дея ном берилди. Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси томон йўлингиз тушган бўлса керак. Катта йўлнинг чап тарафига қарасангиз хўжалик номи ва мева, сабзавотлар акс этган катта паннога кўзингиз тушади. Теракзорлар оралаб ўтсангиз хўжалик маъмурий биноси шу ерда жойлашган, котибдан тортиб ҳисобчию бошлиқгача ҳаммаси ўз кабинети ва компьютер жамланмасига эга...
Хўжалик раҳбари Бахтиёржон ҳақиқатан иш кўзини биладиган тадбиркор экан. Елиб-югурди, корхона шуҳратини ошириш учун таниқли қишлоқ хўжалиги илғорларидан маслаҳат олди. Ҳатто, хорижий мамлакатларда бўлиб уларнинг иш тажрибаларини ўрганди. Экин етиштириладиган майдон қарийб 11,8 гектарга етказилди, техникалар харид қилиб олинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фермер хўжаликларини кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш борасида қабул қилинган қарорига биноан бир қатор ишлар амалга оширилди. Хитой мамлакатида бўлиб, шифер ишлаб чиқариш технологиясини ўрганди. Натижада 2008 йили шифер ишлаб чиқарадиган кичик цех ташкил этилиб, 40 киши иш билан таъминланди. 2012 йили мазкур цех кенгайтирилиб, т қўшимча 40 киши ишга жалб этилди. Бундан ташқари экинлар тури ҳам кўпайиб улар орасида тўқсон бости ниҳоллар қадалиб парвариши оби-тобида олиб борилди. Натижада мева-сабзавот, ғалла, картошка мўл етиштирила бошланди. Шунингдек, 2011 йили хўжаликда сиғими минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари сақланадиган музхона, қурилишда керак бўладиган арматура тайёрланадиган корхона барпо этилиб, ишчи ўринлар сони 210 тага етказилди.
Кўп тармоқли фермер хўжалигида ишчи-хизматчиларнинг баракали меҳнат қилишлари, яхши дам олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Бундан мамнун бўлган жамоа ҳалол тер тўкиб, хўжалик иқтисодий салоҳиятининг юксалишига ўз ҳиссаларини қўшаётирлар. Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройли, деганларидек, хўжалик ишчиларининг моддий шароити яхшиланди. Шуниси диққатга сазоворки, Бахтиёр Одилов ҳар бир ходим меҳнатини кузатиб боради, баракали меҳнат қилиб, ғолибликни эгаллаётганларни эса рағбатлантиради. Ҳатто, тўй-маъракаларини ўзи бош бўлиб ўтказади. Шунинг учун уни ҳамма бирдек ҳурмат қилади, айтганини эса сўзсиз бажаришади. Айни пайтда катта обрў ва эътиборга сазовор корхона ўзининг 2 та «Исузи» маркали автобусига, «Дамас», «МАN» ва «Газел» ига эга. Улар ишчи-хизматчилар узоғини яқин, оғирини эса енгил қилаяпти. Трактор, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳам харид қилиб олинди. Буларнинг ҳаммаси ҳам қишлоқ хўжалик ва қурилиш маҳсулотлари етиштиришга йўналтирилган.
2016 йили Конигил маҳалласи ҳудудида «Самарқанд сифат гўшт савдо» корхонаси ташкил этилди. Бу ерда ҳар куни 150 бош қорамол, 300 бош қўй сўйилади. Унинг тадбиркорлиги Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътиборига тушди десак адашмаймиз. Шунинг учун Президентимиз Фармонига биноан «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Бугунги кунда Бахтиёр Одилов бир йилда бир миллион тонна цемент тайёрлаш корхонасини Нарпай тумани ҳудудида барпо этишни режалаштирди. Айни дамда қурилиш ишлари, зарур техникаларни харид қилиш давом этмоқда.
Бахтиёржоннинг ниятлари катта. У хўжалик шуҳратини ошириш, жамоа моддий шароитини янада яхшилаш учун янгидан-янги режалар тузмоқда. Хорижий тадбиркорлар билан алоқани мустаҳкамлаб, улардан нималарнидир ўрганишга ва уни ҳаётга кенг жорий этишга интилади. Шу билан бирга «Ташаббус» кўрик-танловларида қатнашиб, нуқул пешқадамликни эгалламоқда. «Ташаббус-2017» кўригида қатнашиб «Энг яхши фермер» номинацияси бўйича вилоятда биринчи, Республикада эса фахрли иккинчи ўринни ишғол этди.
Ота-она дуосини олган инсон ишида унум бўлади, уни ҳамма ҳурмат қилади, дейдилар. Ҳақ гап. Бахтиёржон бир ишни бошлашдан олдин, албатта ота-онаси билан маслаҳатлашарди. Кекса деҳқон Ҳамдамқул Одилов, таниқли ўқитувчи Ҳабиба Тоҳировалар фарзандларини доимо дуо қилишарди, ишлари ўнгидан келишини Аллоҳдан сўрашади. Гарчи улар ҳозир ҳаётда бўлмасаларда уларни билганлардан, албатта дуо олади. Шунинг учун бўлса керак, унинг тадбиркорлик ишларида барака бор. Ишдан бўш пайтларида туғилиб ўсган Шўрбойи маҳалласи тадбирларида қатнашади. Йўлларни ва қабристонни тартибга келтириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари қурилишига кўмаклашади, якка-ёлғиз, ногиронлар ҳолидан хабар олиб, уларга қўлидан келганча моддий ёрдам беради.
Бахтиёржон раҳматли отаси айтиб кетган бир ривоятни тез-тез эслайди. Унда айтилишича бир киши пайғамбаримиз (с.а.в)ҳузурларига бориб очликдан силласи қуриб бораётганини айтади. Шунда Расули Акрам:
- Отанг нима иш қилган? - дея сўрайдилар. У жавоб бермагач, - бор бўлмаса, савдогарлик қилгин, - дейдилар.
Савдогарликда ҳам иши юришмагач яна келади. Пайғамбаримиз бу сафар унга деҳқончилик қилишини тайинлайдилар. Деҳқончиликни билмаган йигит ишида унум бўлмайди ва қарзга ботади. Бу сафар ҳам келганида:
- Икки марта сўрадим, жавоб бермадинг, - дейдилар. - Айт, отанг нима иш қилган.
Йигит эса кўзида ёш билан отаси қароқчи бўлганини айтади.
- Унда бор, сен ҳам қароқчилик қил!
- Ахир... Ахир қароқчи халқнинг ашаддий душмани-ку! Мен қандай бу касбни танлай? Уни тилга олишнинг ўзи гуноҳ...
- Сен эса диёнатли, андишали ва инсофли бўл!
Йигит охири келиб қароқчиларга қўшилади. Унинг отаси қароқчиликда ном чиқаргани учун уни қабул қилишади. Кўп ўтмай чўлда катта карвон келаётганини эшитган қароқчилар уларга ҳужум қилиб, одамларни асир олади.
- Бойлик жуда кўп экан, - дейди қароқчилар сардори ва ёнида турган йигитга қараб, - бу одамларни дарё ёнига олиб борда, ҳаммасини ўлдир, - дейди.
Йигит уларни дарё ёнига келтиради.
- Мени кечиринглар, касбим шу, лекин пайғамбаримиз диёнатли, инсофли бўл, деганлари учун сизларни қўйиб юбораман. Шу дарёдан ўтиб уйларингга боринглар, болаларинг билан тинчгина яшанглар ва қайтиб бу томонларга келманглар.
- Раҳмат, диёнатли киши, - дейди карвонбоши. - Корвондаги кўзаларда заҳарли овқат бор. Сен уларни тановул қилма.
Йигит қайтиб келиб қараса кўзи оч қароқчиларнинг ҳаммаси овқатни еб ўлиб ётишарди. Тирик жон йўқ. Бир олам бойлик билан қайтиб кетган йигит яхши ҳаёт кечиради, уйли, оилали бўлади. Лекин қароқчилик қилмайди. Ҳа, ота касби туфайли, инсоф билан иш қилгани учун умрининг охиригача бой ва бадавлат ҳаёт кечиради. Бахтиёржон ҳам ота касби билан элга танилди.
Халқ депутатлари туман Кенгашининг депутати сифатида эса сайловчилари билан тез-тез учрашиб, улар томонидан билдирилган талабларни бажаришга ҳам вақт топа билади. Президентимиз томонидан эътироф этилган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да сайлов округи ҳудудидаги аҳоли хонадонларида бўлиб, улар билан мулоқот асносида яшаш шарт-шароитлари билан танишади. Хуллас, ҳамманинг дардига малҳам бўлади. Кўпнинг дуоси дарё, деганларидек, элини бахтиёр айлаб, улар таҳсинига мушарраф бўлаяпти.
- Инсон ҳалол тер тўкса, халқим, юртим дея интилса, албатта, эъзоз топар экан, - дейди Бахтиёр Одилов. - Мен ҳам халқим ҳурматига эришдим. Бундан кейин ҳам баракали меҳнат қилиб, халқим хизматида бўламан.

Нормамат ОЛИМОВ


Дата добавления: 22/12/2017 15:54;   Просмотров: 1212
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку