Давлатимиз раҳбари 2018 йил 23 июнь куни Олмазор туманига ташрифи давомида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича барча даражадаги вазифаларни баён этди. Ўз навбатида, парламент, маҳаллий депутатлик корпуси ҳамда жамоат ташкилотларига мазкур масалалар ижроси юзасидан таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш вазифаси топширилди.
Дар ҳақиқат, маҳаллаларда хонадонма хонадон айланиб чиқиш асносида ўнлаб қаровсиз, бўш турган бино ва иншоотлар аниқланаётганлиги, кўплаб тадбиркорлар ўз фаолиятини кенгайтириш ҳамда инвестиция жалб қилиш учун ер, қўшимча биноларга эҳтиёж сезаётганлиги, саноатни, кичик бизнесни ривожлантириш орқали туманимиз аҳолиси, айниқса, аёллар ва ёшлар учун юзлаб иш ўринларини яратиш мумкинлиги ўтган ҳафта шанба куни Оҳаликда ўтказилган навбатдаги сайёр қабул жараёнида аниқланди. 2та спорт соғломлаштириш мажмуаси, 1та нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 1та хусусий дорихона, 1та мактабгача таълим муассасаси, 2та тикувчилик ва тўқимачилик, 1 та ҳаммом, 1 та тиббий хизмат маскани, 1та чорва жуни ва терисига ишлов бериш, 2та савдо шохобчалари, 1та Нуроний маскани, 1та деҳқон хўжалиги фаолиятини йўлга қўйиш истаги билан мурожаат этган фуқароларга қонуний, тушунтириш берилиб имтиёзли кредит ажратиш ҳал этилди.
Қабулда рўйхатдан ўтган 61 нафар фуқароларнинг 85 фоизи ўзининг турли оилавий ва шахсий муаммолари ечимига йўл топди. Қолган масалалар жиддий ўрганиш ва қонуний ҳал этиш учун мутасадди ташкилотлар зиммасига юклатилди. Миронқулдан Х.Аҳадова, З.Сафарова, Янгижойлик М.Амриева, Оҳаликдан Х.Боймаҳмадовага ногирон фарзандлари учун аравача ва тиббий ёрдам масаласи ижобий ҳал этилди.
Жаҳонобод қишлоғида Манзура Азизованинг мурожаати билан, яъни тикув цехи очиш лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Қабул куни 20 дан зиёд ёш йигит-қизларнинг ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этиши қувонарли ҳол бўлди. Бу «Ёшлар - келажагимиз» Давлат дастурининг амалдаги ифодасидан дарак эмасми? «Замон сени эмас, сен замонни бошқар» деган доно ҳалқимиз.
Сайёр қабул ниҳоясида туман ҳокими Ш.Жамолов барча сектор роҳбарлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, маъмурий органлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбар ходимлари, масъул мутахассисларининг яна бир бор шахсий жавобгарлик ва қатъий интизомга чақириб, жойлардаги реал ҳолат, муаммо ва камчиликлардан нафақат хабардор бўлиб туриш, балки уларни чуқур ўрганган ҳолда бартараф этиш, одамлар арз-додига вақтида жавоб хат йўллаш, қонун ва ҳуқуқий нормалар тарғиботини кучайтириш каби масалаларга тўхталиб ўтди.
Айрим фуқароларнинг ҳамон боқимандалик кайфиятида ҳаёт кечириш, фаолиятдан йироқ, еб тўймас нафс асири бўлиб қолаётгани, фақат «бер, устингдан ёзаман, бажар, ҳал қил, бўлмаса ўзингдан кўр» деган дағдаға билан раҳбар ходимга зуғум -заҳар сочиши қайси инсоний фазилат, қонуний меъёрларга сиғади? Айниқса аёл шундай иш тутса, ғазаб-нафратдан портлаб кетасан киши.
«Ер туйса ҳам сен тўймадинг, одамзот» дегинг келади, бундай кишилар шаънига.
Ҳурматли газетхон, қадрли юртдош! Сўзимизни бундай оҳанг ва хулосалар билан якунлаганимизга асос бор. Атрофга зийрак кўз билан боқиб жамият ривожи, эл, халқ шижоати, фидойилиги, сайъ-ҳаракатига таҳсинлар айтиш ўрнига, адоват, лоқайдлик, андишасизлик, беҳаёлик, ғаразгўйлик, асаббузарлик, қўштирноқ ичида «ёзувчилик»ни касб этган нопок кимсаларга «расвою шарманда, бадному беобрў бўлишни истамасанг, халқ билан бўл, эл қатори юр, ҳаддингни бил, андиша қил» деймиз, холос.
Кўзи тўймаган кишининг охири вой, уни Оллоҳ ҳам кечирмайди, бандаси ҳам.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.