ва... уни сақлаш йўлида нималар қилинаётгани хусусида
“Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 50-модда.
“Ахборот тЎри”га
“илинган” хабарлар
Бугунги кун табиати, унинг флора ва фауна дунёси ҳақида гап кетар экан, долзарблик касб этган глобал экологик муаммолар киши хаёлини банд этмай қўймайди ва ҳар қандай журналист бу борада қалам тебратар экан ишни, албатта, интернет “титиш”дан бошлайди. Мен ҳам шундай қилдим ва қуйидаги маълумотларга дуч келдим.
Биринчи хабар.
Табиатни муҳофаза қилиш халқаро уюшмаси (IUCN) президенти Ашок Хосланинг Москвада журналистлар билан бўлган учрашувда баён қилишича, она сайёрамиз биосферасида жонзотлар оммавий қирилишининг олтинчи мавсуми кузатилиши мумкин экан.
Бу кўплаб жонзот тури йўқ бўлиб кетишини англатади. Ушбу қирилиш ерда ҳаёт пайдо бўлганидан бери юз берган олтинчи қирилиш мавсумидир. Бешинчи қирилиш мавсумида динозаврлар буткул йўқ бўлиб кетган эди.
А.Хосла шуни ачиниш билан таъкидладики, сайёрамизда биохилмахилликлар тобора камайиб бормоқда: бир кеча-кундузда бир неча турдаги жонзот йўқ бўлиб кетмоқда. Бундан ташқари, табиий ёнғинлар ва дарахтлар шафқатсизларча кесилиши оқибатида кунига 50 гектарга яқин майдондаги ўрмон бой берилмоқда, қишлоқ хўжалиги учун яроқли 20 минг гектар майдон эса тупроқнинг эрозияга учраши ва чўлланиш оқибатида саҳрога айланаётгани кўз ўнгимизда содир бўлмоқда.
Шу боис ҳам дунё халқларини огоҳликка чақириш, экологик мувозанатни сақлаш биринчи галдаги вазифалар сирасига киритилиши зарур ва шартлиги дунё жамоатчилиги эътиборига қайта-қайта ҳавола этилмоқда.
Иккинчи хабар.
Иқлим ўзгаришлари ҳам айнан одамзоднинг табиатга таъсири натижасидир. АҚШ мутахассислари дунё океанлари оламининг 40 фоиздан зиёди айнан инсон таъсири оқибатида зарар кўрганини таъкидламоқдалар.
Жумладан, дунё океанининг атиги 4 фоизигина ўзининг табиий муҳитини асл ҳолича сақлаб қолган экан, холос.
Учинчи хабар.
Табиатни ҳимоя қилиш халқаро уюшмаси (IUCN) президенти баён этишича, 2050 йилдан кейин дунё балиқчилик соҳаси ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади. Негаки, дунё океан ва денгизларидаги балиқ ресурслари тугаб бўлади.
Тўртинчи хабар.
Бугунги кунда Ер юзи атмосферасидаги “парник газлари” миқдори бу оламда инсоният пайдо бўлгандан кейинги тарихи давомида энг юқори даражага етган. Олимларнинг ҳисоб-китобича, жаҳон уммонида сув сатҳи 1880 йилдаги даражага қараганда 21 сантиметрга кўтарилган, ҳаво ҳарорати эса юз йил аввалгига нисбатан 1 даражага ошган.
Бешинчи хабар.
Ҳавода заҳарли газлар миқдори кўпайиши натижасида қушларга қирон келмоқда. Кейинги 30 йил ичида Европада қушларнинг юздан зиёд тури йўқолган. Шимолий Америкада эса сўнгги 40 йилда қушлар тури икки бараварга камайган.
Вазиятдан хулоса чиқарган ҳолда мутахассислар жаҳон жамоатчилигини ҳавога заҳарли газлар чиқарилишини камайтиришга чақирмоқда.
Олтинчи хабар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида жойлашган, суви оқиб чиқиб кетмайдиган, шўр сувдан иборат денгизсимон кўл — Орол денгизи инсоният кўз ўнгида нобуд бўлмоқда. 1960 йилгача унинг майдони 66,1 минг квадрат километрни ташкил этган бўлса, бугун у 36,5 минг квадрат километргача қисқарган. 1995 йилга келиб Орол сувининг 4 дан 3 қисми йўқолган, яъни 40 мартага камайган, денгиз сатҳи 29 метрга тушиб кетган. Денгиз қирғоқлари 45 минг квадрат километр тузли саҳро қолдириб, 180-200 километр ичкарига чекинган. Буларнинг бари собиқ иттифоқ даврининг табиатга антропоген таъсири оқибатидир.
Келтирилган мазкур маълумотлар ваҳима уйғотиш учун эмас, балки мушоҳадага чорлаш мақсадида баён этилди.
Тартибнинг бузилиши
муаммони келтириб
чиҚаради
Инсоният ХХ аср охирларига келибгина ғоят мураккаб муаммолар қаршисида турганлигини тушуниб етди. Унинг учун ниҳоятда ўткир ва долзарб бўлиб турган глобал экологик муаммолар қуйидагилардан иборат:
иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши;
чўлланиш ва ернинг деградацияси;
биохилма-хилликларнинг қисқариши;
ичимлик сувининг ифлосланиши ва етишмаслиги;
аҳоли сонининг ортиб бориши;
ортиқча ҳажмдаги чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши ва уларни зарарсизлантириш муаммолари;
ўрмон ва тупроқ инқирози.
Экологик муаммолар дунё миқёсида кўриб чиқилаётган иқтисодий-ижтимоий-сиёсий масалалар қатори ўта долзарблик касб этиб бормоқда. Буни, аввало, БМТ томонидан айнан табиатни асрашга эътибор қаратиш учун алоҳида саналар белгиланганида ҳам кўриш мумкин. Масалан, 21 мартда Халқаро Она сайёра куни дунё бўйича нишонланса, 22 мартда Халқаро оби-ҳаёт куни, яъни Бутунжаҳон сув куни 1992 йилдан буён БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Конвенцияси иштирокчилари қарорига мувофиқ нишонлаб келинади. 1 апрель эса Халқаро қушлар куни (1906 йилдан буён), 22 апрель — Халқаро оламни асраш куни (1990 йилдан) ва Халқаро ерни муҳофазалаш куни (1992 йилдан), 22 май — Халқаро биохилма-хиллик куни (2000 йилдан), 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни (1972 йилдан), 17 июнь — Умумжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни (1994 йилдан), 16 сентябрь — Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни (1994 йилдан) сифатида кенг нишонланади.
Шуниси қувонарлики, кўпгина мамлакатларда экологик муаммолар қамровини камайтириш борасида салмоқли ишлар бошланиб, махсус экологик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Буни Европанинг бир қанча давлатларида, кунчиқар мамлакатларда ва ҳатто айрим араб давлатларида атом электр станцияларидан ҳамда одатдаги кўмир ва мазут ҳисобига ишловчи электр энергияси станцияларидан воз кечиб, муқобил энергия тизимига ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўлида амалга ошираётган ишларида кўриш мумкин. Бундан ташқари, наботот ва ҳайвонот оламини асраш, ўрмонлар захирасини сақлаш, чиқиндиларни бартараф этиш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ҳиссанинг залвори
ва салмоҒи
Бизда ҳам мустақиллик йилларида экологик муаммоларни ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича бой тажриба тўпланди. Жумладан, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги Рио декларациясини имзолагани ва бошқа кўплаб экологик йўналишдаги халқаро шартномаларга қўшилгани бу борада олиб бораётган ишлари салмоғи, оламни асрашга қўшаётган ҳиссаси залвори нечоғли эканлигини кўрсатиб турибди.
Табиий ресурслардан оқилона фойдаланишдек ижтимоий муносабатлар давлатимизнинг 30 дан зиёд қонун ва 300 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлари билан тартибга солинган.
Алимқул СУЛТОНОВ,
журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.