Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЭЛ ДАРДИГА ДАРМОН БЎЛАЙЛИК

Бу галги сайёр қабул ўтган ҳафта шанба куни Қуйи Чордара МФЙ марказида бўлиб ўтади. Уни туман ҳокими Ш.Жамолов кириш сўзи билан очди ва муҳтарам Юртбошимиз илгари сураётган инсонпарварлик сиёсатининг асл мақсад-моҳиятига тўхталиб ўтди.

- Бу ерда мендан бошлаб, ҳар бир ташкилот, ҳуқуқ-тартибот ва бошқарув идоралари раҳбарлари, етакчи мутахассис ходимлар, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоатчилик назорати вакиллари халқ олдидаги бурч-масъулиятини чуқур англаган ҳолда жойлардаги ҳақиқий ҳолат, реал вазиятни кўпроқ ўрганиб, муаммолар ечимини излаш, топишга эришсагина, одамларнинг ҳақли эътирози, талаб-муддаоси бирин-кетин ҳал бўлиб бораверади. Мурожаатлар рўйхатга олингач, белгиланган муддат ва тартиб доирасида кўриб чиқилса, фуқароларнинг давлатдан рози бўлишига олиб келади, ортиқча сансоларлик, оворагарчилик, қоғозбозликлар барҳам топади. Халқимизда «Меҳр кўзда» деган ажойиб ибора бор. Юзма юз мулоқот, қалб садосини тинглаш, муаммоларни жойида ўрганиш ва ҳал қилишга нима етсин.
Мана шундай руҳда бошланган қабул жараёнида 31 нафар фуқаро 40 га яқин масалани ўртага ташлади. Мурожаат этувчилар орасида 2-3 маротаба келганлар ҳам аниқланди. Яна ўша масала, яна ўша арз-додлар. Ижрочи идора ва ходимларнинг турли баҳоналар билан ишни пайсалга солишларидан мақсад нима ўзи, тушунмадик. Тўғри, бир хил муаммолар борки, тезда ҳал этилмайди, вақт, маблағ, қонуний ечим талаб қилади. Аммо...
Бугунги кунда тадбиркорлик учун ер ажратиш, ариқ-зовурларни тозалаш, томорқани ичимлик суви ўрнига оқар сув билан таъминлаш, содир этилган жиноят ва айбдорларни фош этиш, ер майдонини ҳужжатсиз, ноқуниний ўзлаштириш, имтиёзли кредит ажратиш, оилавий низолар билан шуғулланадиган мутасадди ташкилот ва ходимлар талайгина, аммо ҳамжиҳатлик, қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик каби фазилатлар гапнинг очиғи, сезилмаяпти.
Таъкидлаш жоизки, сайёр қабул бу фақат аҳолини тинглашдан иборат эмас, мавжуд амалдаги қарор ва қонунлар моҳиятини кенг тушунтириш, одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, юрт, маҳалла тақдирига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашга қаратилган таъсирчан воситадир.
Қабулдан олган таассурот ҳар биримизни Ватанга садоқат, ғайрат-шижоат, фидойилик ва элсеварликни амалда кўрсатишга ундашидан мамнунмиз.

Н.КАРИМОВ


Дата добавления: 09/05/2018 14:15;   Просмотров: 1068
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку