Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЭЛЕКТРИКЛАРГА РАҲМАТНОМА

Раҳмат эшитиш яхши-да. Газета, теле-радио, борингки, оддий шикоятлар дафтари орқали бўлса-да раҳматнома эшитмаган касб ёки соҳа эгалари кам топилади. Ўлиб-тирилиб ишласанг-у биров меҳнатингни қадрламаса, одамга алам қиларкан. Лекин, сиз, электрчилар нега бугун ҳеч кимдан раҳмат эшитмай қўйдингиз?!

Мен шахсан сизларга раҳмат айтмоқчиман. Бундан балки, бир оз шубҳага ҳам борарсиз – бу кимса нега бизга ташаккурнома йўллаётган экан, деб. Балки, “Ҳойнаҳой шу боланинг электрдан катта миқдорда қарзи бор ёки унинг яқинларидан бири “электросет”да ишласа керак”, деб ҳам ўйлагандирсиз. Инчунин, сўнгги вақтларда айнан сиз, “ҳожатбарор”ларга нисбатан каминада бунчалик меҳр уйғонгани сабабларини ёзаётганларимиз давомида билиб оласиз.
Онамга қўнғироқ қилдим:
– Ассалому алайкум, онажон!
– Ваалайкум ассалом, ўғлим яхши...
“Узилиб” қолди. Қишлоқда “антенна” бўлмаяпти, деган хаёлда рақамни теравердим, теравердим. Фойдаси бўлмади. Эртаси куни тонгда боғланишга мушарраф бўлдим. Телефонларингиз нега ишламайди, десам “уйда ток йўқ” дейишди. Айтишларича, ўша куни тонг азонданоқ, бир неча дақиқа ёнган электрдан фойдаланиб, зўрға “заряд” олишибди. Қишлоқдошларимдан ранжидим. Нима, ток бор экан, деб уйдаги ҳамма телефонга қувватни биратўла олдириш шартми? Бунақада тоғ ҳам чидамайди-ку! Битта телефон ишласа бўлди-да. Ҳаммада “сотка” бор - саксон ёшли бувимдан тортиб, бошланғич синфга борадиган жиянимдаям.
Шу воқеа сабаб англадим - сиз, электр тармоқлари мутасаддилари кишилар соғлиғи, давлат манфаатини ўйлаб шундай қилмоқдасиз. Ахир, телефоннинг инсон саломатлиги учун кони зарарлиги бугун кундек равшан. Бутун дунё мутахассислари шу муаммо устида бош қотиришмоқда – телефонни яратишга яратдиг-у унинг иллатларидан инсониятни ҳимоя қила олмаяпмиз. Қойил, бу муаммони сиз осонлик билан ечмоқдасиз! Қувватсиз телефоннинг нима зарари бор – сизга раҳмат!
Яшанг, сиз, “светчи”лар шарофатингиз билан ҳозир аёлларимиз анча тинчиб қолишди. Тасаввур қилинг, худди корейс аёлларига ўхшаб, соатлаб жим ўтиришади. Асосийси, қулоқ тинч. Бунинг учун ҳам сизларга раҳмат. Катта муаммодан халос этдингиз бизни.
Агар, жа чидолмай кетиб, биз, эркаклар дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлгимиз келиб қолса, бунинг ҳам йўли бор. Бир литр солярканинг нархи фалон минг сўм турса-да телевизор кўришнинг иложини топяпмиз. Фақат аёлларимиз уйқуга кетган вақти.
Айтганча, сизларнинг шарофатингиз билан қишлоғимиз мактабидаги компьютерлар жамланмаси мана, саккиз йилдирки яп-янги. Шу кетишда яна кўп йил “хизмат қилиши” кафолатланган. Бунинг учун кўпчилик номидан яна бир бор раҳмат сизларга.
Туни билан чироқ ёғдусида шуларни ёздим-у эрта тонгдаёқ муҳим бир тадбирим борлиги ёдимга тушди. Ўша тадбирга бориш учун мўлжалланган кийимларим кечаси ювилган. Аёлим эрталаб менга шумшайиб турибди. “Ҳа”, десам “свет йўқ” дейди. Вақт оз, нима қилиш керак? Рафиқа йўлини топди – беш дақиқада кўз олдимда кўйлагимни дазмоллаб берди. Қандай қилиб дейсизми, унда рецептини ёзиб олинг: бунинг учун бизга керак бўлади – хотин, дазмол, газпечка ёки кўмир. Дазмолни оласиз, газпечканинг устига қўйиб, қизитасиз? Қораси юқмаслигига эътибор қилсангиз, кифоя. Озгина вақт ичида дазмол қизийди ва “гуриллатиб” кийим-бошни дазмоллайсиз.
Хурсандман! Сизлар сабаб аёллар тадбиркор, ишбилармон, ҳар ишнинг уддасидан чиқа бошлаяпти. Керак бўлса, кашфиёт қилишяпти. Раҳмат сизларга. Кўпчилик номидан раҳмат. Ҳа, айтганча, юқорида дазмолни газпечканинг устига қўйиш ҳақида гапирдик. Газпечка ҳақида бошқа сафар...

И.ПЎЛАТОВ


Дата добавления: 18/08/2017 14:36;   Просмотров: 1324
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку