Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ғоя ва мақсадлари билан уйғун ҳамда ҳамоҳанг равишда маданиятимиз, маънавият соҳалари юксалиб бораяпти. Шуларни ёзар эканман, собиқ Шўро давридаги айрим нуқсонлар кўз ўнгимда намоён бўлади. “Ривожланган социализм” дея аталган даврда ҳам мутелик ҳукм сурарди. Ҳатто бозорлардаги олди-соттилар ҳам мажбурий эди. Яъни хоҳласак-хоҳламасак бор нарсанигина сотиб олишга мажбур бўлардик. Бундан ташқари юқори мансабу поғоналарга кўтарилишу ишлаш учун коммунистик партия аъзоси бўлишга мажбур эдик. Натижада миллий қадриятларимиз йўқола бошлади. Анъаналаримиз, расм-русумлар коммунистик ғоя таъсирида ғарқ бўлди.
Ватанимиз мустақилликка эришгунга қадар халқимиз минг йиллик анъаналарини тиклаш орзуси билан яшади. Истиқлолга эришилгач барча жабҳаларда аслиятга қайтиш учун шароитлар яратилди. Бўшаб қолган мафкура ўрни тўлдирила бошланди. Лекин, бу йўлда бир қанча муаммоларга дуч келдик. Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур бўлмоқда:
биринчидан – йўқолган миллий қадриятни қарор топтириш;
иккинчидан – иқтисодиётни юксалтириш учун миллий ғояни кучайтириш;
учинчидан – йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш.
Мустақиллик шарофати билан дунё халқлари юртимизга ташриф буюриб, одатларимиз, расм-русумларимизни ўрганаяптилар. Шу билан бирга юртимизга айрим бегона, ёт ғоялар кириб келмоқда. Айрим ёшлар ушбу ғояларга эргашиб, менталитетимизга тўғри келмайдиган ишларга қўл урмоқдалар. Биргина Ҳаж сафарини олайлик. Шўролар даврида Ҳажга бориш тақиқланганди, эндиликда, зиёлилар, ҳатто оддий инсонлар ҳам ҳажга бориб келаяпти. Шу ўринда бир савол туғилади. Ўша Ҳаж сафарига отланган одамлар маҳалла тадбирларида фаол қатнашадими, бемор, бечора кишиларга кўмак берадими? Ҳеч бўлмаса оиласидагилар таъминотини яхшилаб, болаларини эсли-ҳушли қилиб тарбиялаганми?
Яқинда бир киши Ҳаж сафарига отланди. Дарвозасидан чиқиши ҳамон унга қараб қўшнисининг ўғли югуриб келди.
– Амаки, отамнинг аҳволи оғирлашиб қолди. Дори харид қилиб келай десам, пулим йўқ. Озгина пул бериб туринг, кейин қайтараман.
– Э, ўғлим, менда пул нима қилади,-жавоб қайтарди у. – Бор, бор, мени йўлдан қолдирма.
Ҳалиги киши Ҳажга борди, амалларни бажариб уйига қайтди. Қараса, қўшнининг дарвозаси олдида тумонат одам. Билса оғир хасталикдан, қисқаси зарур дорини топиб истеъмол қилолмаганликдан қўшниси вафот этибди. Уйига кириб кийимларини алмаштириб чиққан “Ҳожи” таъзияга ўтди. Кўпчилик у билан кўришмади, ҳатто соғ-омон бориб келдингизми ҳам демади. Хўш, бу акамизнинг Ҳажи қабул бўлдими? Ҳамма ҳам бу саволга “Йўқ!” жавоб қайтариши тайин.
Ҳа, айрим кишилар савобни, хайр-саховатни унутиб қўйган. Бу ҳам собиқ Шўронинг касофати. Лекин, оз бўлсада маҳаллаларимизда маънавияти кучли, эл ташвиши билан елиб-югурадиган инсонлар бор. Улар Ҳаж сафари учун йиққан пулларини маҳаллага сарфламоқдалар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва маънавий кўмак бераяптилар. Буни мен истиқомат қилаётган Равонак маҳалласи мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Маҳалладан Ҳажга бориб келган ҳожилар фронт орти фахрийлари, касал ва якка-ёлғиз кишиларга мурувватлар кўрсатишмоқда, маҳалла ободончилигига, тўй-маъракаларнинг тартибли ўтишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Қани энди бошқалар ҳам шундай хайрли ишларга бош қўшса. Бу билан Мустақиллигимиз мустаҳкамланиб, юртимиз янада равнақ топарди.
Тўрабек ИСКАНДАРИЙ,
Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.