Коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чоралар ташқи савдо юклари ҳаракатига таъсир кўрсатмайди.
Бугунги кунда жаҳоннинг 118 тадан ортиқ мамлакатларида коронавирус инфекцияси қайд этилган бўлиб, инфекция билан боғлиқ халқаро эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, республикамиз ҳудудига коронавирус кириб келиши, тарқалиши олдини олиш ҳамда аҳолининг санитар - эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида, бир қанча тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузурида мазкур масалага бағишлаб ўтказилган йиғилишда, 2020 йилнинг 16 март кунидан бошлаб Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракатини вақтинча тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинди.
Мазкур йиғилиш тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг, айрим ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан экспорт-импорт тартибида транспорт воситаларида ташилаётган юклар ҳам чегарадан ўтказилмас экан-да деган ортиқча хавотирлар билдирилмоқда.
"Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур чекловлар юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортларида юк ташиш билан шуғулланувчи шахслар, уларнинг транспорт воситалари ва ташилаётган ташқи савдо юкларига тааллуқли эмас".
Чегара ўтказиш ҳудудларида мазкур ташувларни амалга ошираётган шахслар ва уларнинг транспорт воситалари тегишли тартибда текширувлардан ўтказилиб, республикамиз орқали ҳаракатланишига рухсат берилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида товарларнинг ташқи савдо ҳажми 4,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.
Шунингдек, республикамизга жами 36 096 та автотранспорт воситаларида 671,5 минг тонна товарлар ташуви амалга оширилган.
Темир йўл орқали эса 1 164 та вагонларда 79,6 минг тонна товарлар олиб келинган.
Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.
Шу билан бирга, мазкур масалаларга оид ҳар қандай мурожаатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг туну-кун фаолият кўрсатувчи 11-08 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин.
ХОМАШЁ ВА МАТЕРИАЛЛАРНИ ИМПОРТ ҚИЛИШДА БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИНИ 120 КУНГАЧА КЕЧИКТИРИБ ТЎЛАШГА РУХСАТ БЕРИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 мартдаги 136-сон қарори билан 2020-2021 йилларда ички ва ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тасдиқланди.
Дастурга автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ва электротехника соҳалари учун юқори технологияли мураккаб тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари уларни техник-иқтисодий асослаш кўрсаткичларида лойиҳанинг камида 50 фоизи амалга оширилганидан сўнг маҳаллийлаштириш даражаси назарда тутилиши шарти билан киритилиши зарур.
Иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг прогноз параметрларига кўра, 2020-2021 йилларда:
- 2371 та лойиҳалар амалга оширилади;
- 30,3 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади;
- 3,1 млрд. АҚШ доллари қийматидаги импортнинг ўрни босилади;
- 351,6 млн. АҚШ доллари қийматидаги экспорт амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлар турларини ўзлаштираётган ташкилотларга ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилишда божхона тўловларини божхона декларацияси расмийлаштирилган кундан бошлаб (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 120 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилган.
Вилоят божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.